Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида “Китобхон уй бекаси” танлови вилоят босқичи ўтказилди.
Китобхонликни кенг ёйиш ва тарғиб этиш, аҳоли, хусусан, ёшларда китобга бўлган қизиқишни ошириш, уларнинг маънавий иммунитетини янада юксалтириш, уй бекалари бўш вақтини мазмунли ва самарали ўтказиш, маънавий-маърифий, ахлоқий-руҳий, ватанпарварлик ва меҳнатсеварлик туйғуларини ривожлантириш мақсадида йўлга қўйилган ушбу танлов 2 босқичда бўлиб ўтди.
Даставвал уй бекалари ўқиши керак бўлган асарлар рўйхати эълон қилинди. Жумладан, китобхонлар бир ойдан ошиқ вақт давомида Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Абдулла Авлоний қаламига мансуб “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ”, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” ҳамда Нобель мукофоти лауреати Рабиндранат Тагорнинг оила муқаддаслиги ва аёл иродаси акс этган “Ҳалокат” романларини мутолаа қилишди.
Туман ва шаҳар босқичларида тест синовларида энг юқори балл тўплаган иштирокчилар танловнинг вилоят босқичи йўлланмасини қўлга киритишди. Вилоят босқичи “Бадиий асар билимдони” ҳамда “Тезкор савол-жавоб” шартлари асосида бўлиб ўтди.
- Иштирокчилар оила ташвишлари, рўзғор юмушларидан ортиб китоб ўқишга вақт топаётгани қувонарли, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зиёда Аминова. – Эндиликда бу каби танловлар мунтазам ўтказиб борилади. Қамровни кенгайтириб, фаол ва зукко китобхонларни рағбатлантиришни ният қилганмиз.
Якуний натижаларга кўра, Миришкор туманидаги Миробод маҳалласида истиқомат қилаётган Хадича Қораева 1-ўринни эгаллади. Кўкдала туманидаги Бахт маҳалласилик Наврўзой Элмуродова 2- ва Нишон туманидаги Нурчи маҳалласида яшовчи Шаҳло Жалолова 3-ўринни эгаллашди.
Қайд этиш лозим, асли бухоролик ва айни пайтда Нишонда истиқомат қилаётган Шаҳло Жалолова Президент соврини учун анъанавий равишда ўтказиладиган “Ёш китобхон” танлови Республика босқичи иштирокчиси саналади. Шунинг ўзиёқ “Китобхон уй бекаси” танлови кучли рақобат муҳитида ўтганини кўрсатади.
Ғолиб ва фаол иштирокчилар тантанали равишда тақдирланди.
Б.САЙФИЕВ