Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ҳусан ТУРСУНОВ

09.02.2017


«ХАТ БИЛАН ЧИҚИНГ!»

Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, журналист кўпгина ташкилотлар мутасаддиларига маълумот олиш учун мурожаат этганида "Хат билан чиқинг", деган жавобни олади. Бу қанчалик тўғри?

Нотўғри, албатта. Чунки "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 4-моддасига асосан мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкинлиги белгиланган. Ушбу Қонуннинг 5-моддасида эса мурожаатлар, уларнинг тури ва шаклидан, яъни оғзаки, ёзма ёки электрон кўринишда бўладими, бундан қатъи назар, бир хил аҳамиятга, бир хил кучга эга эканлиги қайд этилган.

Қолаверса, "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонунга кўра ҳам давлат ҳокими-яти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборотни олиш учун бевосита ёхуд ўз вакиллари орқали сўров билан мурожаат этиши мумкинлиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров ахборотдан фойдаланувчининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этиш ҳақида ушбу органларга ёки уларнинг мансабдор шахсларига йўлланадиган оғзаки, ёзма ёки электрон ҳужжат шаклидаги талаби эканлиги белгиланган.

"Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида"ги Қонуннинг  6-моддасига мувофиқ оғзаки сўровга, имкониятга қараб, дарҳол жавоб берилиши шарт.

Шунга кўра, қонун талабига асосан журналист бирор-бир ташкилотдан маълумот олиш учун ўз хоҳишига биноан оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, журналистнинг оғзаки сўровини "расмий хат билан мурожаат қилинг", деб рад этиш мумкин эмас.

Яна шундай ҳолатлар учрайдики, журналист бирор-бир ташкилотга журналист текшируви ўтказгани борса, гувоҳномасидан ташқари буйруқ ёки юқори ташкилотдан берилган рухсатномани сўрашади. Аммо бу мумкин эмас. Чунки "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ журналист ўз касбига доир  фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист текшируви ўтказиш ҳуқуқига эга. Журналист ўз текширувларининг натижаларини оммавий ахборот воситалари орқали тарқатишга, уларни давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларга ихтиёрий равишда тақдим этиши мумкин. Журналист текшируви даврида у қўлга киритган материаллар ва ҳужжатлар олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра журналистнинг сўров билан мурожаат қилиш ва зарур ахборотни олиш ҳуқуқи бузилиши жавобгарликка сабаб бўлади.

Давлат журналистга ахборотни эркин олиши ва тарқатишини кафолатлайди, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Газетада танқидий мақола чоп этилди. Бизни танқид қилишга қандай асосинг ва нима ҳаққинг бор каби эътирозлар бўлади. Аслида эса Конституцияга кўра ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.

Журналистдан хабарлар ва материалларни олдиндан келишиб олишини, шунингдек, материал ёхуд хабарнинг матнини ўзгартиришни, шунингдек, уларни бутунлай нашрдан олиб қолишни (эфирга бермасликни) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида ахборот тўплаш, уни таҳлил этиш ва тарқатиш ҳамда ўзи тайёрлаган хабарлар ва материалларни оммавий ахборот воситалари орқали имзосини ёки тахаллусини қўйиб тарқатиш, уларда ўз фикр-мулоҳазасини ифодалаши мумкин. Энг муҳими, журналист ўзи тайёрлаётган танқидий материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши шарт.

Журналист дахлсизлик кафолатидан фойдаланади. Қонунчиликда журналистнинг ҳам шахс сифатида, ҳам журналистик фаолиятни амалга ошириш чоғида дахлсизлик ҳуқуқи кафолатланган. Хусусан, "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 8-моддасига асосан журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади. Танқидий материаллар эълон қилганлиги учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди.   Шунингдек, журналистнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланади. Давлат журналистга ахборотни эркин олиши ва тарқатишини кафолатлайди, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Шундай қилиб, журналистнинг дахлсизлик ҳуқуқи қуйидагилар орқали таъминланади:

- Конституцияга мувофиқ журналист ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга;

- қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари журналистнинг турар жойига кириш, тинтув ўтказиш ёки уни кўздан кечириш, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиш;

- журналистнинг Қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузиш, унинг журналистлик касбига доир фаолияти билан боғлиқ ҳолда шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилиш, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилиш;

- журналистга тазйиқ ўтказиш, унинг журналистлик фаолиятига аралашиш;

- журналистнинг материаллари ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйиш мумкин эмас ва журналистга нисбатан қилинган бундай хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланган.

Бу каби кафолатлар журналистнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиши, ҳаёт билан ҳамнафас яшаши ва элу юртнинг эртаси ҳақида қайғуриши, ҳақиқат учун курашиши йўлида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Ундан талаб этиладигани ўз вазифасини бажараётганда холислик, кафолатлардан фойдаланаётганда виждон амри билан иш тутиш, холос.

Ҳусан ТУРСУНОВ,

Вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи

Report typo