Дастлаб сув ёнғинни ўчирувчи асосий восита саналган. Кейинчалик эса йилдан йилга ёнғиндан ҳимояланиш малака ва техникаси ҳам такомиллашиб борди. Айниқса, жаҳонда саноат, иқтисодиёт тобора ривож топиши, йирик шаҳарлар шаклланиши ва улкан қурилишлар давомида оловни жиловлаш, ундан муҳофазаланиш ва хавфсизлик масалалари юқори ўринга кўтарилди.
Оддийгина эътиборсизлик ортидан келиб чиққан ёнғин натижасида инсоният учун жуда улкан моддий ва маънавий зарар етказилади, одамлар турли кўринишдаги тан жароҳати олади, баъзан улар ҳаётдан бевақт кўз юмади.
Сўнгги вақтларда вилоятимизда содир бўлаётган ёнғинлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, умумий ёнғинларнинг 70 фоизи аҳоли хонадонларида рўй берган. Мазкур ёнғинларга асосан фуқароларнинг ёнғин хавфсизлиги тартиб-қоидаларига бефарқ муносабатда бўлаётгани сабаб бўлаяпти. Мисол учун, оилада ёши катталар "ҳечқиси йўқ, ўрганади", деган ўйда ёш болаларни олов ёки ёнғин келиб чиқиши мумкин бўлган воситаларга яқинлашишига имкон берадилар. Яъни уларга тез-тез "газга чой қўй", "тандирга олов ёқ", "телевизорни қўш" каби буйруқ беришимиз сир эмас. Лекин озгина эҳтиётсизлик ҳам аянчли оқибатларга олиб келиши кўп бора ўз исботини топган. Устига устак, ёш болалар уйда ёлғиз қолганида, ёши катталарнинг назоратисиз айрим хавфли ишларга қўл урмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.
Бундан ташқари, айрим фуқаролар кўча-кўйда болалар гугурт ўйнаб турли чиқинди ва бошқа нарсаларни ёқаётганликларини кўрса-да, бефарқ ўтиб кетишади. Шунингдек, кузатишлар натижасида шу нарса аён бўладики, аҳоли томонидан чорва учун жамланган сомон, хас-хашак ёки ғўзапоя ва ўтинлар кўп ҳолларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда турар жойларнинг ертўла, том қисмида ва ҳовли ўртасида, яъни махсус белгиланмаган жойларда сақланмоқда. Ваҳоланки, бундай ҳаракатлар ёнғин келиб чиқиши ва тез тарқалишига имкон яратувчи асосий омиллардан саналади.
Ачинарлиси, айрим одамларнинг масъулиятсизлиги, фарзандларини уйда назоратсиз қолдириши оқибатида мурғак болаларнинг ёнғинларда куйиш, турли тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари ҳам учрайди. Шуни унутмаслик керакки, эртага афсус чекмаслик учун ёнғиннинг олдини олиш имкони бор. Бунинг учун аввало ҳар биримиз ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишимиз, газ ва электр тизимидаги носозликлар фақатгина мутахассислар томонидан таъмирланишига эътибор қаратишимиз, уйдан чиқишда барча электр ва газ асбобларини манбадан ўчиришни унутмаслигимиз ва энг муҳими, ёш болаларни назоратсиз қолдирмаслигимиз лозим. Ана шунда биз учун қадрли бўлган моддий мол-мулкни муҳофаза этган, фарзандларимиз, оила аъзоларимизни ёнғиндан асраган бўламиз.
Нурали ЁВҚОЧДИЕВ,
вилоят ИИБ ЁХБ 5-ҲЁХО муҳандиси.