Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Парда ЭШМАТОВ

22.12.2016


ХОТИРАДАГИ ФОЖИАЛАР

 

Одамларни қийнаш, хўрлаш ва қонунларни оёқости қилиш уларнинг кундалик иш амалиётига айланган эди. Ўзбек халқи бошига туҳмат балолари ёғдирилди. Шу баҳона бутун халқ ўғри, каззобга чиқарилди. Марказий матбуотда, телевизор, газета-журналларда ўзбеклар ёппасига порахўр деб жар солинди. Аслида бундай шов-шувлардан мақсад мамлакат ичкарисида эмас, ҳаттоки хорижда ҳам Ўзбекистоннинг номини қорага чиқариш, юзини шувут қилиш эди.

Гдлян ва Иванов бошчилигидаги тергов гуруҳи республикага келган биринчи кундан бошлаб адолатсиз тергов ишлари, ноҳақ қама-қамалар бошланди. 1983-1985 йилларда "пахта иши" деб аталган ишлар бўйича республика аҳолисидан 4,5 мингга яқин киши жавобгарликка тортилди ва судланди.

Бундай ишлар Қашқадарё халқини ҳам эсанкиратиб қўйди, уларнинг тинкасини қуритди. Гдлянчиларнинг зўравонликларидан қашқадарёликлар кўп азият чекканди. Энг кўп қамалганлар ҳам шу вилоятдан эди.

Манбаларга кўра, 1985 йилнинг бор-йўғи уч  ойида вилоят раҳбарининг уч муовини, саккиз нафар бўлим мудири, шаҳар ва туман партия қўмиталарининг 26 нафар котиби, вилоят ижроия қўмитаси раиси, унинг 4 нафар ўринбосари, масъул котиби, шаҳар ва туман ижроқўмларининг 12 нафар  раиси, вилоятдаги йирик ташкилотлар раҳбарларидан 27 нафари, 99 та колхоз ва совхознинг раис ва директорлари ишдан олиниб, аксарияти жиноий жавобгарликка тортилди. Судланганлар орасида 172 та хўжалик раҳбари ва 11 та райком секретари ҳам бор эди. Биргина Шаҳрисабз туманидан 1058    нафар одам терговга чақирилди.

Қисқа вақтда вилоятда "пахта иши" деб номланган тергов органининг "маҳсулот"и кўпайиб кетди. Ишларни зудлик билан судда кўриб чиқиш учун вилоятимизга қўшни Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Фарғона вилоятларидан судьялар сафарбар қилинди.

Қонунга риоя қилинмайдиган жойда одил судлов ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Ўша пайтда ҳатто судда ҳам адолатсиз айбланаётган кишини ҳимоя қилиш осон эмас эди, судьяларга юқоридан ноқонуний таъсир кўрсатишлар, марказ томонидан берилган топшириқлар бунга йўл қўймасди. Бу давр зўравонлик ва қонунсизлик кучайган, шахс ҳамда давлат манфаатлари топталган, бутун халқнинг бошига туҳмат тошлари ёғилган давр эди.

Шундай пайтда маҳаллий амалдорлар халқнинг эгилган қаддини тиклаш учун ҳеч бир иш қилмади. Аксинча марказга мўлтираб, "интернационал", "тоза" раҳбар кадрлар юборишни сўраб мурожаат қилганликлари вазиятни янада оғирлаштирди. Республиканинг ўша даврдаги раҳбарияти кадрлар масаласида ёрдам сўрагач, кейинчалик "десантчи"лар деб ном олган, Ўзбекистоннинг шарт-шароитини, халқнинг менталитетини мутлақо билмайдиган, маҳаллий аҳолига тепадан туриб қарайдиган шахслар турли ўлкалардан келиб, масъул лавозимларни эгаллай бошлади. Қашқадарё вилояти ижроия қўмитасининг раиси А.Кадин ҳам Белгород шаҳридан келган бўлиб, ўзига ўхшаган 18 нафар "десантчи"дан бошқа ҳаммани ўғри, порахўр, муттаҳам деб биларди. Шу баҳона унинг "тозалаш" ўтказишдан бошқа дарди-фикри йўқ эди.

Тез орада суд идораларига ҳам ана шундай кадрлар юборила бошланди. Ўша даврда Қашқадарёга "учирма" қилинган "қози"лардан бири В.П.Ожгихин вилоят суди раисининг ўринбосари лавозимини эгаллади. Ўзбек тилини мутлақо билмайдиган, тушунмайдиган, маҳаллий сўзлашувдан хабари бўлмаган Ожгихин "пахта иши" комига тортилган инсонларнинг айбли ёки айбдор эмаслигини элакдан ўтказувчи маҳкама, яъни суд аталувчи нуфузли идоранинг масъул вазифасида юқоридаги оғалари тиргагида 4 йил ишлади.

Ана шундай алғов-далғов, қалтис, халқнинг руҳи тушган жуда мураккаб ва оғир шароитда аввал Қашқадарёга, кейин мамлакатга Ислом Каримов раҳбар бўлди. "Пахта иши" билан боғлиқ қонунбузарликларни фош этиш, бегуноҳ кишиларни оқлашда Ислом Каримов бошчилигида республикада кенг кўламли ишлар бошланди. Бу ишлар марказдан ҳеч қандай рухсат сўрамасдан мустақил тарзда олиб борилди. Шундай мураккаб шароитда иттифоқдош республикалар ичида биринчи бўлиб республика Бош прокурори Ислом Каримовнинг тавсиясига кўра тайинланди. Биринчи Президентимиз Бош прокурор  олдига республикамиз манфаатларини ҳимоя қилиш, биринчи навбатда, "пахта иши" бўйича ноҳақ қамалган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқини тиклаш масаласини қўйди. Ўзбекистон Олий Совети Президиуми 1989 йил 12 сентябрда "Пахтачиликда қўшиб ёзишга йўл қўйгани учун жиноий жавобгарликка тортилган кишиларни афв этиш мақсадида ҳужжатлар тайёрлайдиган комиссия"ни ташкил этди. Бу комиссия тергов ҳужжатларини Ўзбекистонга қайтариб, минглаб ишларни қайта ўрганди. Узоқ давом этган машаққатли кураш натижасида 2940 кишининг ҳақ-ҳуқуқи қайта тикланди, 1015 киши асоссиз судлангани аниқланди. Ноқонуний равишда ҳибсга олинган ватандошларимиз озодликка чиқди.

"Пахта иши" тўғрисида Биринчи Президентимиз шундай деган эди: "Пахта иши" деб аталмиш масалани кўриб чиқишда йўл қўйилган жиддий хатолар ва нуқсонлар, бу масалага ўйламай-нетмай ёппасига ёндашувлар, кўпинча эса иқтидорли одамларни асоссиз равишда актив фаолиятдан четлаштириш, буларнинг ҳаммаси жуда кўплаб одамлар ва уларнинг оилалари тақдирида машъум роль ўйнагани халққа жуда ёмон таъсир қилди".

Бир инсоннинг тинимсиз ҳаракатлари натижасида, оғир машаққатлар эвазига тез орада халқ туҳмат ва маломатлардан халос этилди. Одамларнинг ҳурмати жойига қўйилди, тўпланиб қолган муаммоларга зудлик билан ечим топилди. Ислом Каримовнинг қандай катта жасорат, сиёсий вазминлик билан кураш олиб боргани, эл-юртимизга суяниб, унинг қалбига йўл топиб, вазиятни ўнглаш, юртимизни ҳалокатли инқироз гирдобидан олиб чиқиш, истиқлол сари бошлаш бўйича қатъий чора ва тадбирлар, чуқур ислоҳотларни амалга оширгани бугун халқимизнинг ёдида.

Шундай шароитда истиқлол шуъласи атрофни ёрита бошлади. Ислом Каримов раҳбарлигида республикада ҳуқуқий-демократик давлат барпо этилди, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари биринчи ўринга қўйилди. Буларнинг барчаси миллат руҳиятига тоза куч бағишлади. Халқнинг ғазабига учраган "гдлян"чи ва "десантчи"лар қолдирган оғир асоратлар тугатилди.

Ўша кунлар ҳақида ўйларканмиз, Ўзбекистон бахтига, халқимиз пешонасига шундай улуғ инсонни раҳбар қилиб бергани учун яратганга шукроналар айтамиз. Бугун унинг эзгу ишлари Буюк Йўлбошчининг сиёсий вориси томонидан муносиб давом эттирилишига бўлган ишонч ҳам халқимизнинг яна бир бахтидир. Зотан, Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек, тарихий бурилиш палласида халқ дарди, миллат қайғуси буюк шахсларни яратишини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Парда ЭШМАТОВ,

Ўзбекистон суд тизими фахрийси

Report typo