Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

31.12.2019


КИМ КИТОБХОН БЎЛСА, РАҒБАТГА ЎША ЛОЙИҚ

Эзгу ташаббус асосида

Китоб - энг яхши совға. Исталган одамга исталган вақт ва байрамда китоб совға қилиш мумкин. Бошқа туҳфалар вақт ўтиши билан йўқолиб кетиши тайин, бироқ китобдан олинган билим бир умр асқатади, ҳаёт йўлларида наф келтиради.

Янги йил байрамида ҳам китоб совға қилса бўлади. Ва шундай бўлди ҳам. "Энг китобхон мактаб" лойиҳаси ғолибларини аниқлаш жараёнида ўнлаб Қорбоболар томонидан йиғилганларга китоб улашилди. Бадиий, илмий ва оммабоп асарлар, болалар адабиётлари барчанинг эътиборини тортиб, мамнун этди. Шу куни ўзи ёхуд фарзанди учун китоб олган кишилар кўзида қувонч порлади. Балки бунинг ўрнига бирор ширинлик ё буюм туҳфа этилганида, хурсандчилик бу қадар бўлмаслиги ҳам аниқ эди.

Лойиҳа ғолибларига тўхталадиган бўлсак, "Китоб дунёси тармоқ савдо маркази" МЧЖ томонидан ташкил этилган "Энг китобхон мактаб" лойиҳасининг вилоятимиздаги ғолиби сифатида Косон тумани халқ таълими бўлими 1-ўринни қўлга киритиб, "Nexia-3" автомобили билан тақдирланди. 2-ўрин Яккабоғ, 3-ўрин Миришкор тумани халқ таълими бўлимларига насиб этди.

Қайд этилишича, 100 кун давом этган лойиҳа давомида умумтаълим мактабларида 350 минг дона китоб сотилган бўлса, уларнинг 75 мингтасини косонликлар харид қилган. Қолаверса, яқинда "Ёш китобхон" кўрик-танловининг республика босқичида 20-30 ёшлилар орасида 1-ўринни эгаллаб, Президент совғаси - "Спарк" автомобили билан тақдирланган Сурайё Шодиева ҳам косонлик, тумандаги 15-мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси саналади. Тадбир давомида Сурайёнинг юқори натижаси ҳам эътироф этилиб, ташкилотчиларнинг махсус совғалари топширилди.

Вилоят мусиқали драма театрида ўтган тантанали тадбирда, шунингдек, фаол кутубхоначилар, китобхон ўқувчилар ва лойиҳа доирасидаги тадбирларни ёритиб борган журналистлар ҳам қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

- Конфуций "Агар сен халқингни бир йил боқмоқчи бўлсанг, буғдой эк, ўн йил боқмоқчи бўлсанг, дарахт эк, агар асрлар давомида боқмоқчи бўлсанг, илм эк" деган экан, - дейди лойиҳа раҳбари Шуҳрат Охунжонов. - Китобхонликни тарғиб этишга қаратилган бу ишлар албатта ўз натижасини беради. Келгусида, шунингдек, мазкур лойиҳада ғолиб деб топилган тумандаги мактаблардан бирининг кутубхонасини замонавий жиҳозлаб, тўлиқ китоблар билан таъминлаш ва шу муассасадан олий ўқув юртига шартнома асосида ўқишга кирган икки ўқувчининг контракт пулларини тўлаб беришни ҳам мақсад қилганмиз.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo