Масъулнинг сўзларига кўра, жорий йил 25 февраль куни Хитойнинг ушбу ҳудудида бўлиб ўтган "Хэнань-Қашқадарё савдо-иқтисодий ҳамкорлик форуми" доирасида шундай келишувга эришилган. Ҳозирча ушбу лойиҳа қийматига аниқлик киритилмаган.
Қайд этилишича, икки минтақа ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган мазкур тадбирда маҳаллий тадбиркорлар, расмийлардан иборат вилоятимиз делегацияси қатнашган. Хэнань провинцияси маъмурияти эса ушбу бизнес-форумда 100 га яқин маҳаллий компания иштирокини таъминлаган.
Тадбир аввалида томонлар ўзаро маълумот алмашишган. Дастлаб вилоят ҳокими ўринбосари Ойбек Шагазатов Хитой томони учун тақдимот ўтказган. Унда воҳамиз иқтисодиёти, саноат салоҳияти, қишлоқ хўжалиги соҳаси имкониятлари ҳақидаги асосий кўрсаткичлар баён этилган. Шунингдек, вилоятимизда бизнес бошлашга қизиқиш билдирган хитойлик инвесторларга юртимизда бу соҳада яратилган шарт-шароитлар, мавжуд ишбилармонлик муҳити, инфратузилма имкониятлари, солиқ имтиёзлари ҳақида ҳам кенг тушунтиришлар берилган.
Шундан сўнг Хэнань провинцияси компаниялари кетма-кет ўз тақдимоти билан чиқиш қилган, тижорат таклифларини илгари сурган.
Таъкидланишича, бизнес-форум бир кунлик бўлса-да, икки томонлама музокаралар давом эттирилади. Мақсад ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан иборат. Бунда саноатнинг етакчи тармоқлари, аграр сектор, сайёҳлик оқимини кўпайтириш каби муҳим масалалар қамраб олинади. Бу ҳақда кейинроқ батафсил маълумот тақдим этилиши кўзда тутилган.
Шу ўринда айтиш жоиз, Хэнань провинцияси Хитойнинг энг тараққий этган минтақаларидан бири саналади. Бу ерда энергетика, текстиль, озиқ-овқат, металлургия, кимё саноати, машинасозлик яхши ривож топган. Маълумотларга кўра, 2011 йилда Хэнанда ҳудудий ялпи маҳсулот ҳажми 427 миллиард АҚШ долларини ташкил этган ва бу борада Хитойда 5-поғонани банд қилган.
М.ЖЎРАЕВ