Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

22.05.2020


КИМКИ ИЛМ ИСТАБ ҚАДАМ ҚЎЙСА...

Мутолаа учун тавсия

Шарқнинг буюк алломаларидан бири, ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий (810-871)нинг "Ал-жомиъ ас-саҳиҳ" ("Ишончли тўплам"), "Ал-адаб ал-Муфрад" ("Адаб дурдоналари"), "Ал-тарих ал-кабир" ("Катта тарих") каби асарлари ҳар бир зиёли инсон томонидан ўқиб чиқилиши зарур бўлган китоблар жумласига киради. Имом ал-Бухорийнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий бўлган. Унинг аждодлари деҳқончилик билан шуғулланишган. У ёшлигида отасидан ажралиб, онаси ва акаси билан Ҳижоз, Бағдод, Макка, Мадина, Дамашқ ва бошқа шаҳарларга боради. Уламолар суҳбатида бўлиб, илм излайди, ўқиб-ўрганади.

Тарихий манбаларда ёзилишича, Имом ал-Бухорий хориждан қайтгач, ўз Ватани Бухорода кўплаб шогирдларига ҳадис илмидан сабоқ бериш билан машғул бўлган. Халқнинг ҳурматини қозонган. Айрим ҳасадгўй ва қора ниятли кишилар туфайли Бухоро амири Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳалий билан ал-Бухорийнинг муносабатлари бузилиб қолади. Бунга сабаб, амир олимдан ҳузурига келиб "Ал-жомиъ ас-саҳиҳ", "Ал-тарих ал-кабир" китобларини ўқиб беришни талаб қилади. Аммо Имом ал-Бухорий "Мен илмни хор қилиб, уни ҳокимлар эшиги олдига олиб бормайман, кимга илм керак бўлса, ўзи изласин. Лекин Аллоҳ охират куни илмни яширмай уни толибларга сарф қилгани учун мени кечиради", деган жавобни айтади. Амир Имом ал-Бухорийдан  Бухородан чиқиб кетишни талаб қилади. Шундан  кейин Имом ал-Бухорий Самарқандга келади ва бир мунча муддат Хартанг қишлоғида яшаб, вафот этади. Бир вақтлар Бухородек шаҳри азимга сиғмаган уламо мангу қўним топган жой бугунги кунда ҳукмдорлару фақирларнинг зиёратгоҳига айланган.

Имом ал-Бухорийнинг "Ал-жомиъ ас-саҳиҳ" асари "Саҳиҳ ал-Бухорий" номи билан машҳур. Бу асар ислом динида Қуръони каримдан кейин турадиган энг улуғ китоблардан бири ҳисобланади. Имом ал-Бухорий мингдан ошиқ олиму уламолардан эшитиб ёд олган олти юз мингга яқин ҳадисларни саҳиҳ (тўғри) ва ғайри саҳиҳ (нотўғри)ларга ажратиб, 7275 дан ортиқ саҳиҳ ҳадисларни бобларга ажратиб, китобга киритган. Бу ҳадисларнинг тўрт мингтаси такрорланмаган маънони англатади. Имом ал-Бухорийга қадар ҳеч ким ҳадисларни ажратиб, тартибга келтирмаган.

"Ал-жомиъ ас-саҳиҳ" тўрт жилддан иборат. Асарда жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга насиҳату ўгитлар зикр қилинган ва инсон ҳаётда қандай яшаши кераклиги тўғрисидаги йўл-йўриқлар кўрсатиб берилган. Ҳадисларда Аллоҳ инъом этган умрнинг қадрига етиш,    соғлиқни асраш, илму ҳунарли бўлиш, меҳр-оқибат, олий ҳимматлилик, ота-она ҳурмати, фарзандлар тарбияси, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, халқпарварлик каби инсоний фазилатлар ва шариат қоидалари ўз ифодасини топган. Бу китобни шунчаки ўқиб бўлмайди. Уни эътиборни жамлаган ҳолда қалб ва вужудни бахшида этиб ўқиш, уқмоқ керак.

Асардаги қуйидаги фикрларга эътибор беринг: "Кимки илм истаб қадам қўйса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилади", "Бошлиқ бўлмасингиздан аввал илмни чуқур ўрганинг!", "Уламолар илм ўргатишга, илм тарқатишга киришсинлар, билмаганларга ўргатсинлар, зеро илм сир тутилмас экан, ҳалокатга учрамайди!", "Аллоҳ таоло қайси бандасига яхшиликни раво кўрса, ўшанга бирор мусибатни юборгайдир", "Ҳеч кимса фақат тоат-ибодат қилгани билан жаннатга киравермайди", "Ас-Салом Аллоҳ таолонинг исмларидан биридир! Салом берсангиз, яхшилаб салом берингиз, алик олсангиз, яхшилаб алик олингиз!", "Одамларга шундай замон келадики, инсон ўз топган молу дунёсини ҳалол йўл бирлан топдими ёки ҳаром йўл бирлан топдими, иши бўлмай қўяди".

Юртимизнинг машҳур алломаларидан бири Абул Мўъийн ан-Насафий(1027-1114)нинг "Олим ва мутааллим" ("Олим ва илм ўрганувчи"), "Ал-Умди фи усулил-фикҳ"("Фикҳ усуллари таянчи"), "Баҳр ал-калом" каби асарлари диққатга сазовор. Аллома Насаф диёрида туғилган. Аждодлари ҳам илм аҳли вакилларидан бўлгани учун дастлабки таълим-тарбияни оиласида олган. Уламо Умар ибн Муҳаммад Насафий аллома ҳақида шундай деган экан:  "Шарқу Ғарбнинг олиму уламолари Абул Мўъийн Насафий илмининг денгизидан баҳра топиб, у таратган зиё нурларини кўзларига тўтиё қилиб суртганлар".

Абул Мўъийн ан-Насафий Абу Мансур Мотуридий (870-945) таълимоти ва ҳанафия мазҳабининг батафсил шарҳлари кенг ёйилишига катта ҳисса қўшган. Унинг ислом дини софлигини сақлаш йўлидаги хизматлари диққатга сазовор. Жумладан, ўша вақтда чиққан шиалар, мўътазилия, жаҳмия, карромия, ботилийя каби оқимларнинг носоғлом фикрларига, ислом динининг турли оқимларга бўлинишига қарши курашган, уларга ишончли ҳужжатлар билан кескин раддиялар берган. Шу сабабли айрим олимлар Абул Мўъийн ан-Насафийни "Ихтилофларга интиҳо қўйган аллома" сифатида эътироф этишади. Шу ўринда ҳозирги Қашқадарё - кўҳна Насаф вилоятида Насафий нисбаси билан кўплаб олиму донишлар етишиб чиққанини таъкидлаш жоиз.

Абул Мўъийн ан-Насафий ўз асарларида илм-ҳунар ўрганишнинг афзалликлари, бахтли бўлишни истаган инсон олиму фозиллар даврасида юришга ҳаракат қилиши зарурлиги, ислом таълимотидаги тўғри ва нотўғри йўналишлар ҳақида мулоҳазаларини, далилларни баён қилган. У ислом дини фалсафасининг калом илми бўйича етук олим ҳисобланган. "Баҳр ал-калом" асарида Пайғамбаримизнинг "Мендан кейин Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинглар", "Мендан кейин халифалик ўттиз йил, ундан кейин амирлик, подшоҳлик ва ҳоказолар бўлади" деган ҳадислари адашган фирқаларга раддия сифатида келтирилгани эътиборли.

Абул Мўъийн ан-Насафийнинг кўплаб китоблари ҳозирги вақтда ўзбек тилига таржима қилинмагани ва дунёнинг турли кутубхоналарида сақланаётганини ҳам эътироф этиш керак. Бу китоблар тушунарли ва содда тилда таржима қилинса, муқаррар равишда халқимизнинг кўнгил мулкига айланади.

Аллома мангу қўним топган жой - Қарши тумани Қовчин қишлоғидаги мақбара зиёратгоҳга айлантирилган.

Шу ўринда Пайғамбаримиз айтган ҳадисларга эътибор беринг: "Фаришталар толиби илмнинг розилиги учун қанотларини пояндоз қилиб тўшайдилар", "Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир".

Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: "Аввало олим бўл. Олим бўлмасанг, илм олувчи бўл, ёки олимни севувчи, ёки ҳурмат қилувчи бўл, ёки уларга эргашгувчи бўл, аммо бешинчиси бўлмагин, акс ҳолда ҳалок бўлурсан".

Жаҳоншумул аҳамиятга молик асарлар яратган буюк алломалардан бири Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий (824-892)дир. Унинг "Ал-жомиъ" ("Жаъмловчи"), "Ат-тарих" ("Тарих"), "Аш шамоил ан-набавийа" ("Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари"), "Ал-илал фи-л-ҳадийс" ("Ҳадислардаги оғишмалар") каби асарлари машҳур. Аллома Термиз, Самарқанд, Макка, Мадина ва бошқа кўплаб шаҳарларни кезиб илм ўрганган ҳамда ўз асарлари билан ҳадис илми ривожига муносиб ҳисса қўшган. Имом ал-Бухорий сафдоши ва шогирди имом ат-Термизийга "Мен сендан кўрган фойда сен мендан кўрган фойдадан кўпроқ" деб унинг билими ва ақл-идрокига юксак баҳо берган.

Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийнинг "Ал-жомиъ" асари "Ал жомиъ ал-кабир" ("Катта тўплам"), "Сунан ат-Термизий" ("Термизий суннатлари") номлари билан ҳам юритилади. Бу китоб аллома асарлари орасида алоҳида ўрин тутади. Ўзбек тилига таржима қилинган. Унда ҳадислар саҳиҳ, ҳасан ва заиф ҳадисларга бўлинган. Имом ат-Термизий бу асари ҳақида "Ушбу китобни тасниф қилганимдан кейин, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида бу китобдан бўлса, ўша хонадонда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) гапираётгандек бўлур" деган эканлар.

Алломанинг "Сунан ат-Термизий" асарида панд-насиҳат ва ахлоқ-одоб, гўзал хулқ ва бошқа кўплаб инсоний фазилатлар хусусида ҳам жуда кўп ҳадиси шарифлар келтирилган. Асарда асосан фикҳ илми, яъни ислом ҳуқуқшунослигига оид масалалар ўрин олган. Ҳазрати Имоми Аъзам асос солган Ҳанафий мазҳабига доир қарашлар, фатволар ва изоҳлар ўз ифодасини топган.

Буюк алломалардан бири Шайхул Ислом Абу Исмоил ал-Ансорий "Сунан ат-Термизий" асари ҳақида қуйидагича фикр билдирган: "Менинг учун унинг (Термизийнинг) китоби Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки Бухорий ва Муслимдан фақат теран илмли мутахассис олимларгина истифода этади. Термизийдан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин". Ҳақиқатан ҳам имом ат-Термизий ҳазратларининг "Термизий суннатлари"ни ўқиш ва тушуниш анча осон. Мазкур асар ҳар бир ўқиган ва уққан инсоннинг маънавий-ахлоқий жиҳатдан камолотга эришишида муносиб ўрин тутади.

Шундай экан, Имом ал-Бухорий, Абул Мўъийн ан-Насафий ва Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий каби буюк алломаларимизнинг барча асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, уларни ўқиш ва ўрганишни янада кенгроқ ташкил қилиш зарур. Ана шунда бу асарлар барчамизнинг кўнгил мулкимизга айланади, ҳаммамиз учун манфаатли бўлади.

Абдишукур ОМОНОВ

Report typo