Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Фирдавсий ЖАББОРОВ

18.07.2017


КИРИМ ҚИЛИНМАГАН НАҚД ПУЛЛАР

Маълумки, асосий тўлов воситаси ҳисобланган пулдан бугунги кунда нақд ва нақдсиз кўринишда фойдаланамиз. Унинг ёрдамида асосан савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатишга оид тўловларни амалга оширамиз. Демак, пулнинг катта қисми айнан шу соҳаларда айланади. Аҳамиятлиси, мамлакатимизда иқтисодиётнинг мазкур тармоғи тўлиқ хусусий секторга қарайди. Яъниким, фаолиятнинг бу турлари билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари шуғулланиб келмоқда. Ҳукуматимиз томонидан соҳа вакилларига кенг имтиёз ва имкониятлар тақдим этилган. Ҳуқуқ ва манфаатлари давлат ҳимоясида. Бизнесга халал берувчи тўсиқлар олиб ташланаяпти. Асоссиз аралашувларга йўл қўйилмайди. Албатта, юксак эътибор ва рағбатга муносиб жавоб ҳам бўлиши керак. Тадбиркордан талаб қилинадигани фақат битта - фаолиятининг қонунга мослигини таъминлаш.

Айтайлик, ишбилармоннинг бизнеси савдога алоқадорми, демак у бу борада ўрнатилган тартиб-қоида, маълум меъёрларга бўйсунишга мажбур. Мисол учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги “Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида қатъий белгилаб қўйилган: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида савдони амалга оширишда ва товарларни сотишда, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишда аҳоли билан пулли ҳисоб-китоблар барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини мажбурий тартибда қўллаган ҳолда амалга оширилади. Бундан эса нақд пул тушумини тартибга солиш, унинг фақат банклар орқали айланишини йўлга қўйиш кўзланган. Агар барча бу қоидага тўлиқ амал қилса, турган гапки, нақд пул тақчиллиги, ойлик маош, нафақа ва стипендиялар берилишининг ўз вақтидан кечикиши асло кузатилмайди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги “Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган. Ушбу ҳужжат чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасида нақдсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада такомиллаштириш, нақд пул маблағлари тўлиқ ҳисобга олиниши ва банк айланмасига жалб этилишини, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Тегишли қарорга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 мартидан бошлаб чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар аҳолидан тўловлар пластик карточкалар ёрдамида қабул қилинишини таъминлайдиган, ўрнатиш мажбурий бўлган ҳисоб-китоб терминалларини жорий этмаган тақдирда ўз фаолиятларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмасликлари белгилаб қўйилди.

Агар чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари сотилаётган товарлар нархини ҳамда кўрсатилаётган хизматлар ҳақини нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлаш шаклига қараб уларни сунъий равишда оширган ёки пасайтирган тақдирда уларга нисбатан энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима солиниши назарда тутилган.

Шунингдек, давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларини нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, назорат-касса машиналарини, ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш, шунингдек ўрнатилган тартибда талон ва чеклар бериш, нақд пул тушумини ўз вақтида ва тўла ҳажмда инкассация қилиш масалалари юзасидан ўтказиладиган текширувлар, белгиланган тартибга мувофиқ, назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг махсус рухсатномасини талаб этадиган солиқ текшируви ҳисобланмаслиги қайд этиб ўтилди.

Афсуски, тарғибот-ташвиқот, тушунтириш, огоҳлантириш ишлари олиб борилишига қарамасдан вилоятимизда фаолият юритувчи айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан аксар ҳолларда савдо қоидаларига риоя қилинмаётгани бор гап. Қарор ижроси юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари ҳам шундан далолат бермоқда.

Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатида ҳудуддаги 571 та шохобчада айни мақсадда текширишлар олиб борилди. Уларнинг деярли барчасида савдо қоидаларига риоя қилинмаётгани ҳолатлари аниқланди. Ўрганишлардан шу нарса маълум бўлдики, мазкур шохобчаларда сотувчилар томонидан жами 160 миллион сўм миқдоридаги харидларни қабул қилишда назорат-касса машинасидан умуман фойдаланилмаган. 30 та ҳолатда эса савдо ва хизмат кўрсатишдан тушган 7,8 миллион сўм миқдоридаги нақд пул маблағлари банк кассаларига топширилмаган. Шунингдек, бир ҳолатда тадбиркор маҳсулотларни сифат сертификатисиз сотаётганлиги аён бўлди.

Тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилиш учун аниқ мисолларга мурожаат этайлик. Мисол учун, Чироқчи туманида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор Н.Х.га қарашли савдо шохобчасида фуқаролар мурожаати асосида назорат тадбири ўтказилди. Текшириш давомида сотувчи томонидан харидорга сотиб олинган 4 минг сўм қийматидаги товар учун харид чеки берилмагани ойдинлашди. Қолаверса, шохобча масъул ходими савдодан тушган 42 минг сўм нақд пулни назорат-касса машинасига кирим қилмаган.

Ана шундай ҳуқуқбузарлик Яккабоғ туманида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор Н.Ж.га қарашли савдо дўконида ҳам қайд этилди. Бу ерда сотувчи 40 минг сўмлик харидни амалга оширган мижозга харид чеки тақдим этишни “унутди”. Бу ҳам етмаганидек, савдодан тушган 429 минг сўм миқдоридаги нақд пуллар кирим қилинмасдан турарди.

Савдо-сотиқ Шаҳрисабз туманилик якка тартибдаги тадбиркор Э.К.нинг асосий фаолият тури бўлгани ҳолда, у ҳам қонуний мажбуриятларини адо этмай келаётгани аниқ бир ҳолат мисолида ўз исботини топди. Ишбилармонга тегишли шохобчада харидорга 22 минг сўмлик сотиб олинган маҳсулот учун харид чеки берилмаганлиги фуқаролар мурожаати тўла асосга эга эканини кўрсатди. Шунингдек, тадбиркор томонидан кунлик савдодан тушган қарийб 600 минг сўм нақд пул назорат-касса машинаси хотирасига кирим қилинмагани унга нисбатан жиддий чора кўрилишига сабаб бўлди.

Шунингдек, Косон, Қамаши ва Миришкор туманларида фаолият кўрсатаётган шохобчаларда ҳам текширишлар ўтказалиб, қонунга зид кўплаб ҳолатлар аниқланди. Жумладан, косонлик тадбиркор А.Х. савдодан тушган 125 минг сўм, қамашилик тадбиркор Х.Ш. 150 минг сўм, миришкорлик ишбилармон Н.К. 1 миллион 200 минг сўм миқдоридаги нақд пулларни тегишли тартибда кирим қилмаган. Ўрганиш давомида уларга қарашли шохобчаларда мижозларга харид чеки тақдим этилмагани маълум бўлди. 

Ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг жавоби бор. Бу гал ҳам шундай бўлди. Назорат тадбири мобайнида 411 та хўжалик юритувчи субъектга савдо қоидаларини қўпол равишда бузгани учун жами 1 миллиард 872,2 миллион сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилган. Айни вақтга қадар 434,5 миллион сўмлик жарималар ундириб олинди. Қоидабузарликни содир этган шахслар ҳам Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан маъмурий жаримага тортилди. 2 нафар шахсга чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар суд органларига тақдим этилди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, пулли ҳисоб-китоб билан шуғулланувчи тадбиркор мижозга харид чекини бериш орқали ўз фаолиятининг қонунийлигини таъминлайди. Зеро, сотилган товар ёки кўрсатилган хизмат учун тўланган нақд пулни кирим қилмаслик очиқ қоидабузарлик ҳисобланиб, оқибатда уларнинг банклар орқали айланиши чекланади. Бу эса кимнингдир ойлик маоши, нафақаси ёки стипендиясининг берилиши ўз вақтидан кечикишига олиб келади. Натижада бундан кўпчилик жабр кўради. 

Фирдавсий ЖАББОРОВ,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати бош мутахассиси

Report typo