Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Наргиза БОЗОРОВА

03.11.2022


КИТОБГА ОШНО ИНСОНДАН ЁМОНЛИК ЧИҚМАЙДИ

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида жорий йилнинг 27 октябрь – 4 ноябрь кунлари мактаб ўқувчилари ўртасида “Ёш китобхон” танлови ўтказилмоқда.

Танловда мактабларнинг 9-11-синф ўқувчилари қатнашиб, уларнинг билимлари туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан тақдим этилган адабиётлар рўйхати асосида тест ва савол-жавоб тарзида баҳолаб борилаётир.

Танлов низомига кўра, мактабларда ташкил этилган ҳакамлар ҳайъати иштирокчилар орасидан тест ва савол-жавоб асосида ғолибларни аниқлайди. Ҳар бир мактабдан бир нафар ўқувчи ғолиб сифатида эълон қилинади. Ғолибларга 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг махсус совғаси ҳамда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимининг дипломлари тантанали равишда топширилади.

Мазкур танлов Қарши туманидаги 25-мактабда ҳам қизғин руҳда ўтди. Ўғил-қизлар китоблардан олинган билимларини намойиш этишди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича ташаббусларидан келиб чиққан ҳолда умумтаълим муассасамизда мунтазам равишда “Энг яхши китобхон” танлови ўтказиб борилади.

Бунда жаҳон ва ўзбек адабиётининг сара намуналари, тарихий китоблар бўйича билимларини намойиш этган ўғил-қизлар муносиб рағбатлантирилади. Шунингдек, саховатпеша инсонлар ҳам бу ишларга бош-қош. Жумладан, ўтган йили китобхонлик танловида 1-ўрин соҳибига ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 500 минг сўм, 2-ўринни қўлга киритган ўқувчига 300 минг ҳамда 3-ўрин соҳибига 200 минг сўм пул мукофоти, китоблар тақдим этилганди. Жорий ойда ўтиши белгиланган танловда 1-ўринни эгаллаган ўқувчига 800 минг, 2-ўринга 400 минг ҳамда 3-ўринга 300 минг сўм пул мукофоти, бадиий китоблар берилиши кўзда тутилган. Мақсад – билимга, китобга ошно ёшларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлашдан иборат. Сабаби, китобга ошно инсондан ёмонлик чиқмайди.

Наргиза БОЗОРОВА,

Қарши туманидаги 25-мактаб ўқитувчиси

Report typo