Шу боис давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Ушбу тузилма электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этиш, шунингдек, суд ҳамда бошқа органлар ҳужжатлари ижросини амалга оширишда таъсирчан механизм бўлиб хизмат қилади.
Айни пайтда бюро ходимлари томонидан энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, турар ва нотурар жойларни инвентаризациядан ўтказиш, солиқ базаларининг ҳақиқий ҳисобини юритиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Кўринаяптики, вазифа салмоқли, масъулиятли. Бу эса ўз навбатида тизимда фаолият олиб бораётган ходимларга ўз хизмат вазифаларини тўлақонли, виждонан бажаришлари учун барча шароитлар яратишни тақозо қилади. Чунки ишнинг самараси, сифати, тезкорлик билан амалга оширилиши касб эгаларига яратилган шароитларга кўп жиҳатдан боғлиқ.
Шунга кўра, куни кеча Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман ва шаҳар бўлимлари бошлиқларига хизмат автомобилларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, вилоят прокурори Баҳодир Пўлатов, ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дилшод Турсунбоев, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи Деҳқонбой Абдуллаев бюро логотипи туширилган “Нексия” русумли 15 та хизмат автомобилининг калитларини тантанали равишда ўз эгаларига топширдилар.
- Соҳа ходимларига яратилаётган қулай шароит ва тўлақонли имкониятлар ҳар бир ходим ўз хизмат вазифасига астойдил ёндашиши, масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилишида муҳим ўрин тутаяпти, - дейди Мажбурий ижро бюроси Ғузор тумани бўлими бошлиғи Элбек Абдусаломов. - Ҳудудий бўлимлар электр энергияси ва табиий газ таъминоти учун тўловларни ундиришда белгиланган режаларни тўла бажариб, бу борада вилоятимиз республика бўйича етакчилардан бири бўлиб келмоқда. Хизмат машинасига эга бўлганимиз бизни янада фаол бўлишга ундайди.
Таҳлилларга назар ташласак, 2017 йилнинг 1 сентябрь ҳолатида вилоятимиз бўйича истеъмолчиларнинг электр энергиясидан 277 миллиард 951,6 миллион, табиий газдан эса 165 миллиард 856,9 миллион сўм қарздорлиги мавжуд. Шунинг асосий қисми жисмоний шахслар, яъни аҳоли хонадонлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Табиийки, бунча қарздорлик бир ой ёки бир йилда шаклланиб қолмаган. Аввало истеъмол қилинган электр энергияси ёки табиий газ учун ҳақ тўлашга келганда, айрим кишилар шунчаки қўл силтаб қўяверган. Бошқа томондан эса таъминот корхоналари тўловларни ундиришда етарли даражада таъсирчан чораларни кўрмаган. Оқибатда қарздорлик бир неча йиллар давомида тўпланиб, катталашиб борган.
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси 2017 йилнинг 1 июль санасидан ўз фаолиятини бошлаган бўлса, ўтган вақт ичида фойдаланилган электр энергияси ва табиий газдан юзага келган қарздорликни бартараф этиш бўйича 21 мингдан зиёд бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар жўнатилди. Шунингдек, ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартибига асосан ходимларнинг жами 4 миллиард 488 миллион сўм миқдоридаги қарздорлигини иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчига 1 минг 700 дан ортиқ мажбурий талабномалар юборилди.
Бундан ташқари, 51 миллиард 752 миллион сўм миқдоридаги қарзни ундириш бўйича 1532 та банк ҳисоб рақамига инкассо топшириқномалари қўйилди. Талабнома мажбуриятларини бажармаган 48 нафар истеъмолчига нисбатан эса судга даъво ишлари киритилди.
Шуниси аниқки, электр энергияси ва табиий газ тўловларини ўз вақтида тўлаш, табиий неъматлардан оқилона фойдаланиш нафақат оилалар фаровонлигини таъминлайди, балки мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига муносиб улуш бўлиб қўшилади. Соҳа вакилларига яратилган қулай шароит ва имкониятлар эса бу борадаги ишларни янада яхшилашда муносиб ўрин тутиши шубҳасиз.
Н.ХЎЖАЕВ
Суратларда: тантанали маросимдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.