қандай йўналишларни қамраб олади?
Саноат салоҳияти
Вилоятимиздаги иккита ҳудуд - Китоб ва Деҳқонобод туманлари қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади.
Мамлакатимиз Президентининг шу йил 9 июндаги "Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, Китоб туманининг саноат соҳасидаги ихтисослашуви цемент ишлаб чиқариш ва табиий тош (мармар)ни қайта ишлаш, Деҳқонобод туманиники эса қурилиш тоши ва шағални қайта ишлаш асосида қурилиш материалларини ишлаб чиқаришдан иборат бўлади.
Ҳужжатда қайд этилишича, республика бўйича 24 та шаҳар ва туманни қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш таклифи Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки, "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан илгари сурилган. Айни пайтда уларнинг ихтисослаштирилган туманларда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида "кичик саноат зоналари"ни ташкил этиш борасидаги таклифи ҳам давлатимиз раҳбари томонидан маъқулланган.
Шунингдек, фармонда 2021 йилда ихтисослаштирилган туманларда саноат инфратузилмасини ривожлантириш учун 400 миллиард сўм, геология-қидирув ишларини олиб бориш учун эса 100 миллиард сўм ажратиш, саноат инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ишларнинг манзилли рўйхатини тасдиқлаш ва уларнинг молиялаштирилишини таъминлаш, 2021 йил 1 октябрга қадар ким ошди савдолари натижаларига кўра 500 та норуда фойдали қазилмалар конларини инвесторларга фойдаланишга бериш каби кўплаб муҳим вазифалар қўйилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика, заргарлик буюмлари, қоғоз саноати, қурилиш материаллари, мебель, уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқариш ва бошқа маҳаллий саноат тармоқларини жадал ривожлантиришга кўмаклашувчи яхлит тизимни яратиш, шунингдек, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга қаратилган бошқа бир қатор чора-тадбирлар ҳам жамланган.
Эслатиш жоизки, маҳаллий саноат ва, хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш масаласи жорий йил 30 апрель куни мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинганди.
- Маҳаллий саноатни ривожлантириш ҳокимларнинг қўлидаги масала, - деди шунда давлат раҳбари. - Ақл билан, пухта иш тутса, бунинг замирида жуда кўп ишчи жойи, тадбиркорларнинг манфаатдорлиги, одамларнинг розилиги бор.
Йиғилишда бу борадаги ишларни "ички талабни ўрганиш - импортни таҳлил қилиш - ресурс базасини аниқлаш - янги лойиҳалар ишлаб чиқиш" занжири асосида ташкил этиш зарурлиги таъкидланиб, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига маҳаллий саноатнинг ҳар бир йўналиши бўйича ҳудудлар кесимида алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилганди. Қурилиш материаллари тармоғида бўлганидек, бошқа саноат маҳсулотлари бўйича ҳам ихтисослашган туманларни белгилаб олиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги айтилганди.
Темур НИЗОМОВ тайёрлади.