Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ОСТОНОВ

13.06.2017


КИМДИР БЕПАРВОЛИК ҚИЛГАН, ЖАБРИНИ ЭСА ҚЎШНИЛАР ҲАМ ТОРТМОҚДА

Бир кишининг шунчаки эътиборсизлиги, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига бефарқ қараши натижасида бир нечта тадбиркорларнинг кўп миқдордаги мол-мулки нобуд бўлган.

Айтишни истардимки, хизмат тақозоси билан жуда кўп маҳаллаларда, хонадонларда бўлишга, одамлар билан суҳбатлашиб, уларга ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаб ва оқибатлари хусусида тушунча бериб ўтишга тўғри келади. Ана шундай пайтларда айрим фуқароларнинг газ ёки электр таъминоти, турли техник воситалардан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мутлақо зид равишда, ўз оила аъзолари ҳаётини, мол-мулкини катта хавф остида қолдириб фойдаланаётганини кўриб, сергак тортасан киши. Бу ҳақда тушунтирсангиз, узр сўрашга тушишади. Ахир унинг ҳаёти энг аввало ўзи учун керак-ку.

Яқинда Қарши шаҳар Араловул маҳалласи Хонобод кўчасидаги уйларда содир бўлган ёнғинга ҳам хонадон соҳибларидан бирининг бефарқлиги сабаб бўлган. Натижада уйлардан бирида бошланган аланга авж олиб, фуқаролар П.Назаров, О.Қурбонов, Ж.Ҳамраев ва А.Норбоевнинг яшаш хонадони ва ундаги жиҳозларни кулга айлантирган. Ҳозирги вақтда ҳолат юзасидан белгиланган тартибда ўрганиш, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ёки яна бир мисол, 30 май куни Қарши шаҳар “Табассум-2” маҳалласи 44-уйнинг биринчи қаватида жойлашган, “Шоҳруҳ” автотранспорт” масъулияти чекланган жамиятига қарашли музқаймоқхонада ёнғин юз берган. Оқибатда савдо объектининг ички қисми, ундаги стол-стуллар ва бошқа жиҳозлар ёниб кетган. Воқеадан ўз вақтида хабар топилгани ва ёнғин хавфсизлиги хизматига хабар қилингани натижасида фақат ушбу объектгина зарарланган. Акс ҳолда, талафот янада катта бўлиши мумкин эди.

Сўнгги йилларда транспорт воситаларининг кўпайиши кишиларимиз оғирини ҳар жиҳатдан  енгил қилмоқда. Бироқ техника ҳам маълум даражадаги эътиборни, хавфсизлик қоидаларига тўлиқ амал қилишни талаб этади. Афсуски, айрим ҳайдовчиларимизнинг бефарқлиги, автомобилни ўз вақтида техник кўрикдан ўтказмаслиги натижасида бу борада ҳам ёнғинлар сони кўпаймоқда.

Масалан,  Деҳқонобод тумани Ғирот қишлоқ фуқаролар йиғини Яшик қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Д.Сатторов ўзи бошқараётган “ВАЗ-2106” русумли автомашинанинг техник носозлигига эътибор қаратмаган, электр кабеллари яроқсиз ҳолга келиб қолган бўлса-да, ундан фойдаланишда давом этаверган. Натижада жорий йилнинг 27 май куни туман ҳудудидаги йўллардан бирида ҳаракатланиб бораётган вақтида автомобилда ёнғин содир бўлган.

Хуллас, бу каби мисолларни кўплаб давом эттириш мумкин. Эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган ҳар бир ҳолатда инсонлар ҳаёти хавф остида қолишини, ҳатто айрим фуқароларнинг орзу-умидлари саробга айланаётганлигини ҳис этиш керак. Шу боис, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига ўз вақтида риоя этайлик, токи афсус ва надоматга ўрин қолмасин.

Мирзоҳид ОСТОНОВ, вилоят ИИБ ЁХБ бошлиғининг ўринбосари, майор

Report typo