Воқеа жойида ўтказилган текширувлардан маълум бўлдики, хонадонда 50 литрлик баллонда суюлтирилган газдан фойдаланиб келинган. Бироқ газ баллонини газ плитасига улайдиган резина шланг нобоплиги боис, ундан сизиб чиқа бошлаган газ ошхона ичини қоплаб олган. Уй эгаларидан бири электр сув иситкични қўшаётган вақтида эса қаттиқ чақнаш юз берган. Бунинг натижасида ошхона эшик-деразалари, шифт қисми ва уйнинг айвон деразалари кўчиб тушган. Ҳодиса оқибатида хонадон эгаларига жисмоний зарар етмаган.
Ёнғин мотордан чиқди
Шу йил 28 январь куни Қарши шаҳри Кат маҳалласи ҳудудида тўхтаб турган “Матиз” автомобили мотор қисмида ёнғин юз берган. Тезкор хабар натижасида воқеа жойига етиб борган ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари оловни ўчиришган.
Дастлабки ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгашига тегишли ушбу транспорт воситасини фуқаро Асомиддин Поёнов бошқариб келган. Тахминий сабабларга кўра, автомашинадаги носозлик, жумладан, электр симларидаги қисқа туташув ёнғинга сабаб бўлган.
“ЗИЛ”га нега зил кетди?
26 январь куни Ғузор тумани Мустақиллик кўчасида турган, фуқаро Дурдона Қувватовага тегишли “ЗИЛ” русумли машинада ёнғин келиб чиққан.
Натижада автомобилнинг ички салони қисман зарар кўрган ва юкхонадаги ўтин ғарами ёниб кетган. Олов ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ўчирилган.
Айни вақтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қизиган мўрининг касри
28 январь куни Яккабоғ тумани ёнғин хавфсизлиги хизмати навбатчилик қисмига шу туманнинг Гулистон маҳалласи ҳудудидаги хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлганлиги ҳақида тезкор хабар келиб тушган.
Тезкор гуруҳ зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, алангани ўчирган. Бунга қадар эса фуқаро Собир Нормурадовга тегишли мазкур уйнинг ички ва тепа том қисмлари ёниб, жиддий зарарланган эди. Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, ёнғин уй ичида ўрнатилган қўлбола печ мўрисининг ўта қизиб кетиши натижасида рўй берган. Айни вақтда, келтирилган зарар миқдори аниқланмоқда.
* * *
Умумий ҳисобда 2018 йилнинг январь ойи давомида вилоятимизда 86 та ёнғин ҳолати рўйхатга олинган. Бир нафар киши ёнғин оқибатида ҳалок бўлган. Агар ушбу рақамларни ўтган йилнинг худди шу даври билан қиёсласак, содир бўлган ёнғинлар сони ҳам, ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони ҳам камайганини кўриш мумкин. Таҳлиллар содир бўлган ёнғинларнинг асосий қисми фуқаролар хонадонида печ мўриларининг қизиб кетиши, электр симларининг қисқа туташуви ҳамда ўтин ва чорва озуқалари олдида олов ёқиб, чўғни ўчирмасдан қолдириш оқибатида келиб чиққанини кўрсатмоқда.
С.ВАЙИТОВ, вилоят ИИБ ЁХБ катта муҳандиси, лейтенант