Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нуриддин ЭГАМОВ

22.02.2018


КИМСАЛАР ВА НАРСАЛАР

“Икки юз ёшли одам” фильмидаги бу хитоб мени ўйга толдиради. Фильм қаҳрамони робот Эндрю Мартин инсон сифатида тан олиниш учун қанча машаққат чекади, бу йўлда ҳатто мангу яшаш имкониятидан воз кечади. Алалоқибат, инсон сифатида эътироф этилгани ҳақидаги суд хабарини жони узилар маҳалигина эшитишга муяссар бўлади.

Ва бахтиёр ҳолда ҳаётдан кўз юмади...

Мен эса... Негадир баъзи жойларда ўзимни кимсалар эмас, нарсалар орасида туртиниб юргандек ҳис қилавераман...

КИТОБНИ ОДАМЛАР ЎҚИШАЯПТИ

ТВдаги суҳбатда таниқли актёрлардан бири шундай фикр билдирди:

“Яқинда бир танишим мендан сўради:

– Театрга одамлар тушаяптими ўзи?

Мен жавоб бердим:

– Театрга ОДАМлар тушаяпти...”

Менимча, “Одамлар китоб ўқимай қўйишдими?”, деган саволга ҳам худди шу сингари жавоб айтиш мумкин...

ОЧИЛМАЙДИГАН ЭШИКЛАР

– Ўғлим, эрталабдан бери кутиб ўтирибман, бу идора қачон очилади ўзи?

Нуфузли идора ёнидан ўтиб кетаётиб, кекса кишининг бу саволидан даставвал ажабланиб қолдим.

– Тоғажон, вақт пешин бўлаяпти-ку. Идора аллақачон очилган.

– Бўлмаса нега эшигини очишмаяпти?

– Эшиги... эшиги бу ерда эмас, ҳув бинонинг ёнбош томонида...

– Унда бу ҳашаматли эшикларни нега қуришган?

Рости, бу ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Мужмалгина жавоб бердим:

– Билмадим, тоғажон. Билганим шуки, бу эшиклар қурилганидан бери очилмаган...

ОРТТИРИБДИ

“Тўғри таёқ” бир танишим нуфузли, баъзилар наздидаги “ёғлиққина” жойда ишлайди. Аммо йигирма йилдан бери шаҳарда тўрт боласи билан кўчини ортмоқлаб, ижарама-ижара яшайди.

Ўзаро гурунгларимизда “Қишлоқдан келиб, шунча йил шаҳарда ишлаб, орттирганим шу – бир хотину тўрт болам”, дейди қувноқлик билан...

Яқинда уни кўчада учратиб қолиб, ҳазиломуз сўрадим:

– Ишлар қалай бўлаяпти?  Яна бирон нарса орттирдингми?

– Орттирдим.

– Уй олдингми? Машинами?

– Ишхонада лақаб орттирдим.

– Ие... Хўш, қандай лақаб экан?

– “Антиквар”...

АЙБДОР

Бир ҳамкасбим нолиб қолди:

– Фалончи билан тортишиб қолдим. Дуппа-дуруст одам десам, ғирт аҳмоқ экан.

– Унда тортишувга ўзингиз айбдор экансиз, – дедим унга.

– Нега энди? Мен унга ёмон гапирганим йўқ. Ўзи бошлади...

– Гёте айтган экан: “Икки киши тортишиб қолса, ақллироғи айбдор бўлади”.

Ҳамкасбим ўйланиб турди-да, деди:

– Ундай бўлса, айбдорман, айбдорман...

“ТАНДИР”

Машҳур қизиқчининг бир латифаси бор: “Гўшт ейиш бўйича иккинчи ўринда бўри турар экан. Биринчи ўринда – қашқадарёликлар...”

Машҳур хонандаларимиздан бири эса қўшиғида Қашқадарё йигитларини алқай туриб, гўё бошқа ишни боплаш қўлларидан келмагандай  “Тандир”, “жиз”ни боплайдилар”, дея хониш этади.

Шу қизиқчию шу хонандани Қарши шаҳридаги “тандир” гўшти сотиладиган расталар ёнига бир олиб келишим керак экан-да.

Қоғоз қутиларга икки, уч, беш... килолаб тандир олаётган танишларимни “кимга олаяпсиз?” дея саволга тутиб кўрдим. Жавобларни эшитгингиз келаяптими? Марҳамат:

“Қариндошимиз тўй қилаяпти...”

“Ўғлимнинг домулласига. “Қашқадарёданман”, деган экан, имтиҳондан йиқитиб ўтирибди...”

“Бошлиқларга ҳисобот топширишим керак. Қаршидан қуруқ келдингизми, деб сўраб қолишади-да...”

“Отам касалхонада. Дўхтирларга...”

Қизиқчи “ўрин белгилаш”да нимани ўйлаганини билмадиму, бир нарсани аниқ биламан.

Ўша иштаҳани қитиқлайдиган ҳиддан тамшанганича, “Қашқадарёдан совға” деган ёзувли “коробка” кўтариб, “стоянка” томонга йўл олган танишларимнинг болалари... умрларида бирон марта ҳам “тандир” гўшт татиб кўришмаган...

“КОСМОПАЛИД”

– Бу одам амалидан айрилиб қолишдан шу даражада қўрқардики (аслида соясидан ҳам чўчирди), “хурмача қилиқ”ларини эшитсангиз, ёқа ушлайсиз.

Бир пайтлар саксондан ошган отаси билан “Нимага мачитга қатнайсиз, бу туришда менга гап тегдириб қўясиз”, деб жанжал қилган экан.

Маҳалладошлари идорасига ариза билан борган экан, “мен “таниш-билишчилик”ни билмайман”, деб қабул қилмабди.

Собиқ синфдошлари “гаштак”ка айтишган экан, “ҳар кимларнинг “чой”ини ичавермайман”, дебди.

Яхши бир ходимни идорасига ишга тавсия қилишган экан, “жуда малакали ходим экану, битта “но”си бор экан, асли бизнинг туманда туғилган экан, одамлар “ўзиникини тортаяпти”, деб гап қилишади”, деб қайтарибди.

– Бўлмаса, бу одам “космополит” экан-да?!

– Йўқ. “Космопалид”…

“КАМЕРА”

Йўналишли таксини йўл-патруль хизмати ходими тўхтатди. Ҳайдовчи ҳужжатларини олиб машинадан тушди. Бир оздан сўнг яна жойига ўтириб, машинани юргазди.

– “Камера” бор-да, тепасида, – деди машина ойнасидан назоратчига ишора қилиб. – Илгари шундай пайтларда одамни гаранг қилиб ташларди...

– Нима бор дединг, ўғлим? – деб сўради ёнидаги йўловчи отахон.

– “Камера”, буважон, анави симёғочга видеокамера ўрнатилган. Катталари кўриб туради. Бўлмаса...

Отахон елка қисиб деди:

– “Камера”ю, “катта”сидан қўрққунича, худодан қўрқса бўлмайдими? Ахир у ҳамма жойда ҳаммасини кўриб турибди-ку...

Нуриддин ЭГАМОВ

Report typo