Аҳамиятлиси, бироз аввал компаниянинг Россия Федерациясидаги дистрибьютори расмий вакиллари юртимиздаги инвестиция муҳити, хорижий сармоядорларга яратиб берилган шарт-шароитлар билан яхшироқ танишиш мақсадида воҳамизга келишди. Меҳмонлар вилоят синов ва сертификатлаштириш марказига таклиф қилинди. Шу муносабат билан марказда тадбир ташкил этилиб, унда компания мутахассисларига ҳудудда бизнес юритиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот беришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, бу учрашувда юртимизнинг нефть-газ соҳасида фаолият олиб бораётган бир қанча манфаатдор корхоналар - “Лукойл Узбекистан оперейтинг компани” МЧЖ, “Enter Engineering Pte Ltd”, “Eriеll” компанияси, “Gissarneftgaz” қўшма корхонаси, “Муборакнефтгаз”, “Шўртаннефтгаз, “Муборак ГҚЗ” ва “Шўртан газ кимё мажмуаси” масъулияти чекланган жамиятлари вакиллари иштироки ҳам таъминланди.
- Маълумки, мамлакатимизда ички имкониятларни ишга солиш ҳисобидан импорт ҳажмини камайтиришга долзарб масала сифатида қаралмоқда, - дейди вилоят сифат ва сертификатлаштириш маркази раҳбари Улуғбек Амирқулов. – Чет эл компаниясини ҳамкорликка чорлаётганимиздан ҳам шу мақсад кўзланган. Айтиш жоиз, мамлакатимизда, айниқса, вилоятда ишлаб турган корхоналарда газ анализаторларни қиёслаш учун фойдаланиладиган газ аралашмасига талаб юқори. Аммо айни пайтда бу субъектлар ушбу маҳсулотни валюта сарфлаб четдан сотиб олиб келишга мажбур. Хорижий инвесторлар эса бу имкониятдан самарали фойдаланмоқчи, бунинг учун зарур юқори технологияга эга. Асосийси, маҳсулотни реализация қилиш учун юртимизда харидор бор. Компания мутахассислари ҳам буни эътироф этишди. Ҳозирги пайтда улар мамлакатимизда инвесторлар ҳуқуқлари қай даражада ҳимоя этилганини ўрганишмоқда. Агар маъқул келса, марказимиз ва тегишли компания шерикчилиги асосида қўшма корхона барпо этиш режа қилинган.
Мутасаддининг билдиришича, бугунги кунда мазкур лойиҳани рўёбга чиқариш бўйича музокаралар давом этмоқда. Хорижий компания томонидан ушбу соҳага катта миқдорда инвестиция киритиш мўлжалланаяпти. Бу истиқболли ташаббуснинг муваффақиятли амалга ошиши келгусида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга қулайлик яратиши билан бирга, вилоятимизда янги бир қувват вужудга келиши асносида қўшимча иш ўринлари яратилиши, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши эвазига эса катта ҳажмда валюта тежаб қолинишига эришилишини таъминлайди.
Тадбирда компания вакиллари ўз фаолияти, маҳсулотлари ҳақида маълумот берувчи тақдимот билан чиқиш қилишди. Маҳаллий корхоналар масъул мутахассислари ҳам лойиҳанинг юқори ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, бу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
МИРЖАҲОН