Шунингдек, Давлат божхона қўмитасининг “Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар йўловчи божхона декларациясини тўлдириши шарт. Декларацияда божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган барча буюмлар қаторида алкоголь маҳсулотлари ҳам қайд этилиши керак.
Юқоридаги чекланган нормага кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан 2 литр (ТИФ ТН коди 2204 – 2206, 2208) миқдорида шу турдаги маҳсулотларни божхона тўловисиз олиб кириш мумкин.
Мавжуд тартиб-таомиллар иқтисодий барқарорликни таъминлаш билан бирга, четдан сифатсиз маҳсулотлар ноқонуний кириб келишининг ҳам олдини олади. Шу боис амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш барча фуқароларнинг бурчи ҳисобланади.
Бироқ белгиланган тартиб-қоидаларни четлаб ўтишга уринувчи фуқаролар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, Аъзамжон Ҳайдаров жорий йилнинг 11 август куни Москва-Қарши йўналишидаги авиарейс билан Қарши халқаро аэропортида парвозини якунлаган. Унга божхона ходимлари томонидан қўл юкларидаги барча буюмларни йўловчи божхона декларациясида қайд этиш лозимлиги билдирилган. Бироқ у ўзи билан Россия Федерациясидан олиб келган 5 литр этил спиртини декларацияда қайд этмасдан божхона ходимларидан яшириб мамлакатимиз ҳудудига олиб ўтишга уринган.
Яна бир ҳолатда жорий йилнинг 25 август куни Москва-Қарши йўналишидаги авиарейс билан Қарши халқаро аэропортига учиб келган Абдивали Дўстқобилов ҳам мавжуд қоидаларни четлаб ўтиш ниятида экан. Унга тегишли юклар йўловчи божхона декларацияси асосида рентген аппарати ёрдамида текширилганда, қўл юклари орасида яширилган ва декларацияда қайд этилмаган 2 турдаги 6 дона шиша идишда қадоқланган 6,75 литр миқдоридаги алкоголли ичимликлар борлиги аниқланди.
Ҳозирда ҳуқуқбузарликларни содир этган мазкур фуқароларга нисбатан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Низомиддин ЖЎРАЕВ,
“Қарши аэропорти” чегара божхона пости бошлиғи