Умар Хайёмни рубоийлари орқали бутун дунё танийди. Аммо у буюк астроном, математик, тарихчи-этнограф сифатида ҳам жаҳон маданияти тарихида муҳим ўрин эгаллайди. Мутафаккирнинг "Наврўзнома" асари узоқ тарихимиздан, Наврўз байрамининг келиб чиқиши, аждодларимизнинг шунга боғлиқ урф-одатларидан ҳикоя қилади.
"Наврўзнома" салжуқий ҳукмдор Маликшоҳ ва унинг вазири, "Сиёсатнома" деган асари билан маълуму машҳур Низомулмулк вафотидан кейин яратилади. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Жумладан, Маликшоҳ ва Низомулмулк Умар Хайём ва бир қанча олимларни расадхона қуриш ва у ерда астрономия фанини ривожлантиришга таклиф этадилар. Шоҳ ва вазир расадхона қурилиши учун жуда катта маблағ ажратадилар, олимларнинг таъминотини яхшилайдилар. Аммо расадхона икки давлат арбобининг ўлимидан сўнг битмай қолади. Тадқиқотчилар фикрича, Умар Хайём Маликшоҳ ворисларини шу расадхонани битириш ишига даъват қилиш мақсадида "Наврўзнома"ни ёзган ҳамда бурунги ўтган подшоларнинг олимларга қилган ҳомийликларини атайлаб ишора тарзида айтган.
Муҳими, Умар Хайём расадхона қурилиши баҳонасида қуёш тақвимини ишлаб чиқади. Бу тақвим ҳозирда қўлланиб келинаётган Григорий календаридан ҳам мукаммалроқ, деб баҳоланади.
Хайём "Наврўзнома"да қуёш тақвимининг тарихини баён қилади. Шу тақвим бўйича Эрон подшоҳларининг Наврўз кунини қандай белгилаганликлари ва байрамни қай тарзда ўтказганликларини тарихий далиллар билан баён қилади.
Асарда Наврўз байрами билан боғлиқ жуда кўп одатлар, предметлар, афсоналар учрайди. Ҳозирги кунда нишонланаётган Наврўз байрами билан Умар Хайём тасвир қилаётган даврдаги Наврўз орасида катта фарқ борлигини кўрамиз. Жумладан, бугунги кунда қиличбозлик, тирандозлик, чавандозлик каби одатлар деярли йўқ, бироқ бу борадаги турфа лавҳалар ҳеч кимни беэътибор қолдирмайди.
"Наврўзнома"да баён этилишича, Кайхусрав замонасидан то Ажамнинг охирги подшоси Яздижард асригача Ажам подшоҳларининг одати бундай эди: Наврўз куни подшоҳ оиласидан бўлмаган биринчи одам - мубадлар мубади (зардуштийлар динидаги бош коҳин) подшоҳ олдига май тўла олтин жом, узук, дирҳам, ва подшоҳ динори, бир қучоқ арпа ниҳоли, қилич, ўқ-ёй, давот ва қалам билан келиб форс тилида офаринлар айтиб, табриклар ва унга шукроналар билдирарди. Мубадлар мубади подшоҳни васф этиб бўлгандан сўнг олий мартабали амалдорлар келиб, хизматга тайёр эканликларини изҳор этишар эди.
Бинобарин, китобда Наврўз куни подшоҳ ҳузурига келтирилган нарсаларнинг хосияти ва ҳикмати ҳақида сўз борадики, қизиқарли ривоят ва далиллар, кўп ўринларда эса тиббий билимларга ҳам дуч келамиз.
Офтоб Ҳамалдан чиққан пайтида ва Зуҳал ҳам, Муштарий ҳам бошқа юлдузлар билан Изид таоло ҳукми бўйича турганларида жаҳоннинг ҳолати ўзгарди ва дунё ҳамда тақдирга мос равишда янги нарсалар пайдо бўлди. Ажам подшоҳлари шу пайтда Офтобни улуғлаш учун, шунингдек, ҳар ким бу кунни топа олмаслигини ҳисобга олиб, уни белгилаб қўйдилар, байрам жорий этдилар ва ҳамма бу санага риоя қилсин деган мақсадда барчага маълум қилдилар.
* * *
Дейдиларки, Каюмарс йил ҳисобининг бошланиши сифатида бу кунни жорий этганда, уч юз олтмиш беш кун ичида офтобнинг бир айланиб чиқиши рўй берадиган қуёш йилини ҳар бири ўттиз кундан иборат ўн икки ойга бўлди ва уларни буюк ва муборак Изид дунёга юборган ўн икки фаришта номи билан атади. Сўнгра, у уч юз олтмиш беш куну кеча-кундузнинг чорагидан иборат улуғ даврни "улуғ йил" деб атади ва уни тўрт бўлакка бўлди. Катта йилнинг тўрт бўлаги ўтганда катта Наврўз бўлади ва дунёнинг ҳолати янгиланади. Подшоҳларнинг бир одати бор: йил бошида улар яхшиликка фатво бериш ва саналарни белгилаш ҳамда маишат учун маълум маросимлар ўтказишлари зарур. Кимки Наврўз куни байрам қилиб қувонса, кейинги Наврўзгача хуррам бўлади ва фароғатда яшайди.
* * *
Жамшид (афсоналарга кўра, Наврўзни байрам сифатида жорий этган ҳукмдор - таҳририят) ўз подшоҳлигининг бошланишида жуда одил ва марҳаматли эди, фуқаро уни севар ва ундан мамнун эди, Изид таоло эса унга саховат ва онг берди, у одамларни олтин, қимматбаҳо тошлар, дебо, атир ва чорва билан маъмур этди. Подшоҳлигига тўрт юз йилдан кўпроқ вақт ўтгач, дев билан ошно бўлди, дев эса унинг дилида дунёга ҳирс уйғотди, ишқилиб ҳеч ким дунёга меҳр қўймасин! - мағрурланиб кетди ва адолатсизлик ҳамда шуҳратга берилиб, бойлик тўплай бошлади, одамлар азоб чека бошладилар ва кеча-кундуз Изиддан унинг ҳукмронлигига чек қўйишни илтижо қилдилар. Худонинг марҳамати ундан йироқлашди ва унинг ҳамма ишлари хатоликка кетди.
* * *
Ажам подшоҳларининг бошқа одатлари ҳам бор эди: агар кимда-ким бир нарса таклиф қилса, қўшиқ айтса ёки уларга маъқул бўладиган пурмаъно сўзлар айтса, улар "Офарин!" - дейишарди ва "Офарин" де-йишлари билан ўша одамга хазинадан минг дирҳам берилар эди. Улар яхши суханнинг қадрини билишарди.
* * *
Ҳар қандай жароҳат олтин ёрдамида тезроқ даволанади, аммо битиб кетмайди, шунинг учун олиймақом мансабдорларнинг хотинлари, қизлари ва ўғилларининг қулоқ солинчакларини олтин игна билан тешганлар, ҳақиқатан у битиб кетмайди. Олтин кўзадан ичимлик ичиш истисқодан сақлайди ва юракни қувонтиради, шунинг учун табиблар хурсанд қиладиган нарсалар қаторида олтин, кумуш, дур, уд, мушк, ипакни эслатадилар. Юракнинг ғам ёки безовталикдан азият чекишини олтин ва кумуш билан, қон босимини - қаҳрабо ва қуритилган мевалар билан, қон қуюлишини дур ва ипак билан даволаса бўлади.
* * *
Айтишларича, Искандар Румий дунёни айланиб чиққанига қадар жаҳонни забт этишини башорат этувчи турли тушлар кўрган экан. Улардан бирига кўра жумла жаҳон узук бўлиб бармоғига тақилган эмиш. Аммо бу узукнинг тоши йўқ эди. Бу ҳақда Аристотелдан сўраганида у айтдики, сен жаҳонни оласан, лекин ундан етарли даражада фойдалана олмайсан, чунки узук - мамлакатдир, тоши эса унинг султонидир.
* * *
Эшитишимча, кунлардан бир кун Хусравнинг отаси Ҳурмуз арпа экилган дала олдидан ўтиб бораётган экан. Арпазор суғорилаётган бўлиб, тошиб кетган сув йўл устига оқиб чиққан эди. Фарвардин эди. Арпа дони шарофатли, пояси эса қутлуғ деб, у ичиш учун бир кўзага сув тўлдириб олишни буюрди. Арпазордан сизиб чиққан сув чарчоқни камайтиради ва қорин оғриғини тузатади, уни ичган одам кейинги йил арпа пишгунга қадар касалликлардан ҳамда чанқоқ азобидан ҳоли бўлади.
* * *
Айтишларича, Одам алайҳиссалом буғдой еб қўйган ва шунинг учун уни беҳиштдан ҳайдаганлар. Изид таоло унга буғдойни овқат деб белгилади, аммо у, буғдойдан қанча емасин, тўймас эди. Шунинг учун у Изид таолодан илтижолар қилди ва у арпа юборди, ундан нон қилиб егач тўйди. Шундан кейин у агар яшил ва янги арпани кўрса яхшиликка йўярди. Шу сабабли Ажам подшоҳлари ҳар йили Наврўзда фойдали ва қутлуғ бўлгани учун арпадан баҳраманд бўлишни истар эдилар.
* * *
Агар ақл билан қарасак, жаҳон ишлари қўрқинч ва умидга боғлиқлиги маълум бўлади, қўрқинч ва умид эса қиличга боғлиқ, чунки бир одам маъдан ёрдамида ўз умидини рўёбга чиқаришга интилади, бошқаси эса темирдан қочади ва бу қўрқинч унга посбон вазифасини ўтайди.
* * *
Агар олтин беркитмоқчи бўлган одам олтинни мис ёки шиша идишга солиб кўмиб қўйса ва агар шу олтинни истаб топмоқчи бўлса, уни топа олмайди; у кимдир олиб кетган деб ўйлайди, аммо аслида уни ҳеч ким ўғирламаган, у пастроқ тушиб кетган бўлади, чунки олтин жуда оғир ва то сувга етмагунча ер тагига чуқур тушиб кетаверади.
* * *
Шижоатли одам жанг бошланишида жасорат ва ҳужумкорликда арслонга, жанг ўртасида сабри, салобати ва қуввати билан филга, жанг охирида эса ғазаби, азоб-уқубатга сабри ва қаҳри билан аждаҳога ўхшаши, зарур дейдилар.
* * *
Айтадиларки, кунлардан бир кун Нўшинравон Бобак Ориздан сўради: "Жанговар одамлардан қайси бири машҳурроқ?" У жавоб берди: "Ўқ ва ёй соҳиблари". Нўшинравон ҳайрон бўлди ва ўша одамлар қандай бўлишлари зарурлигини сўраб, бу фикр маъносини тушунтириб беришни талаб қилди. Бобак Ориз жавоб берди: "Улар шундай бўлишлари керакки, бутун баданлари - юрак, юракнинг ҳаммаси - қўл, қўллари - ёй ва бутун ёйлари - ўқ, ўқларининг ҳаммаси эса душман юрагига қадалади". Нўшинравон сўради: "Бунинг маъносини қандай тушуниш керак?" У жавоб берди: "Буни шундай тушуниш керакки, уларнинг юраклари худди қўллари каби кучли ва бақувват, пайлари худди ёй каби равон ва мустаҳкам, ўқлари худди керишдай тўғри ва мувофиқ бўлиши зарур, агар шундай бўлса, улар ўқларининг жойини душман юрагида кўрадилар".
* * *
Аждодларнинг ривоятларидан ўқиганимга қараганда, бир вақтлар бир амир форс ҳукмронига тиғ билан элчи юборди ва унга айтдики: "Бу тиғни ҳукмронга олиб бориб олдига қўй, лекин ҳеч нарса дема". Элчи борди ва шундай қилди. У ҳеч нарса демай тиғни қўйганда ҳукмрон вазирга жавоб беришни буюрди, вазир бўлса, қаламдон қопқоғини очди-да, у томонга битта қалам отиб деди: "Мана жавоб". Элчи ақлли одам эди, унга қандай жавоб берганларини тушунди: "қаламнинг мамлакатдаги ҳаққонийлик ва тартибсизликларга таъсири жуда кучли. қалам соҳиби бўлган вакилларни қадрлаш зарур".
* * *
Афросиёб айтганки: "Эрга от андоғким, кўкка ой". Улуғлар отни қадрлаш керак, чунки уни камситган одам душман қўлида камситилади, деганлар.
* * *
Агар гўзал юз яхши хулқ билан уйғунлашса, бахт-саодатнинг энг юқори даражаси бўлади.
НАСРИДДИН тайёрлади.