Аҳамиятлиси, Қарши туманидаги Қоратепа қишлоғи ҳудудида ўтган йили иш бошлаган йирик корхонада ана шундай имконият мавжуд. Албатта, бу хазилакам рақам эмас. Бундай қувватни ишга тушириб олишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Йирик лойиҳа катта маблағ талаб қилади. Ушбу текстиль фабрикасининг салоҳияти борасида аниқ тасаввур қилишингиз учун қуйидаги оддий ҳисоб-китобга эътибор қаратинг.
Соҳа мутахассисларининг уқтиришича, бир тонна ярим тайёр маҳсулот – яъни ип калава олиш учун ўртача 0,8-0,9 тонна пахта толаси қайта ишланиши керак. Воҳамизда эса ҳар йили 40 минг тоннадан ортиқ пахта толаси ишлаб чиқарилади. Кўринадики, ушбу тўқимачилик мажмуаси барпо этилиши мазкур муҳим хомашёнинг салмоқли қисмига чуқур ишлов бериш учун шароит ҳозирлади.
Гап “LT Textile International” хорижий корхонаси ҳақида кетмоқда. У “Jinsheng group” корпорацияси таркибига кирувчи “LT Textile Cooperatief U.A” компанияси (Нидерландия) томонидан таъсис этилган. Корхона фаолияти йўлга қўйилишига Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 октябрдаги “Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида замонавий тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асос бўлганди. Унга кўра, Қоратепа қишлоғи ҳудудидан 30 гектар ер ажратилиши ва лойиҳа уч босқичда амалга оширилиши кўзда тутилганди. Ушбу ҳужжат қабул қилинганидан бир йил ўтиб эса мазкур истиқболли лойиҳани рўёбга чиқаришга қаратилган амалий ишлар бошлаб юборилди. 2015 йил ёзида корхонанинг илк пойдевори қуйилди. 2017 йилнинг июнида мажмуанинг муҳим таркибий қисми саналган йигирув цехи тўлиқ қуриб битказилди.
Айтиш жоиз, Президентимиз ўтган йили вилоятимизга қилган ташрифи давомида бу лойиҳа билан яқиндан танишган, чет эллик сармоядорлар билан суҳбатлашган, корхона самарали фаолият бошлаши учун зарур тавсияларини берганди. Бу галги ташриф эса қилинган ишларга атрофлича баҳо беришга имкон яратди. Давлатимиз раҳбари корхонадаги мавжуд технологик жараёнлар билан таништирилди. Келгусидаги режалар тақдим этилди.
Дарҳақиқат, вилоятимиз пахта хомашёсини етиштириш бўйича етакчи ҳудуд саналади. Аммо толани ҳудуднинг ўзида қайта ишлаш кўлами жуда кам эди. Кейинги икки йилда ҳаётда татбиқ этиладиган лойиҳалар эса бу кўрсаткични 60 фоиздан ошириш имконини беради. Зеро, пахтани шу ерда қайташ ишлашни ташкил этиб, ундан тайёр маҳсулот олиш, мазкур жараёнга чет эл технологияларини жалб қилиш юқори самарадорлик касб этади. Бундан асосий мақсад ички истеъмол бозорини импорт ўрнини босувчи сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, шунингдек, чет мамлакатларга тайёр текстиль буюмлари экспорт қилиш кўламини ошириш, бир сўз билан айтганда, бор имкониятлардан самарали фойдаланишдир.
Бу саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасини “LT Textile International” хорижий корхонаси мисолида кўриш мумкин. Мажмуа катта ҳудудни эгаллаган. Барча зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланган. Айни пайтда самарали ишлаётган йигирув фабрикаси 6 гектардан зиёд майдонда қад ростлаган. Асосийси, инвесторлар ўз ишининг устаси, бу борада катта тажрибага эга. Биргина “Jinsheng group” корпорацияси ҳақида айтадиган бўлсак, бу йўналишда 100 йилдан ошиқ вақт мобайнида иш олиб бораяпти. Корпорация дунёнинг 35 мамлакатида кўплаб шохобча ва фабрикалар ташкил этган. У нафақат текстиль маҳсулоти тайёрлаш, балки зарур ускуналарни ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади. Мазкур саноат гиганти юртимизга биринчи марта сармоя киритгани, бунинг учун Қашқадарё танлангани аҳамиятли.
- Мамлакатингиздаги қулай инвестиция муҳити бизга ҳеч бир монеликсиз ишлаш, ишлаб чиқаришни унумли ташкил этишда муҳим омил бўлмоқда, - дейди хорижий корхона бош директори Чэн жи. – Энг муҳими, бу ерда сармоямизни ишга солиш учун зарур хомашё – пахта толаси бор. Унинг сифати бизни ҳар жиҳатдан қаноатлантиради. Пишиқ, чўзилувчан. Бундай хусусиятларга эга ип калава эса жаҳон бозорида юқори қадрланади. Ҳозир лойиҳамизнинг кейинги босқичларини ишга тушириш ҳаракатидамиз. Инвестиция ажратилган. Қурилиш тез орада бошланади.
Аввал қайд этганимиздек, корхонанинг йигирув фабрикасида йилига 22 минг тонна ип калава ишлаб чиқарилади. Шунга мувофиқ мазкур қувват 120 минг урчуққа эга ускуналар билан жиҳозланган. Дастгоҳлар Германиянинг “Saurer” ва Швейцариянинг “Rieter” компаниялари томонидан тайёрланган. Корхона бош директори ўринбосари Турсунпўлат Мамедовнинг сўзларига кўра, бу ердаги барча асосий жараён компьютерлаштирилган ҳолда бажарилади.
- Лойиҳанинг биринчи босқичини ишга туширишга режадагидан ҳам кўп маблағ сарфланди, - дейди мутасадди. – Аввалига бу рақам 55 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаслиги белгиланганди. Аммо айни пайтга келиб 100 миллион АҚШ долларидан ошиб кетди. Фабрикамизда жаҳон текстиль саноатидаги энг сўнгги технологиялардан фойдаланилаяпти. Бугунги пайтда бир кунда ўртача 40 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади. Толага барча босқичларда сифатли ишлов берилади.
Маълум бўлишича, заводдан келган пахта толаси даставвал тозалаш, кейин титиш линиясига йўналтирилади. Қайта таралиб, тозаланган тола эса йигириш линияларига ҳаво тортар қувурлар орқали йўл олади. Бу ерда йўғон ва ингичка йигириш дастгоҳлари мавжуд. Технологиялар энергиятежамкорлиги билан ажралиб туради.
Яна бир жиҳати, ушбу технологияларни бошқараётган ишчиларнинг асосий қисми маҳаллий кадрлардир. Корхонада 700 киши меҳнат қилса, фақатгина 30 киши хориждан келган мутахассис саналади. Асоси ёшлардан иборат корхона жамоаси учун барча шароит яратилган. Узоқдан қатнаб ишловчиларга осон бўлиши учун эса 100 ўринли ётоқхона қурилган. Иш 3 сменада ташкил этилган. Маҳаллий мутахассисларнинг бир қанчаси Хитойда тажриба орттириб келган.
- Корхонада ишлаётганимга 6 ой бўлди, - дейди Қарши туманилик Оқила Азизова. – Икки йил аввал коллежни тамомлаганман. Йигирув цехида меҳнат қилаяпман. Ўзимга юклатилган вазифани яхши ўзлаштирдим. Фойдали иш билан машғул эканимдан хурсандман.
Қайд этиш жоиз, корхонада қувват ишга тушганига ҳали кўп бўлмади, бироқ аллақачон ишлаб чиқарилган маҳсулотни хорижга экспорт қилишга ҳам улгурилди. Ўтган йили бу кўрсаткич 7 миллион 600 минг АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилнинг январида қиймати 3 миллион доллардан кўп маҳсулот экспортга чиқарилди. Асосий харидорлар Туркия, Россия ва Хитой мамлакатлари ҳисобланади. Келгусида экспорт географиясини кенгайтириш мақсад қилинган. Янги-янги хорижлик ишбилармонлар ҳамкорлик таклиф этаётгани шунга имкон беради.
Корхона мутасаддиларининг билдиришича, кейинги босқичда тўқув фабрикасини қуриб фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Бу ерда юзлаб тўқув дастгоҳлари ўрнатилади. Фабрика 9 гектар ҳудудда жойлашади. Йилига 13 минг метр газлама ишлаб чиқарилади. Қўшимча 650 иш ўрни яратилади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини эса 90 миллион АҚШ долларидан ошириш режалаштирилган. Сўнгги босқичда эса тайёр маҳсулот – кийим-кечаклар тикиш йўлга қўйилади. Маҳсулотнинг 80 фоизи экспорт қилинади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ