Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

18.09.2024


Кичик саноат зонаси - индустриал ўсиш нуқтаси

Тараққиёт стратегияси

Қарши шаҳридаги "Қавали" кичик саноат зонасида импорт ўрнини босадиган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича навбатдаги истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Унинг ташаббускори - "Yevro Plast Plus Invest" масъулияти чекланган жамияти жамоаси Қашқадарёда биринчилардан диаметри 1000 миллиметргача бўлган полиэтилен қувурлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Фаолиятини беш йил олдин кичик диаметрли (25-160 мм) қувурлар ишлаб чиқаришдан бошлаган мазкур корхона ривожланишининг кейинги  босқичида қўшимча асбоб-ускуналар сотиб олиб, буюртмачиларга тақдим этилаётган маҳсулот турларини ўрта диаметрли (400 ммгача) қувурлар ҳисобидан кенгайтиришга эришганди.

Қиймати 1 миллион долларга баҳоланаётган навбатдаги лойиҳа доирасида эса бу кичик бизнес субъекти "Қавали" кичик саноат зонасида янги ишлаб чиқариш цехини ташкил этди ва унга Хитойнинг "Changzhou JWELL Pipe Equipment CO.,LTD" компаниясидан харид қилинган замонавий технологик линияни ўрнатиб, сув таъминоти ва канализация тизимлари барпо этишда ишлатиладиган катта диаметрли (400-1000 мм) қувурлар ишлаб чиқаришни бошлади.

- Лойиҳага сарфланган сармоянинг тахминан 60 фоизи корхонанинг ўз маблағлари бўлса, қолган қисми банк кредитидир, - дейди "Yevro Plast Plus Invest" МЧЖ иш юритувчиси Адҳам Азизов. - Унинг ҳаётга татбиқ этилиши корхонада мавжуд экструдер линияларини янада кўпайтириб, жамоамиз учун янги бўлган маҳсулот турлари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва ички бозорда талаб юқори бўлган йирик диаметрли полиэтилен қувурларини тақдим этиш имконини берди. Айни пайтда кичик саноат зонасидаги ишлаб чиқариш цехимизда 12 та иш ўрни яратилиб, жамоамиз аъзоларининг умумий сони 50 нафаргача ошди.

Шу ўринда эслатиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил 24-25 октябрь кунлари вилоятимизга қилган ташрифи чоғида "Қавали" кичик саноат зонасида жойлашган бир қатор корхоналар билан танишган эди. Ўшанда майдони олти гектарга тенг,  муҳандислик инфратузилмаси яхши ташкил этилган, транспортга жуда қулай бу ҳудудда қурилиш материаллари, мебелсозлик, тўқимачилик, фармацевтика ва чарм саноати йўналишидаги лойиҳалар жойлаштирилгани маълум қилинганди.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo