18-23 апрель кунлари Ўзбекистон бўйлаб “Китобсевар миллат” шиори остида II Республика китобхонлик ҳафталиги ўтказилмоқда.
Бугун Сайидо Насафий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида бу кенг миқёсли китоб байрамининг тантанали очилиш маросими ташкил этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан китобхонлик ҳафталиги ўтказишдан кўзланган мақсад аҳоли, шу жумладан ёш авлоднинг билим олиши, халқимизнинг бой маънавий меросини тиклаш, жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, ўзбек адабиётининг етук намуналарини хорижий тилларга ҳамда жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича эришилган натижаларни таҳлил этиш ва бу жабҳада истиқболдаги вазифаларни белгилаб олиш, китобхонлик маданиятини, оилавий китобхонлик анъаналарини тарғиб қилиш ва ёш авлодни миллий адабиётга, она Ватанга юксак муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшишдан иборатдир.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Маданият вазирликлари, Республика маънавият-маърифат маркази ҳамда бошқа идора ва муассасалар билан ҳамкорликда ўтказилаётган бу ҳафталик доирасида китоб савдо ярмаркалари, совринли викториналар, интеллектуал беллашувлар, янги китобларининг тақдимотлари, ўнлаб таниқли ва ёш ва истеъдодли адиб ва шоирлар билан учрашувлар ташкил этилиши назарда тутилган.
Хусусан, яқин кунлар ичида вилоятимизда Соҳибқирон Амир Темурнинг 686 йиллиги муносабати билан “Маънавий қудратимиз тимсоли” мавзусидаги адабий-бадиий кеча, халқимизнинг севимли шоир ва ёзувчилари ҳаёти ва ижодига бағишланган маданий-маърифий ва шеърият кечалари, “Ёш китобхон”, “Ҳуқуқ билимдонлари” ва китобсеварлар клубларининг аъзолари иштирокидаги давра суҳбатлари, “Энг фаол китобхон ўқувчи” танлови, ўзбек ва жаҳон адабиётининг асарлари юзасидан “Заковат” интеллектуал ўйини, “Эртаклар яхшиликка етаклар” деб номланган вилоят кўғирчоқ театри намойиши ҳамда яна кўплаб тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Китобхонлик ҳафталиги якунлари бўйича энг фаол иштирокчиларни тақдирлаш мўлжалланмоқда.
Ўз мухбиримиз
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар