Тарихга ҳурмат билан қараш, уруш ва меҳнат фахрийларини қадрлаш, азалий қадриятлар, миллий урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, шукроналик билан яшаш, ёшларга ҳал қилувчи куч сифатида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш ҳақида давлатимиз раҳбари томонидан баён этилган теран мантиқий фикрлар, амалий хулоса ва таклифлар жамоатчилигимизда катта қизиқиш уйғотди.
Бундан 17 йил олдин Юртбошимиз томонидан мамлакатимизда 9 май санаси Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинди. Ушбу санани шу қутлуғ ном билан умумхалқ байрами сифатида нишонлаш анъанага айланди. Шаҳарларимиз марказларидаги Хотира хиёбонлари, Мотамсаро она ёдгорлиги ўрнатилган қадамжолар халқимиз учун муқаддас зиёратгоҳ экани ҳар биримизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Бошқача айтганда, хотира ва қадрлаш деган бир-бирини тўлдирадиган, ўзаро боғланган иккита эзгу тушунча айни шу номда ўзининг ёрқин ифодасини топди.
Тарихий хотира - бу нафақат Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган ота-боболаримизни эслаш, балки бугунги тинч ва осойишта ҳаёт, мусаффо осмон учун жон фидо қилган барча инсонларни ёд этиш, демакдир. Тарихий хотира - бизнинг ким эканимиз, Амир Темур ва Мирзо Улуғбек, Ибн Сино ва Беруний, Алишер Навоий ва Бобур Мирзо каби не-не буюк зотларнинг авлоди, қандай бебаҳо маданий мероснинг ворислари эканимизни ҳеч қачон унутмасликка, ана шундай ўлмас миллий қадриятлар, пок эзгу ғоялар учун курашиб яшашга чорлайдиган даъваткор кучдир.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, тарих - бу хотира дегани, ўтган аждодларнинг шонли ишлари, қаҳрамонликларини эслаш, ўтмиш воқеаларидан тўғри хулоса чиқариб яшаш дегани. Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаёт. Хотира миллат виждонидир.
Ўтганларнинг хотирасини эсга олиш, уларнинг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш халқимизга хос азалий қадрият бўлиб келмоқда. Зотан, жанг майдонларида Ватан учун, бугунги ва эртанги авлодларнинг ёруғ кунларга етиши учун жон берган, ўзини фидо этган инсонлар хотирасини ёдга олсак, бугун ҳаёт бўлган фахрийларимизга қанча ҳурмат-эҳтиром ва эътибор кўрсатсак, Ислом Каримов таъбири билан айтганда, ҳеч қачон кам бўлмаймиз.
Қадрлаш - она диёримизни, халқимизнинг озодлиги ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи ватандошларимизга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш демакдир. Бошқача айтганда, ҳаётнинг кўплаб синовларини, азоб-уқубатларини бошдан кечирган, Ватан учун, эл-юрт учун жон олиб, жон берган, бугун эса кексалик гаштини сураётган меҳрибон ота-боболаримизни, мунис момоларимизни эъзозлашдир.
Меҳр-оқибат - халқимизнинг энг олий, ноёб фазилати. Ҳар қайси халқнинг бағрикенглиги ва олижаноблиги, одамийлиги ва инсонпарварлиги нафақат ўз яқинлари, балки бегона одамларнинг бошига мусибат тушганда улардан ўз меҳри ва ёрдамини аямаслигида яққол кўринади, синовдан ўтади.
Юртдошларимиз фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган бир миллионга яқин болалар, аёллар ва қарияларни қабул қилгани, уларга бошпана бергани, ҳатто охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўргани, "Сен етим эмассан" дея уларни ўз бағрига олиб, меҳр-мурувват кўрсатгани халқимизнинг инсонийлик фазилатлари ва олижаноблигининг амалий намоёни бўлди.
Юртбошимиз таъкидлаганидек, "…жаҳон тарихидаги энг қонли, мислсиз қурбонлар, мусибат ва офатлар олиб келган урушда эришган ғалаба кунини нишонлар эканмиз, орадан шунча йиллар ўтганига қарамай мамлакатимизда биронта одам йўқки, ўша даҳшатли урушни, унинг асоратларини эсидан, хаёлидан чиқарган бўлса. Шунинг учун ҳам бу қутлуғ айёмни, бир томондан, катта ғурур ва ифтихор билан, иккинчи томондан, кўзимизда ёш билан кутиб оламиз".
Ўзбекистон, ўзбек халқи бошқалардан ҳеч кам бўлмаган ҳолда бу ғалабага ўзининг катта ҳиссасини қўшган. Биргина далил - тарихда буюк сана бўлиб қоладиган бу воқеа, яъни фашизм устидан ғалаба қозонишда мардлик ва матонат кўрсатган кўпмиллатли минг-минглаб инсонлар қаторида 338 нафар юртдошимиз юксак қаҳрамонлик унвонига, яна ўн минглаб ўзбеклар эса жанговар орден-медалларга сазовор бўлган.
Халқимиз учун бу уруш кўп зиён-заҳмат ва қайғу-аламлар келтирган. Яъни ўша даврда Ўзбекистонда қарийб 6,5 миллион аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллион нафари урушга отланган. Бу дегани қурол кўтаришга кучи етадиган йигитларнинг бари фронтга кетиб, юртимизда деярли фақат қариялар, аёллар ва ёш болаларгина қолган.
Энг ачинарлиси, уруш деган офат келтирган йўқотишлар оқибатида 500 минг навқирон йигитимиз жанг майдонларида ҳалок бўлган, яна не-не инсонлар ўсмир ёшида майиб-мажруҳ бўлиб қолган. Бунинг устига, қанчадан-қанча келинчаклар фронтга кетган ёри йўлига кўз тикиб, бутун умр бева ўтган. Отасиз қолган гўдаклар эса етимлик азобига дучор бўлган.
Шуни афсус билан қайд этиш жоизки, собиқ тузум замонида матбуотда, урушга бағишланган китобларда, кино ва саҳна асарларида урушнинг туб моҳиятига хос бўлган аламли йўқотишлар кўпинча хаспўшлаб тасвирланган. Уруш одатда "ура-ура"чилик, безиён қаҳрамонлик сифатида сиёсат қобиғига ўраб кўрсатилгани ҳолда, унинг азоб-уқубатлари эътибордан четда қолдирилгани ҳам бор гап.
Ваҳоланки, тўрт-беш йиллаб жанггоҳларда қон кечган оталаримиз қандайдир "доҳий учун" ёки "номаълум тепаликни эгаллаш учун" жанг қилмаган. Аксинча, улар ўз юртида туғилган фарзандининг дийдорига етиш орзу-армонини қалбига жойлаб ўлимга тик борган, эл-юрти ва яқинлари учун жонини қурбон қилган.
Нега деганда, улар ҳам биз каби ҳис этган, ўйлаган ва фикрлаган. Балки, тинчлик-омонликнинг аҳамияти ва урушнинг офати ҳақида улар биздан ҳам кўра теран мушоҳада юритган бўлса ажаб эмас. Бугун биз шу ҳақда янада чуқур ўйлашимиз, масаланинг моҳиятини тўла тушуниб олишимиз ва шу асосда келгусида бундай урушларга йўл қўймаслигимиз керак.
Шу маънода, теварак-атрофимиздаги айрим давлатларда ўтказилаётган парадлар, ҳарбий техника ва қурол-яроғ намойишлари каби ҳолатлар замирида, биринчидан, урушнинг туб моҳиятига юзаки қараш, иккинчидан, жанговар кучни кўз-кўзлаш, содда қилиб айтганда, бошқаларни қўрқитиш сиёсати ётгани ачинарлидир.
Дунёда барча мустақил давлатлар, катта-кичиклигидан қатъи назар, ўзаро тенгдир. Улар ана шу тенглик ва мустақиллик негизида, тинчлик-осойишталик ҳамда барқарорлик муҳитида бир-бири билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиради.
Бинобарин, буюк давлат арбоби ва музаффар саркарда, моҳир дипломат, 27 та давлатни ўзида бирлаштирган улкан салтанат ҳукмдори Соҳибқирон Амир Темурнинг геосиёсат ва ҳарбий стратегия, давлат бошқаруви ва бунёдкорлик фаолиятида эришган тарихий ютуқлари ҳам зўравонлик эмас, аксинча, "Куч - адолатда", деган ҳикмат меваларидир.
Фашизм устидан ғалаба қозонилганига 71 йил тўлганига қарамай, дунёнинг турли ҳудудларида ҳамон зулм ва зўравонлик ҳукмронлик қилмоқда, уруш оловлари ёнмоқда. Бу фикрнинг тасдиғини 35 йилдан буён жанговар ҳаракатлар давом этаётган Афғонистон мисолида кўриш мумкин.
Афғон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигини давлатимиз раҳбари мўътабар минбарлардан туриб алоҳида таъкидлаган. Муттасил давом этаётган уруш Афғонистон халқининг тинкасини қуритмоқда ва муаммони ҳал этишни янада қийинлаштирмоқда.
Президентимиз огоҳ этганидек, Афғонистондаги вазият эл-юртимиз, бутун минтақамиз аҳолисини ҳушёр ва сезгир бўлиб яшашга ундайди. Бизга таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай хавф-хатарга қарши олдиндан чора-тадбирлар кўришни тақозо этади.
Негаки, алоҳида олинган бир давлатдаги ҳар қандай можаро узоқ вақт давомида миллий чегаралар доирасида қолиб кета олмайди. Ўз навбатида, глобаллашиб ва тез ўзгариб бораётган дунёда экстремизм, терроризм деб ном олган, тобора кенгайиб бораётган хатарлар, фашизм деган бало яна майдонга чиқаётгани юртдошларимизда ташвиш уйғотмоқда.
Ана шундай кескин вазият давлатимиздан, жамиятимиздан миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш, ҳар қандай бало-қазоларнинг юртимизга кириб келишининг олдини олиш, чегараларимизнинг дахлсизлигини, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида замон талаб қиладиган, зарур чораларни амалга оширишни тақозо этмоқда. Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг салоҳиятини янада оширишга эътиборни кучайтириш давр талаби эканини таъкидлаш лозим.
Айни чоғда, Ўзбекистоннинг ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмаслиги ва мамлакатимиз ҳудудида чет давлатларнинг ҳарбий базалари жойлашувига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига йўл қўймаслик сиёсати қонун билан мустаҳкамлаб қўйилгани бугунги мураккаб вазиятда энг маъқул ва тўғри йўлдир.
Юртбошимизнинг ана шу даъватларидан келиб чиқадиган муҳим хулоса шуки, жаҳон майдонида халқаро хавфсизлик масаласи билан боғлиқ янгича тенденция ва вазиятлар, янги таҳдидлар пайдо бўлаётганини ҳар биримиз чуқур ҳис қилиб, айни чоғда янада ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашимиз даркор.
Ҳа, бугун атрофимизда рўй бераётган турли воқеаларга тўғри ва муносиб баҳо бермасдан, кечаётган жараёнларга ўзимизнинг дахлдор эканимизни ҳис қилмай, "бу муаммоларга менинг дахлим йўқ, улар ҳақида ўйлаш менинг ишим эмас, бошқалар бош қотирсин", деган тушунча билан яшашнинг, лоқайдликнинг вақти аллақачон ўтиб кетган.
Мустақиллик йилларида Ватанимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат манфаатларидан устунлиги мустаҳкамланди. Фуқароларимиз учун муносиб ҳаёт шароитини яратиш давлат ва жамиятнинг бош мақсадига айланди. Юртимизда ижтимоий адолат тамойиллари тобора устувор аҳамият касб этмоқда.
Истиқлол туфайли юртимизда одамларнинг дунёқараши тубдан ўзгармоқда, юксалмоқда. Бугунги замондошларимиз билан 90-йиллардаги инсонларнинг дунёқараши, онгу тафаккурида ер билан осмонча фарқ бор. Энг муҳими, оиламиздаги, меҳнат жамоамиздаги, фарзандларимиз таълим олаётган билим масканларидаги, барча шаҳар ва қишлоқларимиздаги, бутун Ўзбекистонимиздаги бунёдкорлик, яратувчанлик ва янгиланишлар натижаларини ҳар қадамда кўряпмиз.
Бугун ҳал қилувчи куч сифатида ҳаётда ўз муносиб ўрнини топаётган ёшларимизга мурожаат қилар экан: "Мен сизларга ўзимга ишонгандек ишонаман. Бўш келманглар, болаларим, марра бизники!" деди Президентимиз.
Бу сўзлар замирида навқирон авлодимизга нисбатан қанчалар меҳр, ишонч ва эътибор мужассам эканини кўплаб амалий мисолларда кўриш мумкин. Зеро, ўз фарзандларининг келажаги ҳақида чинакам ғамхўрлик қиладиган халқнинг эртанги куни ёруғ бўлишига шак-шубҳа йўқ.
Дунёда "ўзбек модели" номи билан эътироф этилган миллий тараққиёт йўлимизнинг асосий принциплари Президентимиз илгари сурган ҳамда умуммиллий шиорга айланган "Мустақиллик - бу ҳуқуқ", "Демократия - қонунга ва шахсга ҳурмат демакдир", "Ўзбекистон - келажаги буюк давлат", "Ислоҳот - ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун", "Ўзбек халқи ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмайди", "Биздан озод ва обод Ватан қолсин" каби инсонпарвар демократик ғоялар негизида ишлаб чиқилгани барча ютуқларимизнинг етакчи омили бўлмоқда.
Бу йил озод ва обод Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ 25 йиллиги юртимизда кенг нишонланади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Янги тарихимизнинг энг ёрқин саҳифасини ташкил этадиган ана шу буюк санага ҳар томонлама муносиб ва салмоқли ҳисса қўшиш Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун улкан шарафдир".
Истиқлол йилларида халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори ошиб бормоқда. Бу ютуқнинг ҳал қилувчи мезони ва омили, аввало, меҳнатсевар ва тинчликпарвар, мард ва матонатли халқимизнинг юксалиб бораётган дунёқараши, онгу тафаккури, сиёсий ва ижтимоий фаоллиги, ҳаётга қараши тобора ўзгариб бораётганида, деб таъкидлади мамлакатимиз раҳбари.
Албатта, биз ўтган даврда қандай натижаларга эришган бўлсак, ушбу муваффақиятларнинг ҳаммаси биринчи навбатда тинчлик ва омонлик туфайлидир. "Тинчлик" ва "омонлик" аталмиш, бир қарашда оддий бўлиб кўринадиган ушбу икки калима замирида барқарор ривожланиш, миллий тараққиёт ва халқ фаровонлиги тушунчалари мужассам. Нуронийларимиз ҳамиша дуога қўл очганида, аввало оилаларимизга, маҳалламизга, юртимизга, бутун дунёга тинчлик ва омонлик тилашлари бежиз эмас.
Шу маънода, давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида ушбу ҳаётий ҳақиқатни қайта-қайта ёдимизга солиш орқали тинчликни таъминлашга ҳар биримиз масъул эканимизни алоҳида таъкидлаб келмоқда. Натижада "Бизга тинчлик ва омонлик керак", деган эзгу даъват кейинги йилларда халқимизнинг юрак-юрагига тобора сингиб, ҳаётининг мазмунига айланиб бормоқда.
Бу ниҳоятда муҳимдир. Чунки юртимизда тинчлик-осойишталик бар-қарор экани туфайли бугунги кунда узоқни кўзлаган мақсад, вазифа ва режаларимизни қатъий аниқлаб олганмиз. Шу жумладан, мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми 2030 йилга бориб икки каррадан зиёд кўпайиши барчамизда эртанги кунимизга катта ишонч бағишлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз олиб бораётган оқилона ички ва ташқи сиёсат самарасида ҳамда халқимизнинг бунёдкорлик куч-қудрати ва яратувчанлик шижоати эвазига яқин истиқболда юртимизни янада обод қилиш, ҳаётимизни юксалтириш бўйича дунёдаги энг тараққий топган давлатлардан, эркин ва озод яшаётган халқлардан асло кам бўлмаслигимиз тайин.
Акмал САИДОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати.