Бирни кўриб фикр қил...
Колибри. Қушлар орасида энг миттиси саналган, катталиги атиги бир-неча сантиметр келадиган бу жониворнинг оёқлари жуда нозик бўлгани учун у деярли қўнмайди ва табиийки, ерда юролмайди. Аммо жуда кучли қанотлари сабаб юксакларга парвоз қилиб чарчамаскан. Ҳайратланарлиси, колибри жуссасининг асосий қисмини юракчаси ташкил этиб, у юраги энг тез урадиган қуш ҳам саналади.
... Гарчи ногиронлик аравачасида ўтирган бўлса-да, кўзлари чақнаб, орзулари осмон қадар баланд бўлган Ойдин Ваҳобова ҳақида билган инсон беихтиёр колибри қушини ёдга олиши шубҳасиз.
Кўнгли шу қадар тоза ва кенг бўлган бу қизга Ойдин исми бежизга қўйилмаганига амин бўласан киши. Кўзлари меҳрга тўла Ойдинойни болалиги Шаҳрисабзда ўтган, аммо айни пайтда у Қарши шаҳрида истиқомат қилмоқда.
- 12 ёшлигимда дарахтдан йиқилиб тушдим, - дейди Ойдин кўзлари ёшланиб. - Ўша жойнинг ўзида иккала оёғим ишламай қолди. Умуртқам шикастланган экан. Шу пайтда "Эртага шифокорга бораман ва 2-3 кунда тузалиб кетаман", деб ўйлагандим. Худди шу илинч билан 17 йилдан буён 10 марта жарроҳлик столида ўлим билан юзма-юз келдим. Ҳар гал шу операциядан кейин тузалиб, юриб, югуриб кетаман, дейман. Шифокорларга худди нажот фаришталаридек термуламан.
Бир ҳақиқат: ҳаёт сабрини олмаган, аммо оғриқлар, дардлар эзган бу фариштаюз қиз ҳар доим кулиб яшайди.
- Тўхтаб қолишни, борига кўнишни истамаслик ҳисси менда кучли. Орқамга қараб афсус қилмайман, - дейди у мамнун қиёфада.
Айтиш керакки, унинг қўлларидан тутгувчи, суягувчи яқинлари, меҳрибонлари бисёр.
Бир неча йиллар илгари бир тадбирда Ойдиннинг укаси Ҳумоюн дард билан курашаётган опасини опичлаб юрганлигини кўриб, ҳақиқий жигаргўшалик меҳрининг суратини кўрган эдик гўё. Опаси оёқлари ўрнини босаётган бу йигитга тасаннолар айтгимиз келган эди. Опаси йиқилиб тушганида атиги 2 ёшда бўлган болакай улғайиб, ҳам онаси, ҳам жисмоний имкониятлари чекланган опажонисининг чин маънодаги суянчиғи бўлди.
Асли касби ўқитувчи бўлган Ойдиннинг онажониси ҳам қизига ҳар томонлама йўлчи юлдуз бўлди. Гарчи фарзандининг иккала оёғи ишламаса-да, унга тушкунликка тушмасликни ўргатди. Нимага қизиқса, шуни бисёр қилди. Ҳунар ўрганишга ундади. Спорт билан шуғуллантирди.
- Онам менинг дунёйим, борлиғим, идеалим. У кишидан куч оламан. Мени ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмаган, одамлардан, кўчага чиқишдан ҳеч қачон чекламаган. Менинг ҳолатимдан уялмаган, ранжимаган, норози бўлмаган. Ҳеч бир танловимга қаршилик қилмаган. Мен Онажонимни дунёдаги энг кучли, сабрли, ақлли она деб биламан, - дейди Ойдиной.
Дарвоқе, Ойдин онажонисининг саъй-ҳаракатлари билан мактабни тамомлаганидан сўнг Тошкентда имконияти чекланганлар коллежида тикувчилик йўналишида таҳсил олди.
- Қалби кемтик, аммо ҳаётга ҳам, илмга ҳам чанқоқ инсонлар даврасида кўп бўлганман, - дейди у. - Бундан ташқари Қарши шаҳрида ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича ҳам таълим олдим. Курсдошларим менга жуда ҳам меҳрибон эди. Турмуш ўртоғим билан ҳам ўша ерда танишиб қолганмиз. Орадан 4-5 йил ўтганидан сўнг совчи қўйдилар. Соғлом, забардаст, намунали оила фарзанди бўлган умр йўлдошим менга Оллоҳ берган энг катта иноятлардан, деб биламан. Қайнона, қайнотам ҳам жуда тушунган инсонлар бўлганликлари учун бизга қаршилик қилишмади. Мен келин бўлиб уларнинг хизматларини қилмадим. Ўзимизни алоҳида уйга чиқаришди. Юролмаслигим мумкин, лекин ош-овқат, супур-сидир барчасини қиламан.
У ўтган йилда энг олий бахт - оналик бахтига ҳам муяссар бўлди. Мурсалина, яъни "хушхабар келтирувчи қиз" исми билан аталган қизалоқ Ойдиннинг ҳаётини янада чароғон қилди.
- Қизалоғим менга ҳаёт берган тенгсиз совға, инъом бўлди. Мен бугун унга қўшилиб югуролмасман, аммо яхши таълим-тарбия беришга ҳаракат қилаяпман, - дейди у мамнуният билан. - Мен яқинларимдан, яхшилардан ёрдам кўриб, уларнинг меҳри билан шу даражага етиб келдим. Фарзандим ҳам яхши инсон бўлишини ва ҳаммага яхшилик қилишини, келгусида шифокор бўлиб онаси каби ногиронлиги бўлганларни даволашини истайман.
Ойдин билан суҳбатлашар эканман, ундаги энг керакли бир хислат: фақат яхшилик ҳақида ўйлаш аслида кишини юксакка олиб чиқишини англагандек бўлдим.
17 йилдан буён оғриқлар билан яшаётган суҳбатдошимиз "Мен дардим билан урушмайман, у билан келишишга ҳаракат қиламан. Оғриқлардан мени тинч қўйишларини сўролмайман, бу имконсизлигини биламан. Мен фақат Яратгандан куч сўрайман, сабр сўрайман, шукр қиламан. Ва Аллоҳ менга сўраган вақтимда эмас, мен муҳтож бўлган вақтда инъомларини бериб келмоқда", дейди.
Дарвоқе, бугун 29 ёшни қаршилаган Ойдин тикувчилик, соч турмаклаш, "макияж", қандолатчилик, пишириқ пишириш ҳунарларини мукаммал ўрганиб, компьютер саводхонлиги ҳамда ҳуқуқ йўналишларида таҳсил олган. Айни пайтда фарзанд тарбиясидан ортиб, пишириқ цехи ташкил қилиш, 3-4 нафар ишсиз хотин-қизни ҳам иш билан таъминлаш арафасида.
Одатда имконияти чекланган, ўзгалар кўмагига муҳтож кишиларни кўрганимизда раҳм-шавқат ва ачиниш кўзи билан қараймиз, уларга ёрдам қўлини чўзишга интиламиз. Катта қалб соҳибаси бўлган Ойдин билан суҳбат давомида эса бу фикрларимиз нисбатан нотўғри эканлигини англадик ва яшаш сирини билган, ўзгаларга тиргак бўла оладиган, колибридек тинмай парвоз қилаётган кучли инсонга тасаннолар айтгимиз келди.
Нилуфар ДАВЛАТ қизи