Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

07.06.2018


ХУСУСИЙЛАШТИРИЛГАН ДАВЛАТ МУЛКИ ОБЪЕКТЛАРИ

Табиийки, унумли фойдаланилмаётган бундай объектлардан жамиятга, иқтисодиётимизга фойда тегмайди. Бу борадаги ишлар натижадорлигини тубдан ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 февралдаги "Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, бундай ишлаб чиқариш майдонлари ва қурилиши тугалланмаган объектларни зудлик билан тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш бўйича таъсирчан механизм жорий этилди.

Бунинг самарасини ўша юқорида қайд этилган объект мисолида ҳам кўриш мумкин. Унинг мулкдори - "Уста Хушвақт карвони" масъулияти чекланган жамияти томонидан мазкур бино-иншоотни мақсадли ишлатиш бўйича инвестиция лойиҳаси илгари сурилди. Мулк негизида эса тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди. Яъни объект тўлиқ реконструкция қилиниб, унинг ўрнида замонавий савдо мажмуаси ишга туширилди. Натижада янги иш ўринлари яратилди, шунингдек, ҳудуд бюджетига қўшимча тушум келтирувчи субъект яна биттага кўпайди.

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий  бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, айни вақтга қадар вилоятимиздаги 4137 та давлат кўчмас мулки ва қурилиши тугалланмаган объектлар хусусийлаштирилган. Шунинг 1980 тасида хўжалик фаолияти ташкил этилган, яъни улардан мақсадли фойдаланилмоқда. 1849 объект ва корхона эса бузиб ташланган. Президентимизнинг тегишли қарори талаблари асосида ўтказилган ўрганиш натижасида шу нарса маълум бўлдики, хусусий сектор вакилларига мулк қилиб берилган 308 та объект бир муддат фаолиятсиз бўлган ёки паст қувват билан ишлаган.

Шу ўринда савол туғилиши мумкин: нега шу пайтгача хусусий мулкдорлар ўз эгалигидаги бу объектлардан самарали фойдаланмаган? Таҳлилларга кўра, бу бир нечта омилга боғлиқ бўлган. Мавжуд имкониятни ишга солиш учун мулкдорда зарур маблағ ёки ишбилармонлик қобилияти етишмаган. Баъзилари бозор шароитига мослаша олмаган. Тадбиркорликни ривожлантиришга ҳафсаласизлик билан қараганлар ҳам бўлган. Натижада шундай катта ресурс бўлгани ҳолда ундан самарали фойдаланиш даражаси қониқарсизлигича қолган.

 

"Уста Хушвақт карвони" МЧЖга қарашли савдо мажмуаси

Янги тартибга асосан, мана шундай корхона ва объектларни хўжалик фаолиятига дарҳол жалб қилиш, уларнинг мулкдорларига муаммоларини бартараф этишда яқиндан ёрдам бериш, пировардида жойларда юқори ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Ҳозирда қўлланаётган механизм  илгари давлат мулкини хусусийлаштириб олган, аммо бугунги кунда  ишлаб чиқаришни ташкил этишда муаммо ҳамда тўсиқларга дуч келаётган мулкдорларни қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатишга кенг имконият яратди. Бунинг самарасида қўшимча иш ўринлари яратиш, истеъмол бозорини харидоргир маҳсулот ва хизматлар билан тўлдириш учун замин ҳозирланди.

- Ушбу 308 та фаолиятсиз турган объектдан 87 тасининг ҳар бири 2000 квадрат метрдан ортиқ ишлаб чиқариш майдонига эга, - дейди Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Улаш Мардаев. - Бу муваффақиятли бизнес бошлаш учун катта қулайлик дегани. Мулкдорлар билан бу борада зарур тушунтириш ишлари олиб борилди. Тадбиркорлик кўникмасига эга бўлмаган кишилар тегишли йўналишда ўқитилди, соҳадаги енгилликлар билан таништирилди. Натижада 180 та объект эгаси билан ҳамкорликда хўжалик фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан истиқболли инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди. Тасдиқланган тармоқ жадвалига кўра, жорий йил давомида объектларга 90 миллиард 489 миллион сўм ва 16,9 миллион АҚШ доллари миқдорида мулкдорларнинг ўз маблағи, 10,7 миллион АҚШ доллари ва 145 миллиард 945 миллион сўм миқдорида банк кредити йўналтириш кўзда тутилди. Лойиҳаларнинг самарали рўёбга чиқиши 2100 нафардан зиёд кишини иш билан таъминлаш имконини беради.

Мутасаддининг таъкидлашича, ушбу ташаббусларни ўз вақтида амалга ошириш учун аллақачон ишлар бошлаб юборилган. 1 июнь ҳолатини қарайдиган бўлсак, хусусийлаштирилган ушбу объектларда иш бошлаш учун мулкдорларнинг 27 миллиард  88 миллион сўм ўз маблағи, 27 миллиард 595 миллион сўм ва 783 минг АҚШ доллари миқдорида молиявий кўмак жалб этилган. Бир қанча лойиҳалар тез фурсатда амалга ошиши натижасида 210 янги иш ўрни яратилиши таъминланган. Бугунги кунда 18 та объектда хўжалик фаолияти тикланиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишга киришилган.

Қарши шаҳридаги "Зармаст шифо" хусусий корхонаси томонидан ҳам давлат мулки ҳисобланган бино бироз аввал хусусийлаштириб олинганди. Унга қарашли объектнинг фойдали майдони 2000 квадрат метрдан ошади. Қарор талабларидан келиб чиқиб, мулкдор тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қатъий аҳд қилди, инвестиция лойиҳасини таклиф этди. Янги қувватнинг асосий фаолият йўналиши ҳам белгиланди - тиббий хизмат кўрсатиш. Лойиҳа қиймати эса 3 миллиард 400 миллион сўмни ташкил қилди.

- Шунинг 1 миллиард 500 миллион сўми ўз маблағимиз бўлса, қолгани тижорат банки томонидан ажратилган кредит ҳиссасига тўғри келади, - дейди корхона бош ҳисобчиси Мурод Йўлдошев.  - Тадбиркорликнинг айнан шу турини танлаганимиз ҳам бежиз эмас. Чунки ҳозирги вақтда юртимизнинг ушбу соҳасида хусусий сектор иштироки фаол рағбатлантирилмоқда, ишбилармонларга бир қатор имтиёзлар берилган. Шу сабаб эски бино ўрнида замонавий хусусий клиника бунёд этиб, яқинда фойдаланишга топширдик. Бу ерда даволаш ва ташхислаш ишлари амалга оширилаяпти. Ҳар бир бўлим замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган, малакали мутахассислар жалб қилинган. Стационар тартибда бир вақтнинг ўзида 70 беморни даволаш имконига эгамиз. Клиника қошида дорихона ҳам очдик. Фаолиятимизни йўлга қўйгач, 40 нафарга яқин киши иш билан таъминланди.

 

 

"Зармаст шифо" ХКга қарашли клиника

Қайд этиш жоиз, сўнгги йилларда мамлакатимизда хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ишлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бу борада масъул ташкилотларга аниқ вазифалар юкланди. Бундай мулкдорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича самарали тизим йўлга қўйилди. Кези келганда, уларга ташкилий, молиявий, хуллас, барча зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Фикримиз исботи ўлароқ, аниқ мисолга мурожаат қиламиз.

Нишон туманида фаолият кўрсатаётган "Кино-видео" масъулияти чекланган жамияти бундан икки йил аввал ҳудуддаги эски бино - кинотеатрни ўз эгалигига қабул қилиб олганди. Тадбиркор ундан фойдаланиш бўйича бир қанча режаларни ўйлаган, бироқ моддий қурби етмаслиги боисидан уларни ҳаётга татбиқ этолмаётганди. Ишбилармонга тижорат банки томонидан имтиёзли кредит тақдим этилди. Ушбу молиявий кўмак эса тегишли қўмита қошида ташкил этилган Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси маблағи ҳисобланади.

- Шундан сўнг лойиҳамизда кўрсатилган ҳамма йўналишларни ишга туширишга киришдик, - дейди тадбиркорлик субъекти раҳбари Холназар Туропов. - Бунинг учун жами 650 миллион сўм сармоя сарфлаяпмиз. Кинотеатрни турли кўнгилочар тадбирлар ўтказиш учун мўлжалланган масканга айлантирдик. Ушбу бинода концертлар, маданий-маърифий дастурларни намойиш этиш мумкин. Қолаверса, қўшимча шохобчалар ҳам иш бошлади. Мўъжазгина тикувчилик цех барпо этдик. 10 нафарга яқин хотин-қиз меҳнат қилаётган мазкур даргоҳда 15 хилдан кўп тикувчилик маҳсулоти тайёрланмоқда. Уларнинг реализациясини ҳам бошлаб юборганмиз. Шунингдек, либослар салони, ошхона фаолият кўрсатаяпти. Тез орада савдо дўкони фойдаланишга тайёр бўлади. Натижада жами 40 нафар кишининг бандлиги таъминланади.

Таъкидлаш ўринлики, тегишли қарорда инвестиция лойиҳасини амалга оширмаганлиги тўғрисида хулоса олган мулкдорлар бир қатор имтиёзлардан маҳрум этилади. Жумладан, хусусий мулк қилиб берилган қурилиши тугалланмаган ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари шу вақтга қадар соддалаштирилган солиққа тортилган бўлса, кейинги ойдан бошлаб мулкдорлар умумўрнатилган тартибдаги  солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлашга ўтказилиб, эгалигидаги объект учун мулк ва ер солиқларини икки баравар миқдорда, олти ой ўтгандан кейин 5 баравар, 1 йилдан сўнг ва кейинчалик 10 баравар миқдорда тўлайди.

"Кино-видео" МЧЖга қарашли мажмуа

Бошқармадан олинган маълумотга қараганда, айни пайтда 84 та корхона ва объект мулкдорлари бизнес лойиҳа тақдим қилмаган ва лойиҳаларни амалга оширмаган. Ушбу юридик шахсларни умумўрнатилган тартибдаги солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлашга ўтказиш бўйича вилоят Давлат солиқ бошқармасига тақдимнома йўлланган. 2018 йил 15 май ҳолатига кўра, тегишли тартиб асосида 34 та объект мулкдорига нисбатан 2 миллиард 798,8 миллион сўм солиқ ҳисобланган ва 1 миллиард 141,4 миллион сўм ундирилган.

Хулоса ўрнида айтганда, илгари хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объектлар ва фаолиятсиз ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлардан аниқ мақсад кўзланган. Аввало, бу борада муаммо ҳамда тўсиқларга дуч келаётган мулкдорларни қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш, шу орқали фаолиятсиз корхоналарни тадбиркорлик фаолиятига жадал жалб қилиш долзарб масала сифатида қўйилган бўлса, мавжуд имтиёзлардан самарасиз фойдаланиб келаётган илгари хусусийлаштирилган давлат мулки эгаларини ҳаракатга келтириш ҳам бунда кўзда тутилган. Натижа эса жойларда замонавий ишлаб чиқаришлар ташкил қилиниши ва шу аснода янги иш жойлари барпо этилишида намоён бўлмоқда.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Report typo