Матбуот анжумани
Шу пайтгача хориж ва пойтахтнинг нуфузли клиникаларида бажариб келинган кўплаб мураккаб юқори технологияли операциялар эндиликда вилоятнинг ўзида бажарилмоқда. Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида "Вилоятда амалга оширилаётган юқори технологияли операциялар" мавзусидаги матбуот анжуманида бу борадаги энг муҳим янгиликларнинг айримлари хусусида тўхталиб ўтилди.
Таъкидландики, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида аорта коронар шунтлаш, юрак тож томирларига стентлаш, электрокардиостимулятор имплантацияси, бўлмачалараро ва қоринчалар тўсиқ нуқсонларини миниторакотомия усули ёрдамида беркитиш, бўлмачалараро ва қоринчалар тўсиқ нуқсонларини оклюдер ёрдамида беркитиш, юрак клапанлари пластикаси ва протезлаш амалиёти, юракнинг мураккаб аритмияларида юрак электрофизиологик текшируви ва радиотўлқинли аблация сингари жуда мураккаб кардиожарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида эса буйрак трансплантацияси операциялари амалга оширилди.
- Тиббиёт марказимизда биргина жорий йилнинг беш ойи давомида 110 та юқори технологияли операция бажарилди, - деди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Жамшид Диёров. - Хусусан, воҳамизда илк бор тизза бўғимини эндопротезлаш, “Эверсион КЭАЭ” (уйқу артериясидан холестерин пилакчаларини олиб ташлаш), “Трансабдоминал лапароскопик ўнг томонлама нефроэктомия” (бужмайган буйракни эндоскопик усулда олиб ташлаш) сингари ноёб жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилди.
Мавзуга доир энг катта янгиликлардан бири - Қашқадарёда болалар кардиожарроҳлиги бўлими фаолиятининг йўлга қўйилганидир. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ташкил этилган бу бўлим ташаббусли бюджет танловлари орқали кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказишга доир 1 миллиард 200 миллион сўмлик энг замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди. Бўлимга хорижда ўқиб, тажриба орттирган малакали мутахассислар ишга жалб этилди. Энди қашқадарёлик туғма юрак нуқсони бор болажонларнинг яқинлари хориж ёки пойтахт клиникаларига қатнаб овора бўлишмайди. Юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлари воҳанинг ўзида бажарилмоқда.
- Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалида жорий йилнинг 5 ойида малакали мутахассислар томонидан 200 дан ортиқ юқори технологияли операциялар амалга оширилди, - деди тадбирда иштирок этган марказ директори Азамат Шарипов. - Жумладан, март ойида бу ерда тиббиётда “Фил одам” синдроми деб номланган касаллик бўйича ноёб амалиёт бажарилди. Илмий тилда нейрофиброматоз (Реклингхаузен синдроми) деб аталадиган бу хасталик бўйича бемордан 5 килограммлик ўсма муваффақиятли тарзда олиб ташланди.
Шунингдек, давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан 2023 йилнинг ўтган даврида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали, Республика кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали, Китоб туманидаги “Доктор Бобоев” хусусий клиникасида 800 дан ортиқ жарроҳлик амалиёти бажарилди.
Воҳамизда замонавий телемедицина имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда туманларда даволанаётган беморлар учун пойтахт ҳамда вилоятнинг малакали мутахассислари томонидан онлайн тарзда тиббий консилиум ва маслаҳатлар ташкил этилмоқда.
Қувонарлиси, кейинги ойларда шу пайтгача фақат пойтахтда бажарилган юқори технологияли операциялар воҳамиз туманларининг ўзида бажарилмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу борадаги кўрсаткичлар кескин ошди. Хусусан, биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Яккабоғда 10 дан, Китоб туманида эса 80 дан ортиқ юқори технологияли операциялар бажарилди. Кўкдалада илк бор “Эверсион КЭАЭ”, Косонда йирик бўғимлар артроскопик операцияси, Яккабоғда эса эндопротезлаш амалиёти муваффақиятли ташкил этилди.
2023 йил давомида вилоятда бажарилган юқори технологик амалиётлар сонини 2 мингдан ошириш режалаштирилган.
Мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.