Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдиолим ЭРГАШЕВ

04.01.2018


ХАТОЛАРДАН ОЛИНГАН САБОҚЛАР

ҚАНДАЙ ДАРС ЎТАМАН?

Бу илм масканида ҳам домлалар зўр экан. Отамнинг: “Энди ўқиб одам бўласан”, деган гаплари олти йилдан буён қонга сингган, мактабни олтин медаль билан тамомлаганим боис ёмон ўқимасликка интилдим. Ҳар ҳолда илк ярим йилликда 75 талабадан “аъло”га якунлаган фақат мен бўлдим. У пайтлар талаба “танка” билан баҳо олмасди. Ҳеч қайси домла “ўғлимга”, “қизимга”, “неварамга”, “жиянимга” фалон баҳо қўй, деб ҳамкасбига, ҳатто қариндоши, дўсти бўлган ўқитувчига илтимос қилмасди.

Учинчи курсда амалиётга чиқишга, уни шаҳардаги 5-мактабда ўташга тўғри келди. Менда эса жиддий бир ўйлов: нима қиламан, қандай синфга кириб, қай тарзда дарс ўтаман?

Шундай пайтда доимо, ёшмисан-қаримисан, ҳаётдан олган сабоқларинг, билиминг, кўрган-кузатганларинг, эшитгану ўқиганларинг миянгда, тафаккурингда жамланади-да, ақлинг сенга йўл кўрсатади, кам бўлмайин, уялиб қолмайин, деган орият туйғулари ҳаракатга келади.

ДАСТЛАБКИ ДАРС

Ўтган асрнинг 80-йиллари. Вилоят раҳбарлари, нуфузли кишилар фарзандлари ўқийдиган 5-мактаб. Дастлабки дарсдан тўполончи бир бола жаҳлимни чиқарди. Охирги соат эди, танаффус бўлгач, барчадан тўхташни сўрадим ва эшик олдига ўтиб, ҳалиги тўполончи болани чақирдим. Келиб: “Нима ишингиз бор, келиб-кетувчи малим”,  деди. Билмайман, қандай қилиб шапалоқ тортиб юбордим ва ўзига келгунча: “Отанг ким, олдига борамиз”, дедим. У бўлса: “Бораверинг, бормаган сиз қолувдингиз”, деб жавоб қайтарди. Мен тезликда: “Бўпти, юр онангнинг олдига”, дейишим билан: “Онамни гапирманг”, дедию йиғлаб юборди. Синфдошларидан бири унинг онаси йўқлигини айтди. Мен боланинг қалб ярасини янгилаб қўйганимни билиб, афсус чекдим.

- Кечир, укам. Юр, ташқарига чиқамиз, - дедим. У изимдан юра бошлади. Аста-секин савол-жавоб қилиб, институт ёнигача келдик ва шу орада анча келишиб қолдик. Билганим шу бўлдики, отаси уруш ногирони бўлиб, ўқитувчиларнинг ўғлини ёмонлаб келишидан безиб, боласини ҳам бездириб қўйган экан. Тушлик қилиб, хонамга бордик. Ўн-ўн беш китобни кўрди-ю қизиқиб “Граф Монте Кристо” китобини ўқишга сўради. Китобни берарканман, “Индин ҳам дарсда бугунгидай ўтирасанми?” – дедим. У: “Йўқ. Сиз дарс ўтасизми? Қайси мавзуни ўтасиз?” – деб қизиқиб қолди. “Зайнаб ва Омон” поэмасини ўтишни айтиб, хайрлашдик.

Яна ўша синф, кузатувчилар. Дарсни бошлаб, “Зайнаб ва Омон” поэмаси ҳақида ким нима билади?” деб сўрадим. Энг аввал ўша тўполончи бола қўл кўтарди, рухсат олгач, турди-да, поэманинг биринчи қисмидан қирқ мисра ёд ўқиди. Унинг бадиий ўқиши ҳам, қўл кўтариб жавоб бериши ҳам кузатувчилар каби мени-да ҳайратлантириб қўйганди. “Аъло” баҳо қўйдим-да, дарсни давом эттирдим... Ана шу дарс, дарсдан сўнгги ўзимдан уч ёш кичик ўқувчилар меҳри, муносабати мени ўқитувчиликка боғлаб ташлади.

Илк сабоқда ўқувчининг кимлигини, оилавий ҳолатини билиб, муомала қилиш кераклигини англаб етдим. Мана ярим асрдирки, ўқувчи (талаба)ларга шу нуқтаи назар билан ёндашаман.

ҚОШ ҚЎЯМАН ДЕБ...

Тақдир йўллари шундай мураккаб эканки, кейинги фаолиятимни Деҳқонобод туманидаги 1-мактабда давом эттиришга тўғри келди. Бу даргоҳда таълим ўзбек, рус, тожик тилларида олиб борилар, юздан зиёд ўқитувчи ишларди. Салкам икки ставка иш беришди. Рус синфларига ҳам ўзбек тилидан дарсим бор эди. Бир йиғилишда рус тили ўқитувчиси менинг устимдан арз қилиб, ўн учта дафтарни директор олдига қўйди. Бу А.Арсёнова бўлиб, шикояти ўринли эди. Гап шундаки, мен амалдаги ҳуснихат қоидаларига амал қилмай, доскага ниҳоятда жимжимадору гажакдор ёзибман. Бу эса болаларга янгилик сифатида маъқул бўлиб, рус тилидан уйга берилган вазифани менинг усулимда ёзиб келибди. Ана шу хатоимдан ҳуснихат қоидаларига амал қилиш, ўқитувчи ўзини кўрсатаман деб орфографияни бузиши нотўғрилиги ва ўзга тажрибали ўқитувчи меҳнатини қадрлаш сабоғини берди.

“ДИРЕКТОРДАН ҚЎРҚМАЙМАН”

Менга 9 “б”-синф раҳбарлиги топширилган бўлиб, ўқувчилар билан тез келишиб кетдигу фақат бир ўқувчини тартиб-интизомга ўргатиш сал мушкул бўлди. У дарсларга кечикар, истамаса кирмас, бошқа фан ўқитувчилари эса синф раҳбари сифатида менга айтар, бу эса қўлингдан раҳбарлик келмаяпти, дегандек туюларди. Бир куни менга ҳам гап қайтариб, саркашлик қилгач: “Юр буёққа”, деб билагидан маҳкам ушладим-да, синфдан чиқариб, мактаб директори хонаси томон олиб жўнадим. Ўн беш-йигирма қадам юргач, йигитча: “Директорингиздан қўрқмайман”, деса бўладими. Ундан аввал ҳам директорнинг олдига кирганмисан, деб сўрадим. Боланинг ғурур билан таъкидлашича, отаси ревизор бўлиб ишларкан, директор барибир бир-икки дўқ уриб, отамга буни айтмайди, деди. Отаси билан ўзим бошқача гаплашишимни айтганимда, бола бироз паст тушиб, энди дарсларни қолдирмасликка сўз берди.

Шу ерда икки хатоимни англадим. Биринчиси, ўқувчи қалбига йўл топа олмай, мактаб раҳбари орқали қўрқитиб тўғри йўлга солиш бўлса, иккинчиси ота-она билан боғланмай, оиладаги вазиятни билмай муомала қилиш, тарбияга эришиш мумкин эмаслиги эди. Ўша куни унинг отаси иш жойини аниқлаб, кимлиги, феъл-атвори қанақалигини суриштириб иш жойига бордим. Хонасига киришим билан саломга алик олди-ю: “Сиз ўша ғузорлик ўқитувчи бўласизми? Хўш, ўғлим нима гуноҳ қилди?” – деди. Унинг бундай муомаласидан довдираб қолдим. Ишга келганимга энди ўн бир кун бўлса, мени қаердан билади? Ўғли айтган ва мактаб буфетию ошхонасини кузатишга келганда кўриб суриштирган экан. Бу муомаладан сўнг ўғлини ёмонламадим-да, ўқиши ва интизомини янада яхшилашда ёрдамлашишни илтимос қилдим. У ўзининг учта олий ўқув юртини битирганини фахрланиб айтиб берди, анча насиҳатини эшитдим. Асосийси, эртасидан бола ижобий томонга ўзгара бошлади. Олган бир сабоғим эса, ўқитувчи ота-она ҳузурига борганда, ўқувчи, яъни фарзанди ҳар қанча тўполончи, ўзлаштирмас бўлса ҳам, аввало унинг қайсидир яхши фазилатини гапириш керак эканлиги бўлди. Чунки улар ота-она бўлганидан боласи ҳақида, майли озгина бўлсин, мақтов сўзи эшитишга умид қилади. Шундан сўнг салбий жиҳатларни ҳам аста-секин, ётиғи билан, самимий, ишонарли айтсагина ўқитувчининг ўзи ҳам обрў-эътибор топади, ҳам ўқувчисини измига сола олади.

Яна бир олган сабоғим, ўқитувчи ўзи ўқитадиган, ўзи раҳбарлик қилган ўқувчилар қалбига ўзи масъуллигини унутиши, ўз вазифасини ўзгалар аралашувида бажариши обрўсини йўқотишга сабаб бўлишини англаш бўлди.

40-50 йил олдинги воқеаларни эслаш, хатолардан олган сабоқларни хотирлаш беҳудага эмас. Бугунги кунда ёш авлод тарбияси ҳар қачонгидан долзарб бўлиб, жамиятимизнинг устувор  вазифаси сифатида кун тартибига қўйилган бир пайтда ўқитувчию тарбиячилар аввало тарбияланувчиси, ўқувчиси, талаба дилига йўл топиши, уни ҳар томонлама билиши, фикри, қизиқиши, дардини англаб иш юритиши шарт. Мен таълим-тарбия соҳасида заррача ютуққа эришган бўлсам, илк хатоларимдан олган сабоқларимга узоқ йиллар эътиқод қилганимда бўлди.  

Абдиолим ЭРГАШЕВ, Қарши давлат университети доценти

Report typo