Вилоятда истиқомат қилувчи 185 нафар ёш жалб қилиниши мўлжалланаётган тадбир давомида тарбиявий, жисмоний-руҳий машғулотларга катта ўрин берилиб, иштирокчиларнинг оромгоҳда ўтадиган ҳар бир куни алоҳида дастурлар асосида хилма-хил ташкил этилади.
Бу ҳақда Ёшлар масалалари бўйича вилоят идоралараро кенгаши мажлисида маълум қилинди.
Мажлисда таъкидланишича, 2018 йил ҳолатида ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турувчи вилоят ёшлари сони 273 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг июль ойида бу кўрсаткич 178 нафарга камайган. Вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сонида ҳам сезиларли даражада камайиш кўзга ташланади. Бундай натижаларга эришилишида анъанавий тарзда ҳар йили ташкил этиб келинаётган "Тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳи"нинг алоҳида ўрни борлиги эътироф этилди.
Тадбир мақсадига кўра, хулқи яхши томонга ўзгарган ёшларни муддатидан олдин ички ишлар органлари профилактик ҳисобидан чиқариш бўйича ижобий тавсияномалар бериш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги оромгоҳга ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турувчи 120 нафар вояга етмаган вилоятимиз ёшлари жалб этилган бўлиб, якунда улардан 70 нафари муддатидан олдин профилактик ҳисобдан чиқарилганди.
Ўз мухбиримиз