Манзилимиз маҳалла гузаридан унча узоқ эмас экан. Бироз юргач, баланд девор билан ўралган каттагина ҳовли қаршисида тўхтадик. Дарвозани тақиллатишимиз билан ичкаридан икки ёки учинчи синфларда ўқийдиган болакай югуриб келиб, зулфни туширди. Маҳалла раиси ундан бобосини сўраб, уйда деган жавобни олгач, мени ичкарига бошлади.
Боқи Бўриев бўйи пастроқдан келган, семизлигидан тўм-тўмалоқ кўринадиган киши экан. Маҳалла раиси бор гапни айтгач, у мен билан яна бошқатдан қучоқлашиб кўришди. Афтидан у ҳақда очерк ёзмоқчи эканлигим жуда хурсанд қилиб юборган эди.
- Раҳмат, ука, раҳмат. Қани меҳмонхонага марҳамат, забт иш қилибсизда бизни йўқлаб…
Боқи Бўриевнинг меҳонхонасига киришимиз билан бу ердаги китобларнинг кўплигидан кўзим қамашиб кетди. Меҳмонхонанинг ҳар иккала ёнбошидан хона бўйлаб ўрнатилган ганжкор жавонлар яп-янги, кўзни яшнатадиган даражадаги ранго-ранг китоблар билан тўла эди. Аввалига бунча китобни кўриб, ҳайратимни яширолмай қолдим. Гоҳ у китобни, гоҳ бунисини қўлга олиб варақлар эканман, Боқи Бўриев ёнимга югуриб келиб, унинг бир четидан ушлаб турарди.
Яна бир эътиборимни тортган жиҳат эса аксарият китобларнинг нашриётдан қандай чиққан бўлса, шу ҳолича яп-янги сақлангани бўлди. Уларни кимдир қўлига олган, ҳижжалаб ўқиб чиққанга ўхшамасди. Бунча китобни бирма-бир қараб чиқишим учун фурсат етмаслигини билгач, улардан кўзимни узиб, раисга саволлар беришни бошладим.
- Мен, ука, ёшлигимдан китобнинг ихлосмандиман. Қайси шаҳарга борсам, биринчи ишимни китоб "магазин"ларини айланишдан бошлайман. Ўзимга ёққан китоб бўлса, албатта, нархи мени қизиқтирмайди, сотиб оламан, - деди у дастлабки саволимга жавоб бериб.
- АҚШ энциклопедиясининг 15 та томини йиққанингизга қараганда, Америка ҳаётига ҳам қизиқишингиз баланд кўринади. Аммо, инглиз тилидаги нашрини сотиб олибсиз, бу тилдан ҳам хабардормисиз дейман?
- Йўқ, ука, - беўхшов кулди мезбон. - Тополмадингиз, мен инглиз тилини билмайман. Аммо меҳмонхонага жавонни ясаттирганимизда, унинг ана шу бўлинмаси анча катта бўлиб кетган экан. Аввалига, уч-тўрт марта қалин-қалин китобларни олиб келиб қўйдим, тўлмай қолаверади денг. Икки-уч хилидан қўяй десам, ранг "подмос" тушмайди... Хуллас, бошим қотиб юрган кезларда, Тошкентга бориб қолдим. Одатдагидек биринчи бўлиб китоб "магазин"ларини айланишга тушдим. Қарасам, битта "магазин"да бир хил китобнинг бир нечта томлиги турган экан. Ранги ҳам кўзни қамаштиради. Китобларнинг қалинлигига ҳам гап йўқ. Шартта қаричим билан чамалаб кўрдим, ўн бештаси жавонимнинг шу токчасини лиқ тўлдирар экан. Қиммат бўлса-да, сотиб олдим. Аммо қурмағурнинг инглизча эканлигига қарамаган эканман.
У хириллагандек овоз билан кулди.
Мезбоннинг қанчалик китобсеварлигини дарров фаҳмладим. Аммо яна ўзимни қизиқтирган бир-иккита саволларга жавоб олмасдан туриб кетолмас эдим.
- Ака, ҳазрат Навоий асарларининг барча томларини фақат сизнинг уйингизда кўрдим. Бунинг учун тасанно. Лекин уларнинг қаторига анави европалик детективнинг иккита фантастик асарини ҳам қўшиб қўйганингиз сал "подмос" тушмагано-ов-в.
Мақтовимдан Боқи Бўриевнинг юзлари янада шишиб, кўзлари юмилиб кетди. Табассумдан икки чаккаси таранг тортилиб, камтарона кўринишда жавоннинг мен кўрсатган томонига ўгрилди:
- Навоий бобомизнинг китобларини олмаган одамни мен китобсевар, деб айта олмайман, ёзувчи ука, - ўзига хос сермулоҳазалик билан гап бошлади у. - Ахир у киши ҳақида телевизорда ҳар куни гапиради, эшитамиз. Шундай одамнинг китобларини тўплаганимдан фахрланаман. Бу кишининг китобларига ҳам гап йўқ. Қаранг, жавонни қанчалик яшнатиб турибди.
Шу ерга келганда унинг юзидаги бояги хурсандчилик аломатлари бироз чекиниб, изтироб белгилари пайдо бўлди.
- Аммо бобомиз китобларининг ҳеч шулардан ортиғини топа олмаяпман-да. Қайси "магазин"га борсанг шуларни кўрсатишади. Бошқалари ҳам бор, лекин ранги тушмайди. Ҳар қанча қилсам ҳам жавоннинг бу бўлмасига иккита китоб кетадиган жой очилиб қолаверади. Ҳайронман, ё жавонни кичиклаштириш керак, ё Навоий бобомизнинг худди шу "размер"даги яна иккита китобини топиш керак. Хуллас, бир тўхтамга кела олганим йўқ. Шу боис, ҳозирча мана бу иккита китобни шу қаторга қўйиб турибман. Ранги ўхшайди-ю, сал "размер"и каттароқ экан. Аммо бизникига яна бир келасиз, ёзувчи ука. Бу келувингизгача хатони, албатта, тузатамиз.
Асабларим қақшаб, бу ердан тезроқ чиқиб кетишни ўйлай бошлаган бўлсам-да, китоблар тақдирига бўлган қизиқишим устун келди чоғи, кейинги саволни ҳам ўртага ташладим.
- Невараларнинг китобга қизиқиши қандай? Улар ҳам бу хонага кириб туришадими?
- Ҳа энди, албатта-да, - кулди раис. - Лекин катта неварам худди ўзим. Қонида борда китобга қизиқиш. Кеча музқаймоқ олиб ерсан деб пул берсам, уйга китоб кўтариб келибди. Чиройли экан, сотиб олдим дейди. Аммо диди чакки эмас боланинг. Мана ўша китоб.
Боқи Бўриев қўярда-қўймай бошлаб бориб, невараси келтирган китобни жавондан олиб кўрсатди. Қарасам, француз тилида чоп этилган қандайдир модалар ҳақидаги журнал экан.
ЖАҲОНГИР