Мутолаа учун тавсия
Америкалик ёзувчи Эрнест Хемингуэй (1899-1961)нинг "Алвидо, қурол!", "Фиеста", "Чол ва денгиз" каби асарлари диққатга сазовор. Адиб 1954 йилда адабиёт йўналиши бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган. "Ёзувчининг вазифаси доимо рост ёзиш ва асл моҳиятни ўқувчининг онгу шууридан жой оладиган қилиб ифодалаб беришдан иборат", дея эътироф этган Эрнест Хемингуэй ўзи кўрган ва ишонганлари борасида фақат ҳақиқатни ёзиб яшаган. Маддоҳликдан бутунлай йироқ бўлган. Унинг асарларида табиат ва инсон уйғунлиги, ҳаёт ва тириклик ҳамда яшаш ва кураш моҳияти ҳақида мушоҳада юритилган. Қаҳрамонлари меҳнат ва урушларда тобланган, дунё ва инсоният тақдири учун ўзларини масъул деб яшаган инсонлардир. Бошидан кўплаб қийинчиликларни ўтказган адиб бобоси ўн икки ёшида совға қилган милтиқ ўқидан вафот этган.
Эрнест Хемингуэй "Алвидо, қурол!" романидаги сўзбошида ёзади: "Урушларда жанг қилаётган одамлар дунёдаги энг ажойиб одамлардир, фронтнинг қизғин қисмларига кириб борганинг сари бундай ажойиб кишиларга кўпроқ дуч кела бошлайсан. Лекин урушни бошлаганлар, унинг оловига яна олов ташлаб турганлар иқтисодий рақобатдан, фойда ундиришдан бошқа нарсани ўйламайдиган тўнғизлардир. Мен урушда бойлик орттирганлар, уруш оловини ёққанлар урушнинг биринчи кунларидаёқ мамлакат гражданларининг мухтор вакиллари томонидан отиб ташланмоғи зарур, деб ҳисоблайман".
"Алвидо, қурол"даги қаҳрамонларнинг фикр-хаёллари ва тақдири ўқувчини урушнинг инсоният бошига солган мудҳиш кулфатлари ҳақида ўйлашга ҳамда тинчликнинг қадрига етишга чорлайди. Адиб ўзининг давлати ва халқини ҳеч кимдан устун қўймаган.
Адиб романда уруш ва унинг оғир оқибатлари ҳақидаги хотираларини асар қаҳрамони Фредерик Генри ҳаёти орқали ифода этади. Америкалик Генри уруш ҳақидаги фикру хаёллари ҳақиқий ҳолат билан тўғри келмаслигини жанггоҳга боргач билади. Урушда бир-бирининг қонини тўкаётганлар бошқаю уруш бошланишига сабабчилар ва уни авж олдираётганлар бошқа эканлигини кўради.
Асарда давлати, дини ва миллатидан қатъи назар умуминсоний фазилатлар улуғланган. Генри жароҳатланиб ҳарбий шифохонага тушганда ҳамшира қиз Кетрин Барклига меҳр қўйиб, биргаликда Швецияга кетишади. Улар ўртасидаги севги, самимий ва беғубор муҳаббат урушга қарама-қарши қўйилади. Улар уруш даҳшатларидан шахсий бахтга эришиш орқали йироқ бўлишга интиладилар. Аммо Кетрин бевақт ҳаётдан кўз юмиши оқибатида Фредерик Генри ҳаётнинг мураккаблиги ва шафқатсизлигини англаб етади.
Эрнест Хемингуэйнинг "Фиеста" асари урушлар ичида юрган, урушнинг инсоният ҳаётига таъсири ва оғир оқибатларини бошидан ўтказган инсонлар ҳаётига бағишланган бўлиб, "Сизлар завол топган авлодсиз!" деган эпиграф билан бошланган. Фиеста - испан халқининг миллий байрами ҳисобланади. Асарда уруш инсонларни севги-муҳаббат, меҳру оқибат ва умуман инсоний қиёфадан маҳрум этиши баён этилган. Ҳаётнинг ғаму ташвишларидан ичкиликбозлик ва ўйин-кулги билан холи бўлишга интилиш нотўғри эканлиги, эзгу мақсадларга фақат самарали меҳнат ва доимий интилиш орқали эришиш тасвирланган. Журналист Жейк Барнс образи орқали урушдан олган жисмоний, маънавий жароҳатига қарамасдан ҳаётда инсоний фазилатларини йўқотмаган инсонлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Адибнинг "Чол ва денгиз" қиссаси кубалик кекса балиқчи Сантьягонинг 84 кун денгизда ҳеч нарса тута олмагани, кўпчилик унга омадсиз инсон сифатида қараши, кекса Сантьяго ва ёш Манолин самимий муносабати, Манолиннинг ота-онаси ҳам ўғлини Сантьяго билан балиқ овлашга юбормай қўйгани билан бошланади. Ёзувчи табиат ва инсон ўртасидаги муносабатлар ҳамда денгиз манзараларини жуда гўзал тараннум этган.
Ёлғизлик, айниқса, кексайганда ёлғиз қолиш инсон учун мусибат эканлиги, инсон ҳамиша эътибор ва мададга муҳтож эканлиги таъкидланади. Сантьяго ва наҳанг балиқ, Сантьяго ва акулалар ўртасидаги кураш қармоқдаги чолнинг ризқи бўлган наҳанг балиқни акулалар еб битириши ва Сантьяго қирғоққа етиб келганда наҳанг балиқнинг суякларигина қолгани ишончли тасвирланган.
Ёзувчи акула рамзида кимларни назарда тутган? Сантьяго "Улар ғолиб чиқишди", деганда Манолин "Улар сени енголмади-ку! Балиқ сени енголмади-ку", деб жавоб беради. Бу билан Хемингуэй: "Инсон мағлубиятга учраш учун яратилгани йўқ. Инсонни йўқ қилиб ташлаш мумкин, аммо уни асло енгиб бўлмайди", деб хулоса қилади.
2006 йили адабиёт соҳасида Нобель мукофоти совриндори бўлган турк ёзувчиси Ўрхон Помуқ (1952 йили Истанбул шаҳрида туғилган) қаламига мансуб "Истанбул. Хотиралар ва шаҳар", "Менинг исмим қирмизи" каби асарлар жаҳон афкор оммаси эътиборини қозонган. Нобель мукофоти топширилиши вақти адиб ижоди "Туғилган шаҳрининг ҳазин руҳи изларини кузатиб яшар экан, маданиятларнинг бир-бири билан уланиши ва боғланиши учун янги рамзлар топган", деб эътироф этилган. Ўрхон Помуқ ҳеч бир халқу давлатни кам билмаган ҳолда эл-юртини тараннум этиб, ҳамон инсониятнинг дарду ташвиши бўлган ишсизлик, қашшоқлик, очлик, мулксизлик ва бошпанасизлик масалаларида қайғурган.
Ўрхон Помуқ Нобель мукофотини топшириш вақтидаги "Отамнинг жомадони" маърузасида ўзига "Нима учун ёзасиз?" деган савол қўйиб шундай жавоб берган: "Қалб амр этгани учун ёзаман. Ҳаёт, дунё, барчаси ғоятда гўзал ва ҳайратланарли бўлгани учун ёзаман. Ҳаётнинг бор гўзаллиги ва бойлигини сўзларга кўчириш завқли бўлгани учун ёзаман. Ёлғиз қолиш учун ёзаман. Ҳеч ҳам бахтли бўла олмаганим учун ёзаман. Бахтли бўлиш учун ёзаман. Кутубхоналарнинг ёпилиб кетмаслигига ишонганим учун ёзаман". Назаримда адибнинг қалб туғёнлари тўғридан-тўғри ички ва ташқи қўрқувларсиз ҳаққоний тарзда қоғозга тушганлиги сабабли асарлари шон-шуҳратга бурканган.
Ўрхон Помуқ "Истанбул. Хотиралар ва шаҳар" асарида болалиги ўтган Истанбул шаҳри ва оила аъзолари, шаҳар одамлари ва айрим зиёлилар, бойлар ва қашшоқлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини баён қилган. Адиб яқин қариндошларининг келишмовчиликлари ва инсониятнинг қадим маданияти йўқолиб бораётганидан изтироб чеккан. Бойларнинг зиқналиги ва зулми, камбағал-қашшоқларнинг илму ҳунарсизлиги ва бефарқ-лоқайдлигини ёқтирмаслиги сабабларини таҳлил қилиб берган. Бошқаларнинг меҳнати ва порахўрлик эвазига мулк-бойлик орттирганларнинг айримлари маънавият-маърифат ҳамда инсоф-диёнатдан йироқ эканлиги ғамгин руҳда таъкидланади. Туркийларнинг ғарблашиши фойда ва зарарлари, Ғарбга бўлган севги ва нафрати ҳақида фикр юритган. Шунингдек, муҳаббат, санъат, оила бахтиёрлиги, сабр-қаноат ва бошқа муҳим инсоний қадриятлар улуғланган. Китобни мутолаа қилган киши юксак орзу-умидлар ва гўзал туйғулар оғушига киради.
"Менинг исмим - қирмизи" асарида инсонни ҳаётда бахт-саодатдан ташқари кўплаб ташвишу изтироблар кутаётганлиги хусусида огоҳлантиради. Жоҳил душманлардан эҳтиёт ва ҳушёр бўлиб яшашга, бевақт ўлим топиб яқинлари ва мурғак болаларини ғам-ташвишда қолдириб кетмасликка чақиради. Инсоннинг туғилиб-ўсган жойи, ёшликдаги яқинлари ва танишлари билан доимий алоқада бўлиб яшаши зарурлиги, умрнинг ҳар бир дақиқаси қадрига етиш ва ҳаётни мазмунли ўтказиш кераклиги уқтирилади.
Беларусь адибаси Светлана Алексиевич (1948 йилда туғилган) "Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси" асари учун 2014 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган. Адиба Иккинчи жаҳон урушида қатнашган беш юз нафардан ошиқ жангчи аёллар билан суҳбатлашиб, уларнинг уруш хотиралари ва фикр-мулоҳазалари асосида ўз асарини ёзган. Унда урушнинг жирканч ва совуқ қиёфаси далилларга таянилган ҳолда ишончли тарзда тасвирланган. Асар қаҳрамонлари ўзларининг миллати, дини, наслу насаби, ёши ва яшаш жойидан қатъи назар ҳар қандай урушларга қарши эканлигини баён қилишган. Урушнинг аянчли азоб-уқубатлари ва айрилиғу жудоликларини бошидан кечирган бўлса-да, аёл қалбининг гўзаллиги, нафис диди, назокати ва нафосати ҳамиша сақланиб қолиши ажойиб сатрларда тараннум этилган.
Асар қаҳрамонларининг ушбу хотираларини тингланг:
Пулемётчи Анастасия: "Сиз ёзувчисиз. Ўзингиз бирор нима ўйлаб топинг. Ёрқинроқ нимадир. Бит, чирк, қусуқ бўлмасин… Ароқ ва қон ҳиди ҳам... Ҳаёт каби даҳшатли ҳам бўлмасин";
Ҳамшира Мария Петровна: "Жанг майдонидан тўрт юз саксон битта ярадорни олиб чиқибман. Журналистлардан бири ҳисоблаб кўрибди: бутун бошли батальон";
Катта сержант Мария: "Эркаклар жўнатмалар пунктига боришди, у ерда уларга кийим беришди. Бизга эса ҳеч вақо йўқ... Ярим йил ўтди… Оғир меҳнат бизни аёлликдан маҳрум қилди… Биологик ритм издан чиқди... Тушундингизми? Бу даҳшат! Энди ҳеч қачон аёл бўла олмаслигимизни ўйлашнинг ўзи даҳшат";
Жангчи Софья: "Рейхстагга шу сўзларни ёздим: "Мен, Софья Кунцевич, урушнинг номини ўчириш учун шу ергача келдим", "Худо инсонни отиш учун эмас, муҳаббат учун яратган".
Асарда алоқачи Мария Николаевна шундай хотирлайди: "Аня Кубарова деган қизимиз ўтлоқда ётибди. Алоқачимиз. У ўляпти - ўқ нақ юрагини тешиб ўтган. Шу пайт осмонда турналар галаси кўринди. Ҳамма тепага қаради, у кўзини очди. Қушларга қаради-ю: "Қизлар, афсус…" деди. Бироз жим турди-да, кейин бизга қараб: "Қизларжон, наҳотки ўлсам?" деди. Шу пайт почтачи Клава югурганича: "Ўлма! Ўлмай тур! Уйингдан хат келди" деб хат олиб келди. Аня кўзларини юммай кутиб турди. Клава унинг ёнига ўтириб, конвертни очди. Хат онасидан экан: "Суюкли қизим, қизалоғим..." Ёнимда шифокор турганди, у: "Бу мўъжиза, мўъжиза! У тиббиёт қонунларига зид равишда яшаяпти" деб такрорларди. Хатни охиригача ўқидик. Шундан сўнггина Аня кўзларини юмди".
Светлана Алексиевич фашизмга қарши урушда хотин-қизларнинг эркаклар билан ёнма-ён курашгани, аммо бу уруш муштипар ва нозик хилқат вакиллари учун фақат мусибат эканлиги ҳамда аёллар ҳамиша ҳар қандай урушларга қарши эканлигини кўрсатиб берган. Зеро, асар қаҳрамони Тамара Степановна уруш воқеаларини хотирлаб: "Сталинград (Волгоград)да одам қони тўкилмаган бир қарич ер ҳам қолмаганди", деб ҳикоя қилар экан шундай дейди: "Одамлар ҳамон бир-бирини ёмон кўрадилар. Ўлдиришда давом этмоқдалар. Буни асло тушунолмайман… Ким булар? Биз... Булар бизмиз...".
Нобель мукофотини олган бу адибларнинг асарларини албатта ўқиб чиқинг, сарфлаган вақтингиз беҳуда кетмаслиги аниқ.
Абдишукур ОМОНОВ