Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

30.10.2017


КИМЁГАРНИНГ СИРИ НИМАДА?

Маҳаллада  қарийб 7000 нафарга яқин киши истиқомат қилади ва уни яхлит бир оилага қиёслаш мумкин. Рус, осетин, қирғиз, қорақалпоқ, араб, тожик, туркман миллатига мансуб кишилар 12 та кўп қаватли уйда баҳамжиҳат умр кечирмоқда.

- Ҳамжиҳатлик ортидан кўплаб ютуқларга эришаяпмиз, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулсум Хуррамова. - 2013 йилда вилоятда "Энг намунали маҳалла" деб топилдик. Кўрик-танловнинг республика босқичида рағбатлантирувчи ўринга сазовор бўлдик. "Маҳаллам тарихини ўрганаман" танловининг республика босқичида эса 1-ўринни қўлга киритдик. Яқинда вакилларимиз "Отам, онам ва мен - спортчи оила" танловининг вилоят босқичида 2-ўринни эгаллади.

Бу маҳаллада ҳафтанинг бир куни спорт, яна бир куни тадбиркорлар куни деб эълон қилинган. Ҳашарлардан ҳеч ким четда қолмайди. Маҳалла одамлари, у қайси миллат вакили бўлмасин, Ўзбекистонни ўз уйи, Ватани деб билади.

Маҳаллада ўндан зиёд хусусий тадбиркорлик корхонаси,  цех, савдо шохобчалари, новвойхона фаолият кўрсатмоқда. Бир нечта тикув цехлари, гиламдўзлик, кулолчилик, машина таъмирлаш устахоналарида асосан маҳалла ёшлари меҳнат қилаётир. Айниқса, Внера Якубова устозлигида ўқувчи қизлар томонидан мош, нўхат, тухум пўчоғидан тайёрланган турли кўринишдаги сувенирлар барчага манзур. Тадбиркор    Раъно Холиқова эса 8 та тикув машинаси олиб, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлади. Улар айни пайтда болалар, хотин-қизлар учун кийим-кечаклар тикишмоқда.

- Маҳалламиз қошида ташкил этилган "Зиё" марказининг иш фаолияти ҳам диққатга сазовор, - дейди Гулсум Хуррамова. - Бу ерда мактаб ўқувчиларига бепул қўшимча таълим берилади. Жорий йилда ушбу марказнинг 92 нафар ўқувчиси олий ўқув юрти талабалигига қабул қилинган бўлса, уларнинг 38 нафари грант асосида ўқимоқда.

Маҳаллада, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида кўплаб спорт мусобақалари, кўнгилочар тадбирлар, мушоиралар ташкил этилади. Ҳудудда замонавий спорт иншооти фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, хотин-қизлар учун фитнес клуби ишлаяпти.

Маълум бўлишича, Кимёгар  маҳалласида хонадон эгалари тўй маросимларининг қайси тўйхонада ўтиши, унга қанча одам таклиф этилиши, қудалар ўртасидаги олди-бердиларни йиғин фаоллари билан бамаслаҳат ҳал қиларкан. Бу ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаслик, тўйларнинг ихчам, файзли ўтишига хизмат қилмоқда.     

Яраштириш комиссиянинг маҳалладаги тотувликни, оилалардаги тинчлик ва тўкисликни таъминлаш мақсадида қилаётган саъй-ҳаракатлари беиз кетгани йўқ. Кимёгар маҳалласида нотинч оилалар, ноқобил ёшлар йўқ. Оилавий ажримлар ҳам.

Дарҳақиқат, инсон қаерда яшамасин, ўз ҳаётини яхшилаш пайида бўлади. Турмуш, яшаш шароитлари ҳар жиҳатдан тўкис бўлиши чораларини кўради. Натижа қандай бўлмоғи ҳам айнан инсоннинг ўзига, қилган меҳнатига боғлиқ. Буни тўғри англаганлар нафақат ўз хонадони ва ўз тақдирини тўғри йўлга бошлайди, балки истиқомат гўшасини ҳам обод этиш тўғрисида қайғуради. Кимёгарликларнинг ҳар бири ана шундай эзгу ниятлар билан яшаяпти, десак муболаға эмас. Улар шундай кунларга етказганига шукур қилиб, юртимизнинг янада гуллаб-яшнаши, ҳаётимиз бундан-да фаровон бўлишига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Буни улар истиқомат қилаётган маҳалланинг қисқа фурсатларда обод ва чиройли, саранжом-саришта гўшага айлангани исботлаб турибди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo