Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

08.06.2017


КИМДИР САЙРАШИГА, ТАДБИРКОР ЭСА ФОЙДАСИГА ИШҚИБОЗ

 

Қарши туманилик Баҳром Сатторовнинг оила аъзоларида ҳам юқорида биз таърифини қилган сифатлар мужассам. Хонадон соҳиблари томорқадан қандай фойдаланиш кераклигини амалда кўрсатиб қўйган, десак тўғри бўлади. Ҳовлида  мўъжаз иссиқхона барпо қилинган. Бу ерда йилда икки марта маҳсулот етиштирилади. Чорвачилик ва қуёнчилик ҳам асосий   машғулотга айланган. Ҳақиқат шуки, қандай пул топишни билган одамга ўргатиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Ундай киши қайси ишга маблағ тикса, даромад кўришини яхши билади. Бироз аввал бу оиланинг ўзлари учун янги тармоқ – беданачиликни йўлга қўйгани ҳам шунчаки ҳавасга эмас.

- Ҳозирги кунда 900 та бедана боқаяпмиз, - дейди оила бошлиғи. – Ушбу парранданинг тўрт хил зотини парвариш қилаяпмиз. Уларнинг ҳар бири ўзига хос. Масалан, “япон” зотли беданалар анча сермаҳсул бўлиб, йилига ўртача 300-320 дона тухум беради. “Техас” зотлиси эса гўштдорлиги билан ажаралиб туради. Фаолиятимиз давомида шу нарсага амин бўлдимки, бедана боқиш у қадар қийин иш эмас, ташвиши камроқ. Парваришга катта жой ва кўп харажат ҳам   талаб этилмайди. Асосийси, бедана касалликларга анча чидамли. Фақат қуш боқилаётган хона озодалигини сақласангиз, озуқа рационининг тўғрилигига амал қилсангиз бўлгани.

Ишбилармон фойда ҳақида гапирар экан, камтарлик қилгиси келмади. Баҳром Сатторовнинг сўзларига кўра, паррандани боқишга кетган харажат бир неча ҳисса даромад билан ўзини оқлайди. Айни пайтда 900 та бедана ҳар куни ўртача 600 дона тухум бераяпти экан. Маҳсулот ҳудуддаги савдо дўконларига, ошхоналарга етказиб берилаяпти.

Бугун беданачиликнинг сердаромад соҳа бўлишини таъминлаётган жиҳат ички бозорда бедана   парҳез гўшти ҳамда тухумининг харидоргир экани, десак адашмаймиз.  Бундан шу туманлик Равшан Эгамов ҳам яхшигина хабардор. Уч йилдирки хонадонида бедана боқиш ва кўпайтириш билан доимий шуғулланиб келаётгани фикримизнинг тасдиғи бўла олади.

- Қизиқиш асосида бошлаган ишимиз асосий даромад манбаимизга айланишига унча ишонмагандик, - дейди тадбиркор. – Шу тармоқни ташкил этганимиздан ҳеч ҳам афсусланмаймиз. Ҳозирги вақтга келиб биз парваришлаётган беданалар сони 700 тага етди. Ҳар куни кам деганда 500-550 дона тухум оламиз. Харидор қидириб юрмаймиз. Ўзлари келиб олиб кетишади. Талабни ҳисобга олиб, беданани кўпайтиришга қарор қилдик. Фарзандларим билан унинг жўжасини очиришни ташкил этдик. Шундай қилиб, аҳолига парранда сотишни ҳам бошлаб юборганмиз.

Излаган имкон топади, дейди халқимиз. Ҳафсала қилган киши ҳар қандай юмушнинг уддасидан чиқиши аниқ. Буни беданачиликни йўлга қўйиб, шу соҳа ортидан ўз оиласининг фаровонлигини таъминлаётган, қўшимча даромад манбаларига эга бўлган ҳамда бозорларимизнинг тўкин-сочинлигига ҳисса қўшаётган юртдошларимиз мисолида яна бир бор кўрдик.

Японияда бедана тухуми аҳоли ўртасида энг кўп истеъмол қилинадиган маҳсулот саналади. Бедана тухуми инсон танасидан радиактив элементларни самарали чиқариб ташлаш хусусиятига эга бўлгани бунга сабабдир. 1945 йилда Хиросима ва Нагасакида юз берган фожиадан бери японлар рационига киритилган 12 та асосий озуқа рўйхатида бедана тухуми ҳам мустаҳкам ўрин эгаллаган. Ҳар бир япониялик болакай кунда икки бора бедана тухумини давлат ҳисобидан олишга ҳаққи бор.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Report typo