Хўш, хотин-қизларни қандай қилиб доимий даромад манбаи билан таъминлаш мумкин? Аввало, аёлларга мос келадиган муқим иш ўринлари яратиш орқали. Бунда шубҳасиз тадбиркорлик фаолиятининг имконияти кенг. Тегишли ташаббус доирасида биринчи галда жойларда ихчам қувватлар - тикув-трикотаж корхоналарини кўпайтириш асосий вазифа қилиб олингани ҳам бежиз эмас. Сал қунт қилса, тикувчилик - ҳамма хотин-қиз уддалайдиган иш. Қолаверса, ушбу йўналиш бизнинг шароитимизда ҳар томонлама ўзини оқлайди. Хомашё эса етарлича.
Хусусий секторнинг аёллар бандлигини ошириш борасидаги салоҳиятига Ғузор тумани мисолида баҳо берсак. Тўғри, сўнгги вақтда ҳудудда хотин-қизларни ишчи кучи сифатида жалб этиш мумкин бўлган қувватлар сони ортмоқда. Бунда енгил саноат тармоғининг ўрни салмоқли. Бироқ ҳозирда туманда йирик текстиль корхоналари йўқ ҳисоби. Аксинча, кичик-кичик тикувчилик цехлари эса талайгина. Улар истеъмол бозори талабини баҳоли қудрат қоплай олаяпти. Яқинда иш бошлаган "Вална бранд" масъулияти чекланган жамияти қошида ҳам шундай қувват ташкил этилган.
- Айни пайтда цехимизда 8 нафар чевар хотин-қизни ишлатаяпмиз, - дейди корхона раҳбари Муяссар Шодиева. - Улар атрофдаги яқин маҳаллалардан келиб меҳнат қилишади. Тез орада яна 10 дона тикув дастгоҳи олиб келамиз. Натижада қўшимча шунча янги иш ўрни яратилади. Маҳсулотимиз харидоргирлиги ошаётгани бизга қўл келаяпти, албатта. Кўпроқ болалар кийим-кечаклари ишлаб чиқаришга эътибор қаратганмиз. Жинси матосидан кичкинтойлар учун юбка, шортик, шим кабиларни тайёрлаяпмиз. Маҳсулот маҳаллий бозордан ортмайди. Энди қамровни кенгроқ олмоқчимиз. Яқин орада эркаклар кўйлаги ва яктаги, аёллар халатини тикишни йўлга қўямиз.
Маълум бўладики, ишбилармон аёл ўз бизнесидан, хотин-қизлар эса шу иш билан шуғулланаётганидан моддий манфаатдорлик сезаяпти. Ҳунар эгаллагани фойдага хизмат қилаяпти.
Дарҳақиқат, бирор ҳунарни касб қилган киши хор бўлмайди. Қайтанга тадбиркорга айлана олади. Фақат нима ишлаб чиқариш ва уни қандай сотишни билса бўлгани. Бунинг устига бугун юртимизда ҳунармандларга кенг имтиёзлар тақдим этилган. Айни омил охирги пайтда соҳада жиддий ўсиш кўзга ташланишига туртки берди, десак хато бўлмас. Туманнинг Наврўз маҳалласида яшовчи Инобат Раҳимқулова ҳам асли ҳунармандлардан, салкам 40 йиллик тажрибага эга. Ҳунари - тикувчилик ва каштачилик сир-асрорини қанчадан-қанча ёшларга ўргатган. Ҳозирда келини ва қизини ёнига олган, уйида мўъжазгина цех очган, оилавий тадбиркорлик билан машғул.
- Чеварликдан хабари бор аёлга доим иш топилади, - дейди у. - Давлат рўйхатидан ўтиб, фаолият юритаётганимизга ҳам 10 йил бўлади. Ҳар биримизга биттадан тикув машинаси бор. Чопон, яктак, келинлар паранжиси сингари миллий либосларни тикамиз. Қадимий урф-одатларимиз барҳаёт экан, бу маҳсулотларга талаб ўлмайди. Бозордан жой олганмиз, тайёр маҳсулотларни ўша ерда сотамиз. Маҳалламиздаги тикувчиликка уқуви бор хотин-қизларни касаначилик асосида иш ва буюртма билан таъминлаганмиз. Ҳаммасига тикув машинаси берганмиз, уйида туриб тикув қилишади. Хомашёсини ҳам етказиб берамиз. Иш ҳажмига қараб даромад топишади. Бундай ишлаш ўзимизга ҳам маъқул.
Ҳунарманднинг айтишича, буюртма кўплигидан маҳсулотни етказишга улгуриш қийин бўлаяпти. Шу боис бошқа жойдан қўшимча цех қуриш, дастгоҳлар сотиб олиб, ишлаб чиқариш салмоғини ошириш мўлжалланган. Бунинг учун тижорат банкидан молиявий кўмак олишмоқчи.
Таъкидлаш ўринли, хотин-қизларнинг уйдан чиқмай ҳам даромад кўришига имконият бор. Томорқадан унумли фойдаланиш ҳам кифоя. Маблағ муаммо бўлса, тижорат банкига имтиёзли кредит олишни сўраб мурожаат қилишингиз мумкин.
- Томорқа майдонимиз 10 сотихга етади, - дейди ғузорлик Зулхумор Жабборова. - Бултур шунинг 6 сотихида иссиқхона барпо қилдик. Албатта, бунча сарф-харажатга ўз кучимиз етмасди. Бизнес-режамизни банкка бердик ва "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида 27 миллион сўм имтиёзли кредит олдик. 30 миллион сўмдан ошиқ сармояни ўз ёнимиздан қўшдик. Натижада томорқани чин маънода даромад манбаига айлантира олдик. Турмуш ўртоғим, ўғлим, қизим билан биргаликда иссиқхонада маҳсулот парвариши билан бандмиз. Январь ойида 4 сотихга 1000 тупдан зиёд помидор кўчати эккандик. 10 кундирки, пишиб етилган ҳосилни бозорга чиқараяпмиз. 1 тоннадан кўп маҳсулот сотдик. 2 сотих жойда эса лимон парваришлаяпмиз. 2-3 йилда унинг ҳам фойдасини била бошлаймиз.
Шуларни ҳисобга олиб, бор эътиборини томорқа хўжалигини ривожлантиришга қаратаётган оилалар кўп. Нафақат деҳқончилик, балки паррандачилик, чорвачилик, қуёнчилик каби соҳалар ҳам сердаромад йўналиш сифатида танланаяпти. Бу фаолият билан хотин-қизлар ҳам бемалол шуғулланиши мумкин, шундай қилинса, рўзғордан узилиб қоламан, деган хавотир ҳам бўлмайди.
Сир эмас, туризм энг кўп иш ўрни яратиш имконига эга тармоқдир. Соҳанинг жадал равнақ топишидан эса хотин-қизлар ҳам бебаҳра қолмайди. Сайёҳлик салоҳияти юқори саналган ҳудудларда меҳнат билан банд бўлганларнинг асосий қисмини аёллар ташкил этиши ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Тумандаги "Sunbula luxe tourizm" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилафрўз Муҳаммадиева рўёбга чиқараётган лойиҳа ҳам нозик жинс вакиллари иштирокисиз олға силжимайди. Сабабини тадбиркорнинг ўзидан эшитсак.
- Туризм жабҳасида энди-энди ўсиб келаётган субъектмиз, - дейди ишбилармон. - Бошида бироз қийналдик ҳам. Негаки, Ғузорнинг сайёҳлик имкониятлари паст баҳоланади. Шуни инобатга олиб, ҳудудга туристларни олиб келиш эмас, балки уларни мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойларига сафар қилдиришга урғу бердик. Асосан маҳаллий сайёҳлар билан ишлаймиз. Бундан ташқари, туризм маҳсулотлари ишлаб чиқариш режамизда бор. Шу пайтгача бўш турган тиббиёт муассасаси биносини "ноль" харид қийматида олдик. 300 миллион сўм инвестиция киритиш мажбуриятини қабул қилганмиз. Каштачилик цехини йўлга қўямиз. Ҳозиргача 60 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфлаб, 15 дан зиёд тикув машинаси олиб келдик. Турли бежирим сувенирлар асосий маҳсулотимиз бўлади. Уларни хорижлик сайёҳларга реализация қилишни мўлжаллаяпмиз. Бу борада бозорни ўрганиб, тажриба ҳам орттирдик. Бунинг самарасида 30 нафарга яқин хотин-қиз бандлигига эришамиз.
Хулоса ўрнида айтганда, бугунги кунда хотин-қизларни ишли қилиш учун кўплаб имконият мавжуд. Улар фаолият юритиши мумкин бўлган соҳалар ҳам кам эмас. Фақат бу борадаги салоҳият ва ресурслардан оқилона фойдалансаккина, кутилган натижага эришилади. Аёллар бандлиги юқори бўлиши эса оилаларда турмуш сифати ошишига ҳам таъсир этишини унутмаслик керак. Давлат раҳбари таклиф этган ташаббусдан ҳам кўзланган мақсад шу аслида.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Собир Нарзиев олган суратлар.