Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

31.05.2024


Китоблик Хўжановлар оиласи – “Маърифатли оила” танлови ғолиби

Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан “Маърифатли оила” танлови эълон қилинган эди. Ҳудудлардан сараланган 16 оила вакиллари бугун Қарши шаҳридаги Маънавият масканида ғолиблик учун ўзаро беллашишди.

Мамлакатимизда китобхонлик муҳитини янада яхшилаб, оилавий китобхонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш мақсадида ташкил этилган танловда иштирокчилар “Бадиий асар билимдони” ва “Тезкор савол-жавоб” шартлари асосида билим ва иқтидорларини намойиш этишди.

Айтиш ўринли, оилавий китобхонларга тавсия этилган китоблар орасида “Алпомиш” достони, “Бобурнома” каби мумтоз асарлар билан бирга, Фитратнинг “Оила”, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Бахтиёр оила” асарлари, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Асқад Мухторнинг “Чинор”, Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романлари, жаҳон адабиётидан эса Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун”, Бальзакнинг “Горио ота”, Достоевскийнинг “Камбағаллар” асарлари бор. Иштирокчилар билими шу асарлар асосида баҳолаб борилди.

Умумий натижаларга кўра, Китоб туманидаги Обод маҳалласида истиқомат қилаётган Хўжановлар оиласи 1-ўринни эгаллаб, қимматбаҳо совға телевизор соҳиби бўлишди.

Касби тумани Тинчлик маҳалласида яшовчи Раҳмоновлар оиласи 2-ўринни, асли жиззахлик, айни пайтда Шаҳрисабз туманида ҳарбий хизматчи сифатида фаолият кўрсатаётган Сардор Пайзиев оиласи 3-ўринни қўлга киритишди. Уларга планшет ва смартфон топширилди. Шунингдек, бошқа иштирокчилар ҳам китоблар ва ташаккурнома билан тақдирланди.

Эътиборлиси, тақдирлаш маросимида таниқли ижодкорлар – Нурали Қобул, Ғайрат Мажид, Бобур Бобомурод, Фароғат Худойқулова иштирок этгани ҳам китобхонларга янада юқори кайфият бағишлади.

- Ушбу танлов “Қашқадарё тажрибаси” сифатида йўлга қўйилган, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Комила Карамова. – Эндиликда буни республика миқёсида оммалаштиришни мақсад қилганмиз. Дейлик, йил бошида танлов, ўқиладиган асарлар рўйхати эълон қилинади. Маҳалла, сектор, туман, вилоят ва республика босқичи ғолиблари аниқланиб, муносиб тақдирланади.

Б.САЙФИЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo