Болалигим собиқ шўро даврининг 70-йилларига тўғри келган. Ўша пайтларда биз, мактаб ўқувчилари учун ҳам китоб ўқишдан кўра, бўш вақтларимизда пахта яганаси, ўтоғи, теримида қатнашиш муҳимроқ саналарди. Ана шу ишларда ўзини кўрсатган ўқувчилар доимо фаоллар сафида эътироф этиларди. Лекин шунга қарамай, китобнинг сеҳрли оламига ошно бўлиб, унга меҳр қўйиб улғайганмиз.
Хусусан, ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, бошланғич синфларда ўқиб юрган кезларимданоқ эртак ва кичик ҳикояларни ўқиш жону дилим эди. Кейинроқ Абдулла Қаҳҳор, Ўткир Ҳошимов, Чингиз Айтматов каби адибларнинг асарларини қўлдан қўймайдиган бўлганман. Мен китобга бўлган бу чексиз муҳаббатимни аввало оиламизда китобхонлик муҳити шакллангани, онам, опаларимнинг ҳам кутубхоначи, акам ва янгам эса тил ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлганидан деб биламан. Бир сўз билан айтганда, зиёли оилада тарбия топганим учунми, оиладаги асосий суҳбат китоб ҳақида бўларди. Эсимда китобдан бош кўтаролмай қолган вақтларимда, гарчи онамнинг ўзлари ҳам китоб шайдоси бўлсалар-да, оналик меҳрлари устунлик қилиб: “Кўзингга дам бериб ўқигин. Кеч бўлди, ётиб дам ол”, деб қўлимдан китобни олиб қўярдилар. Ётган билан уйқу келармиди. Асар қаҳрамонларининг тақдири ҳақида ўйлаб, онамнинг ухлашини кутардим. Онам ухлагач, сездирмай бошқа хонага ўтиб, то тонггача ўқиётган асаримни тугатганим ёдимда.
Баъзида эса онам бизнинг қўлимиздан китобни олиб қўйиб, ётиб ухлашимизни уқтирарди-ю, лекин ўзининг қўлидан тонггача китоб тушмасди. У киши умрларининг охирларида бир ярим йил ётиб қолди. Шу ҳолатларида ҳам қўлидан китоб тушмасди. Фарзандлари ва келинлари билан бир қаторда китоб онамга дардкаш бўлди. Ҳатто вафот этган кунлари ёстиқлари тагида Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асари бўлган экан.
Ҳар доим ўз-ўзимга савол бераман: Хўш, китобга бўлган меҳрим, китобга бўлган қизиқишим менга нима берди? Жавоб эса босиб ўтган ҳаёт йўлимнинг ҳар бир саҳифасидан чиқиб келаверади.
Ўқиб, дунё қарашим юксалди, олий маълумот олдим, ўқитувчи, устоз деган шарафли касб эгасига, бахтли оила бекасига айландим. Турмуш ўртоғимнинг ҳам китобга меҳри баланд. Бўш қолди дегунича китоб ўқийди. Фарзандларим билан турли бадиий асарлар бўйича баҳс-мунозара қилганимизда ғурурланиб қўяман. Демак, фарзандларим қалбида ҳам китобга иштиёқ уйғота олибман.
Бугун дарс ўтаётиб, бирор ўқувчимнинг озгина бефарқлигини сезсам, ўқиган асарларимдаги қайсидир қаҳрамон ёдимга тушади. Уни мисол келтиришим билан ҳалиги ўқувчим дарров қизариб, яна дарсга қайтади. Ёки дарсда фаол бўлган ўқувчимни рағбатлантириш учун уни бирор асардаги интилувчан, илмли қаҳрамонга менгзайман. Бу унинг интилишларини янада оширади.
Ҳа, китоб ана шундай буюк қудратга эга жавоҳир. Унга ошно тутиниб улғайган, яхши китобларни ўзига дўст билган киши борки, ҳаётда ҳеч қачон қоқилмайди. Аҳамиятли жиҳати, бугун ёшларимизда бунинг учун барча имкониятлар муҳайё. Ахир уларни китобга қизиқтириш учун мамлакат миқёсида нуфузли танловлар ташкил этилиши, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш масалаларининг давлат раҳбари эътиборида бўлиши яна қаерда бор? Айтинг, яна қайси юртда маънавиятга бундай эътибор қаратилмоқда?!
Албатта, ҳукуматимиз томонидан китобхонликни тарғиб этиш борасида олиб борилаётган бу ибратли ишлар нафақат ўқувчи-ёшлар, балки биз ота-оналар, ўқитувчи-педагоглар учун ҳам муҳим ундов бўлиши лозим. Зеро, ёшларимизнинг китобга бўлган меҳр-муҳаббатини оширсак, асарлардаги миллий қаҳрамонларимизнинг қатъиятини, жасоратини ва Ватанга садоқатини уларнинг қалбига сингдира олсак, бу билан энг аввало уларнинг порлоқ келажаги учун замин ҳозирлаган бўламиз. Қолаверса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш ҳозирги глобаллашув жараёнларидаги маънавий таҳдидларга, “оммавий маданият”га қарши курашиш учун ҳам муҳим.
Мўътабар РАСУЛОВА, Касби туманидаги 31-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари