Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

15.11.2019


КИЧИК САНОАТ ЗОНАСИДА ЯНГИ ТАШАББУСЛАР

Ишлаб чиқариш

Тадбиркорнинг бирор-бир фаолиятни йўлга қўйиши, янги қувватни ишга тушириши учун унда табиийки, электр энергияси, табиий газ ва  сув таъминоти тизимлари, йўл ва бошқа шу каби инфратузилма тармоқларига эҳтиёж туғилади. Уларнинг барчасини  бирваракайига мустақил равишда барпо қилиш эса осон иш эмас. Бу кўп маблағ, вақт ва югур-югурларни талаб этади. Оқибатда шу каби юмушларга ўралашиб қолган ташаббускор ишни охиригача етказа олмаслиги, лойиҳадан қўли совиши   мумкин.

Агар унинг фаолият бошлаши учун зарур таъминот воситалари,  муҳандислик-коммуникация тармоқлари мавжуд, барча шарт-шароитларга эга жой бўлса, лойиҳани амалга ошириш осон кечади, ортиқча оворагарчиликларга ҳожат қолмайди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда кичик саноат зоналарини барпо этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ана шунга қаратилгани билан эътиборга молик.

Таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги "Қашқадарё вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан вилоятимиздаги 7 та туманда 11 та кичик саноат зонаси ташкил этилган эди.

Айни пайтда мазкур кичик саноат ҳудудларининг айримларида қурилиш-бунёдкорлик ишлари якунланиб, ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилмоқда. Жумладан, 1,2 гектар майдонни эгаллаган Қамаши кичик саноат зонасида ҳам 6 нафар тадбиркорнинг 10 та лойиҳаси рўёбга чиқарилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг иккитаси ёшлигидан темирчилик ҳунарини эгаллаб, ясаган буюмлари билан кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлган, энди эса расман тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, фаолиятини янада кенгайтиришга ҳаракат қилаётган Асқар Тошев томонидан амалга оширилмоқда.

- Фаолият учун зарур технологияларни харид қилиб, ишлаб чиқаришни кенг миқёсда йўлга қўйиш мақсадида эдим, - дейди у. - Цех учун ер майдони сўраб туман ҳокимлигига мурожаат этганимда, кичик саноат зонасида фаолият юритишим мумкинлиги ҳақида айтишди. Бу мен учун айни муддао эди. Чунки бу ерда зарур шарт-шароитлар бор, қолаверса, бизнесни йўлга қўйган тадбиркорлар учун солиқ ва бошқа тўловларда ҳам маълум имтиёзлар берилган. Шу боис ҳеч қийналмай бинони барпо этиб, ишлаб чиқаришни бошлаб юбордик.

Ҳозир Асқар Тошев раҳбарлик қилаётган корхонада енгил автомобиллар учун юк қўйиш мосламаси (багаж), кийим илгак (вешалка), темир эшик, ошхона жиҳозлари ва шу каби ўндан ортиқ металл буюмлари ишлаб чиқарилмоқда. Тайёр маҳсулот буюртма асосида ички бозорга етказиб берилаяпти. Эътиборли томони, мана шу фаолият ортидан 6 кишининг бандлиги таъминланган. Муваффақиятдан руҳланган тадбиркор эса бу орада яна бир лойиҳани йўлга қўйишга улгурди.

- Енгил автомобиллар учун ўриндиқ жилдлари (чехол) тайёрлашни ҳам ўзлаштирдик, - дейди у. - Бунинг учун 5 та замонавий тикув машинасини харид қилиб, 4 нафар хотин-қизни ишга олганмиз. Улар бир неча турдаги ўриндиқ жилдларини тайёрлашмоқда. Буюртмага қараб ҳар қандай автомобиль учун исталган фасондаги ўриндиқ жилдларини тайёрлаб бериш имконимиз мавжуд.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, ички бозорда ушбу маҳсулотга ҳам талаб юқори. Буюртмалар сони тобора ошиб борар экан, энди яна икки нафар тикувчини ишга олиб, ишлаб чиқариш қувватини ошириш эҳтиёжи юзага келмоқда. 

Кичик саноат зонасида ишга туширилаётган йирик қувватлардан яна бири "Алпино" масъулияти чекланган жамияти мулкдорлари томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган профнастил ва брусчатка ишлаб чиқариш лойиҳасидир. Айни пайтда мазкур жамиятга тегишли ҳудудда қурилиш-бунёдкорлик ишлари якунланиб, корхонани фойдаланишга топшириш бўйича ҳаракатлар олиб борилаяпти.

- Бундан ташқари, ушбу ҳудудда "Бекмир" масъулияти чекланган жамияти қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда, - дейди Қамаши кичик саноат зонаси дирекцияси раҳбари Элбек Ўроқов. - Шунингдек, "Тожмаҳал дунё" масъулияти чекланган жамияти томонидан прессланган ғишт, "Дўстмуродов Толмас Аширович" хусусий корхонаси томонидан мебель ишлаб чиқариш ва шу каби бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилаяпти. Албатта, бу янги ташаббуслар яқин келажакда туман иқтисодий салоҳиятини оширишда, қўшимча иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo