коронавирус инфекцияси ҳаво томчилари орқали ўтиши, инсондан инсонга юқиши, шунингдек, касалликнинг яширин даври 1-14 кунгача кечиши жиддий хавотир уйғотмоқда
Матбуот анжумани
Хитой Халқ Республикасида тарқалган коронавирус инфекцияси ортидан дунёнинг бошқа нуқталарида бўлгани каби юртимизда ҳам эпидемик вазиятга қарши барча зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ҳаво, автомобиль ва темир йўл транспорти объектларида санитария-эпидемиология ва миграция назорати кучайтирилмоқда. Хитойдан қайтаётган фуқароларга саломатлиги юзасидан тиббий назорат ўрнатилган. Вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, 2020 йил январдан 12 февралгача Хитой Халқ Республикасида бўлиб қайтган 189 нафар қашқадарёлик рўйхатга олинди. Шулардан 1 нафарининг манзили аниқланмоқда. 27 нафари Тошкент шаҳрида ва 1 нафари Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшаётганлиги аниқланиб, тиббий кузатувга олинди. 112 нафарида 14 кунлик тиббий кузатув вақти тугади ва улар соғлом деб топилди, қолган 48 фуқаро устидан тиббий кузатув давом этмоқда.
Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган "Юқумли касалликлар профилактикаси" мавзусидаги матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Қўшимча қилинишича, воҳамизда қизамиқ касаллигига қарши ўтказилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳам янада такомиллаштирилмоқда. Хусусан, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларни эпидкўрсатма бўйича эмлаш чоралари кўрилмоқда ва бу мақсадда 240 минг доза вакцина келтирилган.
Шунингдек, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказида ташкил этилган коронавируснинг олдини олиш бўйича штаб маълумотларига кўра, мазкур инфекцияга гумон қилинганларга тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш бўйича шифокор реаниматолог, инфекционист, эпидемиолог ва вирусологлардан иборат 3 та тезкор гуруҳ тузилган бўлиб, ишчи гуруҳларнинг кечаю кундуз ишлаши таъминланган.
Маълумотларга кўра, Қарши халқаро аэропорти санитария-назорат пунктидан январь ойида 3756 нафар (шундан 97 нафари хорижий), февраль ойида эса 1464 нафар (шундан 319 нафари хорижий) фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, 7 кишида тана ҳарорати юқорилиги аниқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, текширув учун намуналар олинган ва вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вирусология лабораториясида текширилиб, коронавирус инфекцияси аниқланмаган. Уларга "ўткир респиратор касаллиги" ташхиси қўйилиб, 4 нафарига соғлом ҳолатда уйга жавоб берилган. Қолган 3 киши устидан эса тиббий кузатув давом этмоқда. Шунингдек, Нишон тумани Талимаржон санитария-назорат пунктида ҳам 1073 фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, беморлар аниқланмади.
Анжуманда туманлардаги юқумли касалликлар шифохоналаридаги шароитларни янада яхшилаш, аҳоли ўртасида Миллий эмлаш тақвими ҳамда эпидкўрсатма бўйича эмлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш тадбирлари ҳақидаги тарғибот ишларини янада кучайтириш бўйича ҳам амалий таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА