Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Биринчи Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани, Ўзбекистон ўзининг замонавий, ихчам ва ҳаракатчан, яхши қуролланган, юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимизнинг осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир миллий армиясига эга бўлгани алоҳида таъкидланди.
Ўз билим ва тажрибасини янада оширган, етук ва профессионал малакага эга бўлган сержантлар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибидаги ҳарбий қисмларга юборилмоқда. Кичик командирлар ўтган даврда мактабда юксак жанговар ва ахлоқий-руҳий сифатларга эга бўлиш баробарида, кичик тактик бўлинмаларни моҳирона бошқариш, мураккаб жанговар шароитларда тез ва тўғри қарор қабул қила олиш, оғир вазиятларда оптимал қарорларга келиш каби қобилиятини янада шакллантирди, интеллектуал салоҳиятини оширди.
- Ватан ҳимояси ҳар бир йигитнинг шарафли бурчи, - дейди кичик сержант В.Ниёзов. - Юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилаётганимдан фахрланаман. Бу ерда ҳарбий хизматда эгаллаган билимларимизни янада мустаҳкамлаб, тажриба орттирдик. Энди бу ерда олган тажрибаларимизни аскарларга ўргатамиз. Давлатимиз томонидан биз, ҳарбийларга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликдан беҳад миннатдормиз.
* * *
Суратларда: Қарши сержантлар тайёрлаш мактабида мактаб битирувчиларига сертификат ва кўкрак нишонлари топшириш маросимидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.