Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

11.05.2017


ХОТИРА - АБАДИЙ, ЖАСОРАТ – МАНГУ

Ўтганлар хотирасига чуқур эҳтиром рамзи сифатида  Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Қайд этиш жоизки, бугун халқимиз учун мазкур майдонга келиб, ўтганларни ёд этиш, уларнинг руҳига ҳурмат бажо келтириш ибратли анъанага айланган. Шу билан бирга, монументдаги мотамсаро онанинг маҳзун қиёфаси ҳар биримизни чуқур мушоҳадага, айни дамда ҳушёрликка чорлайди. Уруш ва қирғинларга йўл қўймасликка, бугунги ёруғ ва дориломон кунларимизнинг қадрига етиб яшашга даъват этади. Ҳайкал пойига битилган "Сен доимо қалбимдасан, жигарим" сўзлари миллатимизнинг,  халқимизнинг Ватан озодлиги, юрт тинчлиги йўлида қурбон бўлган фарзандларига чексиз эҳтиромини англатиб, қалбларимизда доимо акс-садо бериб туради.

Инсоният тарихидаги энг қирғинбарот урушда мамлакатимиздан 1,5 миллион киши қатнашган бўлса, 500 мингга яқин юртдошларимиз урушда ҳалок бўлганини, қанчаси бедарак кетганини, қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтганини ҳисобга оладиган бўлсак, бизнинг халқимиз фашизм балосига қарши курашга қандай катта ҳисса қўшганини тасаввур қилиш қийин эмас. Биргина вилоятимизни оладиган бўлсак, 47 мингдан ортиқ фуқаро жанггоҳларда иштирок этган ва уларнинг ярмидан кўпи ортга қайтмаган.

Тарихда буюк сана бўлиб қоладиган бу воқеа, яъни фашизм устидан ғалаба қозонишда мардлик ва матонат кўрсатган кўпмиллатли минг-минглаб инсонлар қаторида 338 нафар юртдошимиз юксак қаҳрамонлик унвонига сазовор бўлгани, қанча-қанча оталаримиз, боболаримиз ўз жонини фидо қилиб, жанговар орден ва медаллар билан  мукофотлангани қалбимизга ҳақиқатан ҳам фахр туйғусини бағишлаши табиийдир.

Бугунги авлодлар учун Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган юз минглаб юртдошларимизнинг номи ҳам, жасорати ҳам маълум ва ҳеч қачон унутилмайди. Шунинг учун уларнинг номи мана шу майдондаги "Хотира китоби"га зарҳал ҳарфлар билан мангу муҳрланган. Мажмуага келган ҳар бир ватандошимиз уни варақлайди, унда битилган исмларни ўқий туриб, жасорат, матонат ҳеч қачон унутилмаслигини, юксак қадрланишини дилидан ўтказади.

- У кунларни биз кўрдик, бошқалар кўрмасин, - дейди Қарши шаҳри Кат маҳалласида умргузаронлик қилаётган меҳнат фахрийси Неъматулла Раҳматуллаев. - Отам урушга отланганда, мен қирқ кунлик чақалоқ бўлганман. Отам жаҳон тарихида энг қирғинбарот уруш саналадиган Сталинград жангида ҳалок бўлган, ўша жойда, Александров қишлоғида дафн қилинган. Етим, ота меҳрига зор бўлиб ўсдим. Неварамга отамнинг исмини қўйганман. Байрамларда уни ҳам Хотира майдонига олиб келаман. Юрт, Ватан учун жонини фидо этган боболари ҳақида гапириб бераман. Бугунги тинчликнинг қадрига етинглар, деб уқтираман.  

Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, мазкур Хотира майдони Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 2002 йилда бунёд этилган. Тадбирда Биринчи Президентимизнинг ёрқин хотираси ёдга олиниб, мустақиллигимиз асосчиси, буюк инсон Ислом Каримов хотираси қалбларимизда мангу яшаши айтилди.

Байрам Қарши шаҳридаги муҳташам ресторанлардан бирида бир пиёла чой устида давом эттирилди.

Хотира ва қадрлаш куни тадбирлари вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo