Ёшлигида ўқиб, билимларни мукаммал ўзлаштирмай, ҳунар ўрганмай, бир касбнинг бошини тутишни хаёлига келтирмаган, бинобарин, оила қуриб, икки нафар фарзанднинг отаси бўлган шаҳрисабзлик Тошпўлат Алиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) инсонийлик бурчини унутмаганда, масъулиятни дилдан ҳис қилганда, беихтиёр жиноят кўчасига кирмаган, мудҳиш хатони қилмаган бўлур эди.
Унинг тирикчилиги бозорда савдо-сотиқ қилиш билан ўтарди.
Қимор босқинчиликка, фаҳш қотилликка олиб боради, дейилади дунё халқ мақолларида. Ҳаммаси ўша куни пешинда бошланди. Тушликни ўзича “яхши кайфият”да бошлаган йигит кечга бориб, қон тўкишдек, одам ўлдиришдек оғир, киши қалбини яралайдиган манфур иш – қотиллик қилишини билганмиди? У қора курсига келиб ўтирганда, пушаймон еб ич-ичидан заққум ютганда эса кеч бўлган эди...
* * *
Хавотирли ва ўлик сукунат чўккан куз туни. Кўп қаватли хонадонда яшайдиган аёл уй ичида безовталаниб, тез-тез у ёқдан бу ёққа юради, ногаҳон нимадир эсига тушиб, зудлик билан қўл телефонидаги таниш рақамни терди.
- Хола, дардимни кимга айтай, ахир мен ҳам аёлман, оиламни, турмушимни, бахтимни, болаларимнинг келажагини сақлаб қолишим керак-ку!..
- Нима гап ўзи, ўпкангни босиб гапир. Ким сени хафа қилди?
- Куёвингиз бозордан тушда келиб, дам ўтмай кўчага чиқиб кетувди. Телефон қиламан, ҳеч кўтармайди...
- Бир иш билан банддир-да, шунга шунча ваҳимами?
- Тайинли иши бўлса гўрга эди, холажон, ҳозиргина унга қўнғироқ қилсам, гўшакни ким кўтарди, денг? Аллақандай енгилтабиат, шаллақи бир хотин. Ҳе йўқ, бе йўқ, “Исмим Гулнора, эрингни иккинчи хотиниман, уч йилдан бери бирга яшаймиз, ундан болам ҳам бор”, дейди. Унинг гапларига чидолмайман, холажон, ҳозир ўзимни бир нима қилиб қўяман, бу кунни кўргандан ўлганим яхшимасми?!
- Бас қил йиғи-сиғини. Сен ўлсанг, эринг ўшани уйингга олиб келади. Болаларингни ҳоли нима кечади, нодон? Эринг билан ўзим гаплашаман. Болаларингни ўйла, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
Бу вақтда Тошпўлат Шаҳрисабз туманидаги чойхонадан бошланган кўнгилхушликни Китоб туманидаги ошхонада Гулнора билан спиртли ичимлик ичиб давом эттираётган эди. Қўл телефони қайта-қайта жиринглайвергач, гўшакни кўтарди. Овозни таниди: хотинининг холаси Назокат.
Шу дамда аёлнинг панду ўгитлари, аччиқ-чучук гаплари унинг ғашини келтирди. Айниқса, “Куёвбола, алламаҳалгача бузуқ аёллар билан юргани уялмайсизми?”, деган гапи эт-суягини ларзага келтирди. Чамаси у шу пайтгача “хола” айтгандек, бузуқ аёллар билан юришининг тубан ва ярамас иш эканини билмас, ҳис қилмасди. Аёлнинг гапи тугамасдан йигит бўралаб сўка кетди.
Кейин “ўтириш”дан чиқиб, тўғри “хола”нинг уйига йўл олди. Қўлида катта пичоқ. Маст-аласт ҳолда Назокат яшайдиган кўп қаватли уй олдига келиб, уни бўралаб сўкар, ҳақоратларди. Аёлнинг ўғли Акобир поччасини тинчлантиришга кўп уринди. Қўни-қўшнини безовта қилмасликни, онаси билан ўзи гаплашиб қўйишини тушунтирмоқчи бўлди. Аммо... Қутурган, тилидаги фаҳш сўзлар қанотида ўзлигидан, инсонийлик қиёфасидан буткул йироқлашган Тошпўлатга гап кор қилармиди?! У бирдан Акобирга ташланиб, унга зарб билан пичоқ урди. Йигит қочар, йиқилганда унга жоҳил куёв қайта-қайта пичоқ санчар эди. Назокат эса нималар бўлаётганига тушунмас – тошдай қотиб қолганди. Атрофдагилар эсини йиғиб олгунларича бечора йигит ихтиёрсиз равишда яраланган, аянчли тарзда жароҳатланган, айни пайтда ўлим билан олишарди. Қотилнинг олдини тўсган Назокатнинг қизи Нилуфар, қўшни аёл Холида ва Акобирнинг хотини Ҳусния ҳам унинг пичоғи тиғидан омон қолмади. Тошпўлат уларнинг танасига ҳам турли кўринишдаги жароҳат, шикастларни етказди. Акобирнинг вояга етмаган ўғли қотил чангалидан отасини олиб қочмоқчи бўлиб, ўзларининг машинасига уни ётқизиб, касалхонага йўл олганда, қотил ўғилга ҳам ташланди. Эпчил йигит ойналари синдирилган машинадан тушиб қочиб кетди. Унинг қонга беланиб ётган отасини қўшнилар касалхонага олиб бориш учун йўлга тушишди. Бироқ Акобирнинг жони узилган эди... Отасини қучиб бўзлаган ўсмир фарёди тун зулматини чақмоқдек бўлиб ташлади гўё...
* * *
Жиноятга жазо муқаррар. Бир ношуд йигитнинг ўйламай босган қадами икки оилани пароканда қилди, қанча қалбларни ларзага солди. Қўлига пичоқ олиб, одам ўлдиришга қасд қилган Тошпўлат наҳотки она сути оғзидан кетмаган болалари тақдирини ўйламади? Наҳотки эл-улуснинг кўзига қандай қарайман, деган фикр хаёлига келмади?
Ҳа, энди унинг ёшлик, шижоатли дамлари, оиласи бағрида ўтказилажак қимматли вақтлари, ширин, бахтиёр лаҳзалари совуқ симлар ортида ўтади. Ҳарқанча пушаймон қилмасин, қилган жинояти уни бир лаҳза ўз ҳолига қўймайди. Бир умр виждонини қийнайди, қийнайверади.
Сухандиёр РЎЗИЕВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси