Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Зоира РАҲМАТОВА

22.10.2019


КИЧКИНТОЙЛАР УЧУН ЛУҒАТЛАР ГУЛДАСТАСИ

Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси илмий тадқиқотчилари томонидан "Менинг биринчи луғатим" туркумида чиқарилаётган "Олам менинг нигоҳимда", "Кийим-кечаклар", "Мева ва сабзавотлар", "Комиллик сари илк қадам", "Ҳайвонот олами", "Байрамларимиз", "Менинг шаҳрим", "Рангин олам" каби рангли-безакли ўқув луғатлари Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган "Илк қадам" ўқув дастури ҳамда ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси асосида яратилган бўлиб, бунинг замирида 5-7 ёшли болаларнинг коммуникатив, ижтимоий, билиш компетенцияларини ривожлантириш мақсади ётади.

Бу нашрларда сўзликни танлаш, изоҳларни беришда жаҳон лексикографиясида ўқув луғатларига қўйилган талабларга мос ҳолда боланинг ёши, руҳияти, дунёқарашидан келиб чиқилган. Уларнинг рангли, безакли, ихчам ва содда бўлишига ҳам эътибор қаратилиб, фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида асосий матнга қўшимча тариқасида саволлар, топшириқлар, тестлар илова қилинган.

Ўзбекистонда илк бор яратилган луғатлар гулдастасининг дастлабки нашрлари Қарши шаҳридаги 14-мактабгача таълим ташкилотида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир доирасида соҳа мутахассислари ва бевосита болажонларга тақдим этилди.

Қарши давлат университети филология факультети ўзбек тилшунослиги кафедраси ва вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан ташкил қилинган тақдимотда болалар нутқини ўстириш воситаларини яратиш ҳозирги даврнинг долзарб вазифаси эканлиги таъкидланиб, жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида болалар учун мўлжалланган бу турдаги луғатларнинг жуда кўплаб туркумлари чоп этилаётгани билдирилди. Шунингдек, бу луғатлар гулдастасидан боғчаларда нутқ ўстириш машғулотлари учун асосий ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги эътироф этилди.

Тадбирда мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларига ва соҳа мутахассисларига "Менинг биринчи луғатим" туркумидаги рангли-безакли нашрлардан намуналар совға қилинди.

Зоира РАҲМАТОВА,

Қарши давлат университети докторанти

 

Report typo