Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали томонидан ривожланган хориж мамлакатларида таҳсил олаётган, амалиёт ўтаётган ва нуфузли компанияларда фаолият кўрсатаётган қашқадарёликлар билан Zoom платформаси орқали мулоқот уюштирилди.
Унда ҳозир АҚШ, Англия, Канада, Германия, Дания, Ҳиндистон, Чехия, Бирлашган Араб Амирликлари, Италия каби бир қатор давлатларда бўлиб турган йигирма нафарга яқин ватандошлар фаол иштирок этишди.
Мулоқот аввалида уларга Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вазифалари, ваколат ва мажбуриятлари хусусида, жумладан, унинг вилоят филиали томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида қисқача маълумот берилди.
Айни вақтда хорижда ўқиш ва иш билан банд бўлган қашқадарёлик ёш мутахассисларнинг таклифларини ўрганиш, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда хориж тажрибасини қўллаш мақсадида улар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, муносибларини маҳаллий раҳбарлик лавозимларига таклиф қилиш юзасидан кечган суҳбатларда қатор илғор таклифлар, ҳамкорликка оид кўплаб ташаббуслар муҳокама қилинди.
Ташкилотчилар учун ҳам, қатнашчилар учун ҳам қизиқарли кечган ушбу мулоқотни давом эттириш мақсадида уни ҳар ойда бир маротаба ўтказишга, сентябрь ойида бўладиган навбатдаги тадбирга вилоят раҳбариятини ҳам жалб этишга келишиб олинди.
Ўз мухбиримиз