Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

14.09.2021


ХУДО ИНСОННИ БИР УМР БАХТ ИЗЛАШ АЗОБИ БИЛАН ЖАЗОЛАГАН

Сараланган сатрлар

Кимдир ўй-кечинмаларини кундаликларда акс эттиради. Аммо тундалик ёзадиганлар ҳақида ҳам эшитганмисиз? Бунинг замонавий адабиётимиздаги классик намунасини Асқад Мухтор ижодида кўриш мумкин. Адибнинг ҳаётий хулосалари, адабий қарашлари, жамиятга оид фикрлари - одатда тунда, уйқу қочганда келган мулоҳазалари жамланганда "Уйқу қочганда" номли ажойиб китоб барпо бўлган.

Яхши ёзувчи, яхши журналист бўлишни истаган, ёинки ҳикматли сўзлар шайдоси бўлган киши бу китобни албатта ўқиши керак. "Чинор", "Бухоронинг жин кўчалари", "Бўронларда бордек ҳаловат", "Давр менинг тақдиримда", "Аму" каби асарлари билан ўзбек адабиётида ўзига хос мактаб яратган ёзувчининг тунги кечинмалари ҳеч бир кишини бефарқ қолдирмайди.

Китоб - бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани.

* * *

Ўйлайманки, Ҳамлет, Фарҳод, Дон Кихот, Обломов сингари образлар инсон хотирасига типик характер эмас, асосан типик муаммо, абадий савол сифатида михланиб қолган.

Чинакам бадиий асар ҳамма вақт жавобсиз саволдир, бордию, адиб унда бирор муаммо кўтарган бўлса ҳам, бу - амалда ҳал қилиб бўлмайдиган муаммодир. Агар муаллиф амалда ҳал қилинадиган вазифа қўйса, асосан, очерк ёки мақола бўлади. Ёзувчи эса ташвиқотчи эмас, шоир бўлиши керак.

* * *

Биз Союзда бир қўлёзмани икки йил қидирдик. Муаллифнинг тазйиқи билан нечаларга "ҳайфсан" эълон қилинди, ёзишмаларимиз икки жилд бўлиб ётибди. Икки йилдан кейин мўъжиза юз берди: "дурдона"лар топилди. Ўқидик. Мана, улардан бири:

Ҳуснингни жамоли зор этди,

Ҳар кеча кўзимни хумор этди,

Ишқинг юрагимни тор-мор этди,

Кўз ёшимни сувомбор этди.

* * *

Кичкина бир аҳмоқдан қўрқинг (масалан, у "қизил" тугмани босиб юбориши мумкин).

* * *

Шамол шамни ўчиради. Шунга ўхшаб, айрилиқ ҳам шунчаки хушторликни совитиши мумкин, чин муҳаббатни эса ўт олдиради.

* * *

Бахт - бойликда, десангиз, ҳамма бахтсиз. Чунки ақллига кўп нарса керак эмас, аҳмоқ эса барибир тўймайди.

* * *

Икки маҳбус қамоқхона панжарасидан ташқарига қараб тураркан, бири ахлат уюмини кўрибди, бири - юлдузларни...

* * *

Сизиф афсонасини биласиз, "абадий харсанг"ни ҳам биласиз.

Менинг авлодим ўша харсангни 70 йил давомида "чўққи"да юмалатди.

Ичимда нола бор. Гоҳо шу нолани эшитиб, Максим Горькийнинг гапи эсимга тушади. Ундан "Аҳволингиз қалай?" деб сўраганларида "Максимально горько!" деб жавоб берган экан.

* * *

Океан орқали телефон алоқаси ўрнатилди, энди одамлар бемалол гаплашади.

Бунга бобо деди:

- Уларнинг нима орқали гаплашишининг аҳамияти йўқ, нима ҳақда гаплашишади - шуни айтинг.

* * *

Ҳаёт шундай ажойиб мўъжизаки, ўлим унинг эвазига берилган арзимас бождир.

* * *

Одам маст бўлса, бир ухлаб тургач, ҳушига келади, аҳмоқ эса - асло. Бордию, одам ҳам аҳмоқ, ҳам маст бўлса-чи?

* * *

Ушалмайдиган орзу яхши, жавобгарлиги ҳам йўқ, дилингни аллалаб яшайверади. Аммо ушаладиган орзулар кўпинча алам билан тугайди. Сен доҳиёна шоир бўлолмасанг, бу - бир нав, ўтар-кетар... лекин кўнгил қўйганинг қўшни қиз эрга чиқиб кетса, бир умр куясан.

* * *

Францияда, Виши шаҳри яқинида Лапалисс деган жанобнинг қабри бор. У ҳаётлигида ҳаммага маълум ҳақиқатларни гапириб одамларни безор қилиш билан машҳур бўлган экан. Қабр тошига шундай деб ёзибдилар: "Вафотидан бир дақиқа олдин тирик эди".

Баъзи бировларга шундай эпитафия таклиф қиламан: "Вафотидан анча олдин ўлган эди".

* * *

Бир эсипаст гавҳарни денгизга улоқтиради, кейин уни мингта доно излаб топа олмайди.

* * *

Худо инсонни бир умр бахт излаш азоби билан жазолаган.

* * *

Қариликдан қўрқма, унга ҳали етиш керак.

* * *

Шундай йилларни кўрдикки, бахтли бўлиш уят эди.

* * *

Агар биз тарихимиз қанчалик улуғ, маънавий меросимиз қанчалик бой, қадриятларимиз нақадар чексиз эканини яхши билганимизда эди... Флобернинг "Ҳақиқат лексикони"да бир гап бор: "Агар от ўзида қанча куч борлигини билганида, тушовлаб қўйишларига эрк бермас эди".

Энди юган солиб етаклаб кета олмас, лекин барибир ўтмишни астойдил ўрганиш, билиш керак.

* * *

Уни ҳамма талантли ёзувчи деб ҳисоблар эди. Лекин бу тасаввурни ўзи бузиб қўйди: ўзи ҳам шундай деб ҳисоблар экан.

* * *

Истеъдод нималигини, таркибий қисмларини билмайману, тасаввур салоҳияти унинг жуда муҳим жиҳати эканига аминман. Биз қаҳрамонларимизни уларнинг ҳаракат ва вазиятларини аввал тасаввур этамиз, кейин тасвирлаймиз. Жюль Верн ўзи кўрмаган шаҳарларни, масофаларни, ўлкаларни тасвирлаган, унинг бу тасвирлари ҳақиқатга яқин; Жонатан Свифт Марснинг йўлдошларини улар кашф қилинишидан 150 йил олдин тасвирлаган, Беруний Америка қитъасининг борлигини Колумбдан 450 йил аввал тахминлаган. Тасаввур салоҳияти адиб истеъдодини фан билан яқинлаштиради.

* * *

"Вақт ўтяпти!" деймиз сал ҳазинлик билан. Бу гапни инсон ўзини овутиши учун ўйлаб топган. Аслида биз ўзимиз ўтяпмиз...

* * *

Вақт ўтиши билан биров ақллироқ бўлади, биров - каттароқ.

* * *

Шеърни таҳлил қила бошласалар, ғашимга тегади. Баҳорги соф ҳавонинг кимёвий таркибини ҳам текшириш мумкин. Аммо, ундан кўра, шундай кўкрак тўлатиб нафас олган яхшироқ эмасми?

* * *

Ўзимизда бўлган туйғуларни яшириш қийинми ёки ўзимизда бўлмаган туйғуларни ифодалашми? Шукур Бурҳон менинг бу саволимга шундай жавоб берган эди: иккаласига ҳам артистизм керак.

* * *

Ўзбек халқининг номини Ўзбекхон исми билан боғлашади. "Ўзбекхон" ўзи қаердан келиб чиққан?

Менимча, бу сўзнинг (демак, халқ номининг ҳам) тарихи анча узоқ. 721 йилда туркий қабилаларнинг қурултойи бўлган. Шунда Билга ҳоқон ўз нутқини бундай сўзлар билан бошлайди: "Эй, турк ўғиз беклари!" "Ўғиз" у вақтда "қабила" маъносида ишлатилган. Демак, "Ўғиз беги" - қабила бошлиғи деган сўз. Ўғиз беклари замонида элнинг анча имтиёзли бир қатлами бўлган. Ўзбеклар туркийларнинг ана шу қатламига мансуб табақадан келиб чиққан, деган фаразим бор.

* * *

Бойликни бойлик қилган - ўзимиз. Агар унга бунчалик сиғинмасак, у бир тийинга арзимас эди.

* * *

Бой бўлиш учун кўп нарсани қурбон қилиш керак: ҳаловат, саломатлик, гоҳо балки виждонни ҳам... Йўқ, меним бунга қурбим келмайди, мен унчалик бадавлат эмасман.

* * *

Мумтоз бадиий образлар кўп қаватли, яъни чуқурроқ ўйлаганингиз сари янги-янги маънолар касб этгувчи бўлади. Рассом Рембрандтнинг "Гумроҳ ўғилнинг қайтиб келиши" деган асарини биласиз, албатта. Тағин бир эсланг...

Бир қарашда, бу - шахсий тақдир: уйдан қочган бола экан, эсини йиғиб олгач, отасининг олдига қайтиб келибди, ўз уйим - ўлан тўшагим-да, дейсиз.

Яна бир қарасангиз, жами инсон болаларининг қисмати шундай: ёшлигида кўп уринади, адашади, хатолар қилади, тавбасига таянади, қуйилади, "от айланиб қозиғини топади-да", тинчийди.

Яна чуқурроқ ўйлаб кўрсангиз, бу халқлар тақдирига ҳам хос. Мана, биз. Инқилоблар қилдик, қонлар тўкдик, кишилик қонунларини буздик, шариатга қарши бордик. Пешонамиз тақ этиб деворга текканда жон тинчлиги - иймон эсимизга тушди. Қуйила бошладик, ўзлигимизни топгандаймиз. Аслимизга (уйимизга) қайтмоқдамиз...

* * *

Кимнингдир ёзганига офарин, кимнингдир ёзмагани учун раҳмат.

* * *

Ёлғон ўзи унча хавфли эмас, унинг ҳақиқатга ўхшаб кетиши хавфли.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo