Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

03.07.2018


ХОМАШЁНИ ЧУҚУР ҚАЙТА ИШЛАШ – БОШ МАҚСАД

Шу жиҳат ва кўплаб янги субъектларнинг ишга туширилиши ҳисобига ҳудудда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш салмоғи ортаяпти. Жорий йилнинг ўтган беш ойида бу кўрсаткич 80 миллиард сўмдан ошгани аҳамиятлидир. Ўсиш суръати, аввалги давр билан таққослаганда, 103,5 фоизни ташкил қилди.

Қайд этиш жоиз, Китоб туманида саноатнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғи айниқса, анча ривожланган. Чунки ҳудудда ушбу турдаги маҳсулотларни тайёрлаш учун катта миқдордаги табиий захиралар жамланган. Оҳактош, мармар конлари шулар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири негизида ички бозорда талаб юқори бўлган бир неча хил қурилиш материаллари ишлаб чиқариш мумкин. Хусусан, оҳактошдан цемент, мармардан эса плитка, мармар кукуни, лок-бўёқ, сувоқ хомашёси сингари пардоз ашёлари олинади.

Эътиборлиси, туманда ушбу имкониятлардан самарали фойдаланилаётир. Айни йўналишда 20 дан ортиқ корхона фаолият юритаётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Шулардан бири – “Ҳисор мармар” масъулияти чекланган жамияти бугунги кунда қурилиш материали – плитка ишлаб чиқаришда сезиларли натижаларни қайд этаяпти. Бултур корхона томонидан харидорларга қиймати 700 миллион сўмга тенг маҳсулот етказиб берилгани ҳам эътиборга лойиқ.

- Ишни 2013 йилда ташкил этганмиз, йил сайин меҳнат унумдорлигини ошириб боришга муваффақ бўлдик, - дейди корхона раҳбари Муродилла Жўраев. – Ҳозирги кунда корхонамизда 24 нафар киши ишлаяпти. Ишлаб чиқариш цехимиз Италиядан келтирилган  дастгоҳлар билан жиҳозланган. Асосан икки турдаги – доломит ва мармар плитка тайёрлаймиз. Корхона йиллик қуввати 60 минг метр квадрат плитка тайёрлашга етади. 

Тадбиркорнинг сўзига қараганда, фақат маҳаллий харидорлар билан ишлаш бугунги давр талабига мос эмас. Қамровни кенгроқ олиш, ташқи бозорларга чиқиш лозим.  Яқинда бу борада кўзга кўринарли ютуққа ҳам эришилди. Қиймати 13,5 минг долларлик қурилиш материали хорижга экспорт қилинди. Талабгор қозоғистонлик ишбилармонлар бўлишди. Икки томон ўртасидаги ҳамкорлик режасига кўра, йил охирига қадар маҳсулот етказиб бериш кўламини 100 минг АҚШ долларига етказиш мақсад қилинган.

Демак, товар чет эллик харидорга маъқулми, бу унинг сифати талабга жавоб бериши ва рақобатбардош эканини кўрсатади. Айни омил корхона мутасаддиларини ҳам руҳлантирди. Улар келгусида ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини янада кенгайтиришни кўзлашмоқда. Ҳамкорларга янги турдаги қурилиш материаллари таклиф этиш ҳам режада бор. Шу мақсадда Хитойдан янги технологиялар олиб келиш мўлжалланган. Шунингдек, корхонанинг мармар кесиш цехи модернизация қилинади. Шу вақтгача чиқиндига ташлаб келинган мармар парчаларидан ҳам турли ўлчамдаги плиткалар тайёрлашга киришилади. Ушбу лойиҳалар амалга ошса, корхона даромади кўпаяди, иш ўринлари сони эса яна 10 тага ортади.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo