Маълумки, мавжуд қонунчилик талабларига кўра, чет элдан мамлакатимизга келтириладиган товар ва транспорт воситалари божхона назоратидан ўтказилиб, божхона тўловлари ундирилиши ва тегишли ҳужжатлар асосида божхона расмийлаштируви амалга оширилиши белгиланган.
Аммо айрим кишилар хорижга турли мақсадларда бориб, у ердан транспорт воситаларини харид қилишади-да, бу борадаги тартиб-таомиллардан бохабар бўлмасдан туриб, уни юртимиз ҳудудига олиб кирмоқчи бўлишади.
Яккабоғлик Берди Ибрагимов (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) Россия Федерациясида ишлаб топган пулининг бир қисмига қиймати 10 минг рубль бўлган "BAW" русумли, 2006 йилда ишлаб чиқарилган юк автомашинасини харид қилиб, мамлакатимизга олиб келди ва сўрамай-нетмай қилган бу ишидан боши қотди. Сабаби, у мазкур транспорт воситаси ишлаб чиқарилган мамлакатни тасдиқловчи сертификатни божхона органларига тақдим эта олмади.
Бу каби ҳолатга 2015 йилнинг февраль ойида фуқаро Сирож Холиқов ҳам рўбарў келганди. У Россия давлатидан "Datsun On-Do" русумли, 2014 йилда ишлаб чиқарилган, қиймати 404 минг рубль бўлган транспорт воситасини олиб келганди. Тегишли сертификатни эса божхона органига тақдим эта олмаган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг "Бож тарифи тўғрисида"ги Қонуни 6-моддасига асосан, савдо-иқтисодий алоқаларда энг кўп қулайлик бериш тартиби назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ёки қайси мамлакатда ишлаб чиқарилгани аниқланмаган товарлар учун ундириладиган импорт божининг ставкалари икки баравар оширилади.
Шунга кўра, Берди Ибрагимов томонидан олиб келинган автомашинага 90 миллион сўм ҳамда Сирож Холиқов томонидан олиб келинган автомашинага 62 миллион сўмлик божхона тўловлари белгиланди.
Якунда Берди Ибрагимов ҳамда Сирож Холиқовнинг олиб келган транспорт воситаларига ҳисобланган божхона тўловларини тўлашга имконияти йўқлиги сабабли, машиналар мос равишда бири "йўқ қилиш", иккинчиси эса "реэкспорт" божхона режимига расмийлаштирилди.
"Йўқ қилиш" шундай режимки, бунда чет эл товарлари бож, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда божхона назорати остида йўқ қилинади, шу жумладан, улар фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келтирилади. "Реэкспорт" режимида эса чет эл товарлари божхона ҳудудидан олиб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 4-моддасига асосан божхона ишида Ўзбекистон Республикасининг божхона органи божхона декларациясини ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиб олаётган куни амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилади.
Шунга асосан, айни пайтда автотранспортнинг божхона расмийлаштируви учун Ўзбекистон Республикасининг "Бож тарифи тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, экспорт/реэкспорт қилувчи мамлакат томонидан белгиланган тартибда ва шаклда ваколатли орган томонидан берилган белгиланган шаклдаги (СТ-1, А-форма) товарнинг келиб чиқиш сертификати, автотранспортнинг русуми, идентификация маълумотлари, параметрлари, техник характеристикаси, VIN-код тавсифномаси, автотранспортнинг двигатель ҳажми ва бошқа маълумотлар тақдим этилиб, шартнома талабларидан келиб чиққан ҳолда божхона қиймати аниқлангандан сўнг ундириладиган божхона тўловлари суммасини ҳисоблаш мумкин бўлади.
Умуман олганда, бу борадаги тартиб мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодиёти билан самарали интеграциялашуви учун шарт-шароит яратиш, ички бозорни ва иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бекзод ЖЎРАҚУЛОВ,
"Қашқадарё" ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи вазифасини бажарувчи.