Ушбу лойиҳага асосан ҳудудда 2023 йилнинг 1 сентябрига қадар сиғими 16,8 миллион куб метр, қурилиш қиймати эквивалентда 32 миллион 277 минг 800 АҚШ долларига тенг йирик сув иншооти барпо қилинади. Бундан ҳудуддаги ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилаш, сел-тошқин сувларининг салбий таъсирини юмшатиш, шунингдек, мева-сабзавотчилик ва чорвачиликни ривожлантириш мақсади кўзланган.
Маълумки, Китоб туманининг катта қисмини Зарафшон ва Ҳисор тизмаларига туташ тоғолди ҳудудлар ташкил этади. Жойлашувига монанд, ҳудудда куз, қиш, айниқса баҳор ойларида кўп ёғингарчилик кузатилади.
- Қурилиши кўзда тутилаётган сув омборига Китобнинг Зарафшон тизмаларига туташиб кетган қир-адирларига тушган ёғингарчиликлардан ҳосил бўлган сел-тошқинлар келиб қуйилади, - дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Асқар Ражабов. - Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, ҳудудда қарийб 5 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари сув таъминотини яхшилаш, деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик фаолиятини кенгайтириш имконияти туғилади.
Маълумотларга кўра, ушбу тоғ ёнбағирларида ёғингарчиликлардан ҳосил бўлган сел-тошқин сувлари ҳозирда Кенгсой табиий ўзани орқали Аёқчи дарёсига бориб қўшилади. Ўзан эса бир неча аҳоли пунктларини оралаб ёки яқинидан ўтган.
- Деярли ҳар ёғингарчилик мавсумида, айниқса жорий йилги баҳор ойларидаги каби кузатилган кучли жала ва ёмғирлардан тўйинган сел-тошқин сувлари Аёқчи, Жилисув, Макрид, Қашқадарё, Файзобод каби маҳаллаларда яшовчи аҳолининг айрим мулкларига, қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий хавф соларди, - дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Жаббор Раҳмонов. - Ҳудудда сел сув омборини қуриш лойиҳасининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши эса келгусида сел-тошқин сувларининг атрофга салбий таъсирини юмшатишга, унинг турли объектлар, экинзорларга зарар етказишининг олдини олишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли.
Мутахассисларнинг баён қилишича, денгиз сатҳидан 1500 метр атрофидаги баландлик нуқтасида қурилиши мўлжалланаётган Аёқчи сел сув омбори нафақат Китоб қишлоқ хўжалиги ерларини кафолатли сув билан таъминлаш, балки эҳтиёж ортган паллаларда қўшни туманлардаги муайян экинзорларга ҳам бу ердан "оби-ҳаёт" бошқариш имконини беради.
Ўз мухбиримиз