Ҳикоя
Ёшим йигирма еттида. Бўйдоқман. Касбим ҳисобчи. Катта бир ташкилотнинг ҳисоб-китоб ишларини юритаман. Ишдан бош кўтаришга вақтим бўлмайдию, аммо топиш-тутишим ҳам шунга яраша. Ҳали уйланмай туриб ўзимга уй-жой қилишга эришдим.
Укамни эса умуман тушунмайман. Артист бўламан, дейди. Артистлар тайёрлайдиган олийгоҳга ўқишга кирган. Тошкенти азимда яшайди, ижарада. Кекса ота-онамнинг нафақаси тўлиқ шуники. Бунинг устига ҳар келганда икки сумка қилиб "прадухта" олиб кетади. Етмаганига мендан ҳам тез-тез пул сўраб туради. Яна қарзга эмиш, ишласа қайтарармиш... Артист бўлмай кет, дейман ичимда.
Ўша куни ҳам ўқишга жўнаш олдидан саҳармардонлаб "қарз" сўради.
Кеча ишдан кеч қайтгандим, жуда толиққанман, яна эрталабдан мажлисга етиб бориш керак. Бироз кайфиятим бўлмай тургани боис жеркиб бердим.
- Ҳей, менга қара, нуқул қарз-қарз дейсан, бирор марта олган пулингни қайтарганмисан ўзи?
- Ўқишни битириб олай, ишласам қайтараман-да, ака.
- Демак, у пулларга самолёт сотиб оларканман-да! - зардам қайнади. - Тамом, пул йўқ. Кайф-сафони камроқ қилсанг, оладиган стипендиянг билан ота-онамнинг нафақаси бемалол етган бўларди.
- Қанақа кайфи-сафо? Ахир, телефонимнинг ҳам пули тугаган бўлса!
- Ажаб бўпти, қизлар билан камроқ гаплашасан.
- Ака, акажон! - укамнинг кўзлари жавдираб, пастки лаби титрай бошлади. - Ахир, бобом айтардилар-ку, бир-бирларингга меҳрибон бўлинглар...
- Бўлди-бўлди, артистлигингни йиғиштир-да, жўнаб қол, - дедим унга охири. - Бу ҳолингда сендан артист ҳам чиқмайди.
- Чиқади, ака. Ҳали кўрамиз, артистлигимга ўзингиз тан берасиз.
Пул унмаслигини тушунган укам ҳали кўрамиз, деган қиёфада чиқиб кетди. Шу воқеадан икки кун ўтиб телефоним жиринглади.
- Ал-ло-о. Нариги томондан қиз боланинг овози эшитилди.
Тўғрисини айтсам, шу вақтгача ўқиш, иш билан бўлиб бирорта қиз билан гаплашмаган эканман. Овозни эшитиб, каловланиб қолдим.
- Ким, ким бу? - дедим шошиб.
- Кечирасиз, бу кимнинг рақами? - ёқимли овозда давом этди қиз.
- Мен, менинг рақамим. Кимга телефон қилаяпсиз? Кимсиз ўзи?
Алоқа узилиб қолди. Нотаниш қўнғироққа бироз ҳайрон бўлиб, гапларимни яна бир таҳлил қилиб олар эканман, ўзимдан ўзим хафа бўлиб кетдим. Эй ландавур, дейман ўзимга ўзим. Қиз бола билан ҳам шундай гаплашиладими. Кимсан, рақамимни кимдан олдинг, деб сўроққа тутиб, қўрқитиб юбординг-ку бечорани. Балки адашиб тушгандир, балки бирортаси сени аввалдан кузатиб юрган бўлса, атайин ўзи гап бошлагандир... Буёғи кетди хаёллар...
Хуллас, нотаниш қиз хаёлимдан чиқмай қолди. Ич-ичимдан унинг яна қўнғироқ қилишини кута бошладим. Кечқурун уйга қайтсам, яна ўша пайтда телефоним жиринглади. Бахтимдан ўргилай, ўша рақам!
- Ал-лоо, ассалом алайкум! Кечирасиз, бу кимнинг телефони? - тағин сўради овоз.
- Сизга ким керак эди? - сўрадим бу сафар ўзимни анча вазмин тутиб.
- Сиз! - жавоб қилди у.
"Буни қара-я, қизча шаддодгина чиқиб қолди-ку, энди муносиб жавоб қайтармасак уят бўлар", дедим ичимда. Шу зайл анча суҳбатлашдик. Суҳбатимиз жуда мароқли бўлди. Исмини ҳам билиб олдим. Овозларига монанд Нафисахон! Суҳбатимиз сўнгида телефонининг пули тугаб қолганини қистириб кетди. Ҳеч ҳижолат чекманг, пулни ўзим ташлаб қўяман, дедим мардона овозда. Кеч бўлиб қолганига қарамай, PAYNETга йўл олдим. Телефонига анча баракалигина қилиб пул ташлаб қўйдим ўзиям.
Эртасига кечга томон ўзим телефон қилдим. Турли мавзуларда суҳбатлашдик. Кеча телефонига пул ташлаб қўйганим учун минг хижолат бўлиб раҳмат айтиши асносида ўзи бизга қўшни тумандан эканлиги, Тошкентда ўқишини, битирувчи курс талабаси экани, ота-онаси нафақасидан пул бериб туриши, аммо буни етказа олмай, жуда қийналганини гапириб берди.
Қалбимда унга нисбатан самимий бир меҳр уйғонди. Аллақачон унинг учун қайғураётган, муаммоларини ҳам ўзимники каби ҳис эта бошлаган эдим. Ишлаяпман, яхши пул топаяпман, бу бечора эса шунча қийналиб юрибди. Ёрдам беришим керак, деган қарорга келдим.
Эртасига яна анча суҳбатлашдик. Охирида қўярда-қўймай унинг пластик карточкаси рақамларини сўраб олдим...
Мана, у билан танишувимизга ҳам анча бўлиб қолди. Уни аллақачон ўзимники ҳис қила бошлагандим. Шу боис ҳеч иккиланмай учрашувга таклиф этдим.
- Сезаяпсизми, Нафисахон? Танишганимизга кўп бўлмаган бўлса-да, бир-биримизни яхши биладигандекмиз.
- Ҳа, ажабланарлиси ҳам шунда, - жавоб қилди у.
- Ҳалиги... бир учрашиб кўрмаймизми?
Қиз бола эмасми, дарров ноз қилдилар:
- Қўйинг-э, уяламан...
Жуда тиқилинч қилаверганимдан сўнг ҳозир дарслари кўплиги, вақти бўлмаслигини билдириб, яқинда уйга қайтиши, шу баҳона бирор жойда кўришиб, гаплашиб олишимиз мумкинлигини билдирди. Ўйлаб қарасам, жуда маъқул "вариант".
Ўша кунлари яқинлашгани сари юрагим ҳаприқа бошлади. Нафисахонга телефон қилиб, туман марказида учрашишни ҳам келишиб олдик. Талаба, уйга қайтишда пулдан қийналмасин, жиянчаларига совға-повға қилар деб, пластик карточкасига яна анчагина пул ташлаб қўйдим.
Ниҳоят, мен кутган вақт ҳам келди. Кийиниб, завқ-шавқ билан остона ҳатловдим ҳамки, тагчарми ейилиб кетган туфлимга кўзим тушди. Нима қилишимни билмай ўйланиб тургандим, укам келиб қолди. Дарров оёғига қарадим, яп-янги туфли. Аврашга тушдим.
Укамни туфлисини икки соатга йигирма мингга ижарага бериб туришга кўндирдим. Пулни бериб, бироз тор бўлсада, унинг туфлисини кийдиму, учрашувга йўл олдим. Туман марказига келиб ана кутаман, мана кутаман, Нафисахондан дарак йўқ. Телефон қилишга мажбур бўлдим.
- Алло, ассалом, - доимгидай майин овозда жавоб бердилар.
- Бунақамас-да, Нафисахон, - дедим шартта. - Нега кечикаяпсиз?
- Кечиринг мени, боролмайман.
- Сабаб? - сўрадим ҳайрон бўлиб.
- Сабаб шундаки, туфлимни акамга ижарага берганман, кийиб муҳим мажлисга кетганлар...
Изидан укамнинг қаҳ қаҳа урган овози эшитилди...
Буёғини айтиб бера олмайман. Ўша куни уйга қандай келганимни ўзим ҳам яхши эслай олмаяпман. Ҳаммаси артист укамнинг ҳазили экан. У мендан пул ундиришнинг шу йўлини топибди, ярамас...
Байрам АЛИ