Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Эркин ҚУДРАТОВ, Бекмурод САХРИЕВ

12.05.2020


КИМ ИСТИҒФОРНИ ЛОЗИМ ТУТСА...

Инсон ва дин

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

"Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар" (Аҳзоб сураси, 41-42 оятлар). Манбаларда хабар берилишича, зикрларнинг ичида энг афзали истиғфор айтишдир.

Аллоҳ таоло бандаларини истиғфор айтишга ундаб шундай дейди:

"Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир. У Зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир" (Нуҳ сураси, 11-оят).

Ҳасан Басрий ўз даврларида бир гуруҳ кишилар билан суҳбатлашиб ўтирганларида бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилибди. Ҳасан Басрий: "Истиғфор айтинглар", деб маслаҳат берибдилар.

Иккинчиси келиб, камбағалликдан, учинчиси фарзандсизликдан ва ҳоказо шикоятлар қилибдилар. У зот барчаларига: "Истиғфор айтинглар", дебдилар.

Шунда суҳбатдошлардан Робейъ ибн Субайҳ Ҳасан Басрийга мурожаат қилиб: "Эй имом, сизга турли кишилар турли нарсалардан шикоят қилдилар, сиз эса ҳаммаларига бир хил жавоб бердингиз, бунинг боиси недур?", деб сўрабди. Ҳазрат бу саволга жавобан юқорида келтирилган оятни ўқиб берган экан.

Шу ўринда истиғфорнинг маъносига ҳам эътибор қаратиш ўринлидир. Истиғфорнинг луғавий маъноси, беркитиш ва устини ёпишдир. Аллоҳ мағфират қилди, дегани гуноҳни беркитди деганидир. Истиғфор гуноҳнинг кечирилишини сўрашдир.

Истиғфор уламолар истилоҳида гуноҳнинг мағфират қилинишини дуо, тавба ва бошқа тоатлар ила сўрашдир.

Бирор гуноҳ қилган киши, албатта, бунга иқрор бўлиб, тезда истиғфор айтмоғи керак бўлади.

Қуръони каримда шундай дейилади: "Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли Зот топадир" (Нисо сураси, 110-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Гуноҳ қилган ҳар бир мусулмон яхшилаб таҳорат қилиб, икки ракаат намоз ўқиб, сўнгра истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни кечиради", деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб, тавба қиламан", дедилар" (Имом Бухорий ривояти).

Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: "Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча: "Тавба қилувчи борми, тавбасини қабул қиламан; истиғфор айтувчи борми, мағфират қилиб, гуноҳини кечаман; сўровчи борми, сўраганини бераман", дейди".

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кечалари кўп намоз ўқиб, доим Қуръон тиловат қилиб, Аллоҳни кўп зикр қилардилар. Саҳарларда эса, истиғфор айтиб, йиғлаб чиқар эдилар.

Истиғфор айтишнинг сийғалари кўп. Энг машҳури "Астағфируллоҳ" дейиш. Истиғфорнинг "Аллоҳуммағфир лии, Роббиғфир лии" каби сийғалари ҳам бор. Энг афзали эса Саййидул истиғфордир: "Аллоҳим! Сен Роббимсан! Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқ. Сен мени халқ қилдинг. Мен Сенинг бандангман. Мен қодир бўлганимча Сенинг аҳдинг ва ваъдангдаман. Сендан ўзим қилган нарсаларнинг шарридан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматингни эътироф қиламан. Сенга гуноҳларимни ҳам эътироф қиламан. Мени мағфират қил. Сендан   бошқа ҳеч бир зот гуноҳларни мағфират қилмас".

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан фориғ бўлишни насиб қилади. Ҳамда уни ўзи билмаган жойдан ризқлантиради", дедилар" (Абу Довуд ва Насаий ривояти).

Банда доимо истиғфор айтиб юрса, асло кам бўлмайди, ишлари юришади, гуноҳлари кечирилади, муаммолари бартараф бўлади, ажр-мукофотларни қўлга киритади.

Хусусан, бугунги кундагидек вазиятларда астойдил сабр қилиб, кўпроқ истиғфор айтиб, дуою илтижода бўлиб, беморларга шифо тилаб, касаллик нафақат юртимиздан, қолаверса, бутун дунёдан батамом йўқ қилишини сўраб илтижо қилсак айни муддао бўлади.

Эркин ҚУДРАТОВ, 

исломшунос

Бекмурод САХРИЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги ходими

Report typo