Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

04.07.2024


Кибермаданиятни юксалтириб, кибергигиенани шакллантирамиз

Тарғибот тадбирлари

Фуқаролар кибержиноятлар қурбонига айланишининг олдини олиш ва бундай жиноятларга қарши курашишда аҳолида кибергигиенани шакллантириш мақсадида 1-31 июль кунлари вилоятимизда "Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги" комплекс тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Мазкур ойликка старт берилган куни ушбу тарғибот тадбирларининг масъул ижрочиси - вилоят ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида матбуот анжумани ташкил этилиб, журналист ва блогерларга кибермаданиятни юксалтириш бўйича режалаштирилган комплекс тарғибот тадбирлари хусусида батафсил маълумотлар берилди. Қуйида уларни муштарийларимизга ҳавола этаяпмиз.

378 миллион сўм ва 5,5 минг доллар фирибгарлар киссасига тушди

Қашқадарёда жорий йилнинг 6 ойи мобайнида интернет ва компьютер технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятлар сони ўтган йилга нисбатан 2 баробар ошган. Бу эса вилоятимизда кибержиноятчиликнинг ўсиш тенденцияси кузатилаётганлигидан далолат беради.

Матбуот анжуманида бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Бахтиёр Ражапов айтиб ўтди. Унинг гапларига кўра, бугунги кунда энг оммалашган кибержиноятлар сирасига фирибгарлар томонидан пластик карта фойдаланувчиларига келган SMS-хабарномадаги махсус кодларни турли йўллар орқали эгаллаб, пул маблағларини ўзлаштириш, шунингдек, шахсий маълумотларни эгаллаш ва уларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, товламачилик қилиш (кибертовламачилик) ҳамда ижтимоий тармоқда зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, ҳақорат қилиш (кибербуллинг) ва шу каби бошқа турлари киради.

Тадбирда воҳадошларимизнинг кибергигиенага риоя қилмай, кибержиноятлар қурбонига айлангани бўйича аниқ мисоллар ҳам келтирилди. Масалан, Қашқадарёнинг туманларидан бирида яшовчи 47 ёшли эркак чет эллик сохта трейдер (қимматли қоғозлар ёки бошқа молиявий активлар олди-сотдиси билан шуғулланувчи молия бозори иштирокчиси)нинг алдовига ишониб, қисқа фурсатда катта фойда олиш илинжида фейк сайт орқали бир неча маротаба маблағ ўтказган ва диаграммаларда сармояси "кўпайиб бораётгани"дан руҳланиб, оила аъзолари қаршилик кўрсатганига қарамай, жами 378 миллион сўм миқдорида "инвестиция" киритган ва барча пулларидан айрилиб қолган.

Вилоят ИИБ тезкор-қидирув хизмати киберхавфсизлик бўлими бошлиғи Акром Убайдуллаев матбуот анжуманида мухбиримиз саволига жавоб бераркан, бундай фирибгарлар тузоғига нафақат молия соҳасида уқуви йўқ фуқаролар, балки банк мутахассислари ҳам тушиши мумкинлигини аниқ мисол асосида исботлади. Унинг сўзларига қараганда, Англияда магистратурада ўқиб келиб, вилоятимиздаги банклардан бирида ишлаётган инсон ҳам интернет тармоғидаги молиявий фирибгарликдан зарар кўрган. Дастлаб 200 доллар сармоя йўналтириб, бу пулнинг қисқа вақт ичида сохта сайтда 700 долларга "айлангани"ни кўрган банкир шахсий маблағи ҳисобидан бир неча босқичда жами 5,5 минг доллар сарфлаган ва 12 минг долларга эгалик қилиш умидида бўлган. Аммо фойда нари турсин, ҳатто ўзининг пулини ҳам ололмаган.


Давлат дастурига кўра, ҳар бир соҳада ўзига хос тарзда ўтказиладиган "Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги" комплекс тарғибот тадбирларини ўтказишда қуйидагилар назарда тутилиши шарт:

фуқароларда Интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини шакллантириш;

электрон тўлов воситаларидан хавфсиз фойдаланиш;

шахсга доир маълумотларни ишончли ҳимоя қилиш ва улардан ноқонуний фойдаланишга йўл қўймаслик;

бошқаларнинг шахсга доир маълумотларини ноқонуний тўплаш ва ундан фойдаланиб, товламачилик, киберзўравонлик каби қилмишлар содир этишнинг олдини олиш; 

тақиқланган контентларга қарши "рақамли иммунитет"ни шакллантириш.


Ойлик доирасида 13 та йўналишда танловлар ташкил этилади

Тадқиқотлар натижаси ва амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, кибержиноятларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, шунингдек, жабрланувчилар сонини камайтиришнинг энг самарали усули - бу тарғибот тадбирларидир.

Матбуот анжуманида шу ҳақда ҳам фикр юритилиб, июль ойида вилоятимизда ўтказилаётган "Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги" Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ тасдиқланган "Ўзбекистон-2030" стратегиясини "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилгани маълум қилинди.

Вилоятимиз ҳокими Муротжон Азимовнинг Қашқадарёда ҳар бир соҳада ўзига хос тарзда "Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги" ("Cyber month Kashkadarya") комплекс тарғибот тадбирларини ўтказишга доир фармойиши жорий йил 21 июнда имзоланди. Вилоят ҳокимининг рақамлаштириш бўйича маслаҳатчиси Илҳом Алманов мазкур ҳужжатни шарҳлар экан, унга асосан ойлик тадбирларини самарали ташкил этишни мувофиқлаштириш бўйича вилоят, шаҳар ва туманлар ишчи гуруҳлари таркиби ва вазифалари, ойлик доирасида ташкил этиладиган тадбир ва танловлар режаси ҳамда танловларнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш учун совғалар ҳамда зарур жиҳозлар рўйхати тасдиқланганини билдириб ўтди.

- "Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги"ни ўтказишдан асосий мақсад аҳолига соҳага доир кўпроқ янги маълумотлар етказиб беришдир, - деди Илҳом Алманов. - Зеро, одамлар шу жабҳадаги янги хавфлардан хабардор бўлишса, уларда ўзларини ҳимоя қилиш бўйича ўзига хос иммунитет пайдо бўлади. Лекин биз зарур маълумотларни вақтида етказиб бера олмасак, уларнинг зарар кўришига сабабчи бўлиб қоламиз. Шу боис ҳаммаларингизни шу ойликда фаол иштирок этиб, кенг тарғибот қилишга чақирамиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, вилоят ҳокимининг фармойишига асосан "Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги" доирасида 13 та йўналишда танловлар ўтказиш режалаштирилган. Журналист ва блогерлар ўртасида аҳолини кибертаҳдидлардан огоҳлантиришга қаратилган "Энг яхши миллий контент", тиббиёт ходимлари ўртасида "Фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг!", "маҳалла еттилиги" ўртасида "Энг фаол маҳалла", шаҳар ва туманларнинг сектор раҳбарлари ўртасида "Кибержиноятларга қарши биргаликда курашамиз!", ногиронлиги бўлган фуқаролар ўртасида "Интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланаман", олий таълим муассасалари талабалари ўртасида "STOP! Cybercrime" огоҳликка чақирувчи оммабоп челленжлар танловлари шулар жумласидандир. Айни пайтда ёзги оромгоҳларда мактаб ўқувчилари ўртасида "Ал-Хоразмий авлодлари" номли IT соҳасидаги онлайн олимпиадаси, Қарши шаҳридаги киберспорт ўйинлари марказида "Биз кибержиноятларга қаршимиз" шиори остида киберспорт мусобақалари, бошқа қизиқарли тадбирларни ташкил этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тезкор қидирув департаменти киберхавфсизлик маркази масъул ходими Мақсуджон  Мирабдуллаев ушбу танлов ва беллашувлар  шартларига батафсил тўхталар экан, ҳар бирининг ғолиб ва совриндорлари учун муносиб   совғалар ҳозирланганини таъкидлаб ўтди.

Эътиборлиси, "Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги" тадбирлари режасига кибертаҳдидлардан ҳимояланиш бўйича IT-парк томонидан ташкил этиладиган 10 кунлик ўқув курслари ҳам киритилган бўлиб, бу машғулотлар чоғида хорижий ва маҳаллий спикерлар билан онлайн учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo