Албатта, ушбу йирик корхонанинг хавфсизлигини, ишчи-ходимларнинг муҳофазасини, мол-мулкларнинг дахлсизлигини таъминлаш, айниқса, ёнғин содир бўлишининг олдини олиш ўта масъулиятли вазифа ҳисобланади. Айни вақтда бу вазифа вилоят ИИБ ЁХБ таркибидаги "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ЁХБ зиммасига юклатилган. Бўлим инспекторлари томонидан келиб чиқиши мумкин бўлган ёнғинларга йўл қўймаслик борасида мажмуа ишчи-ходимлари ўртасида доимий равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаяпти. Жамиятга қарашли мавжуд 59 цех, ишчилар турар жойлари, маъмурий бинолар, тасарруфдаги муассасаларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилиб, камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмоқда. Масъулиятсизликка йўл қўйган ишчи-ходимларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилаяпти.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мажмуа ҳудудида 82 маротаба тунги текширувлар олиб борилди. Жамият тасарруфидаги Шаҳрисабз туманининг Мираки қўрғончасида жойлашган "Лочин" болалар оромгоҳи, Нишон туманининг Нуристон қўрғонида жойлашган, корхона ишчи-ходимлари истиқомат қилаётган 18 та кўп қаватли уйнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги текширилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўрилди.
Жумладан, 2018 йилнинг 5 ойи давомида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига беписанд муносабатда бўлган 160 нафар ишчи-ходим ва бошқа фуқароларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли жазо чоралари қўлланилди. Зеро, бу ерда келиб чиққан кичкинагина учқун ҳам жуда катта талафотга сабаб бўлиши мумкин. Мажмуада меҳнат қилаётган ҳар бир киши ана шуни унутмаслиги таъминланаяпти.
Нурали ЁВҚОЧДИЕВ, вилоят ИИБ "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ЁХБ инспектори, сержант