Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдуқаюм МАҲКАМОВ

06.09.2018


КОЛЛЕЖ ДИРЕКТОРИ НЕГА ОҚЛАНДИ?

Ҳар бир инсон ҳаёти давомида оғир-енгил кунларни бошидан кечиради. Бошига мушкуллик тушганда ўз яқинлари қаторида жамоадошлари ҳам қараб туришмайди, баҳоли қудрат кўмак беришади. Бунинг учун қонунда кўзда тутилган воситалар ҳам қўл келади.

Кимнингдир мушкулини осон қилиш учун эзгулик ва савоб йўлида қилинган бу ишлар вақти-соати келиб тескари талқин қилинса, бунинг учун зиммангга залворли айб қўйилса, ҳақлигингни исботлаш учун нима қилиш керак? Бунинг учун қанча вақт курашиш керак?

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон нефть ва газ саноати коллежи директори лавозимида ишлаган Анвар Муродов қонун доирасида деб билган ва шахсий манфаатини эмас, балки қўл остидаги ишчи-хизматчиларнинг манфаатини кўзлаб қилган шу каби ишлари учун ноҳақ жавобгарликка тортилди, машаққат ва изтиробларга дучор қилинди.

Келинг, аввало, иш тафсилотларига эътибор қаратайлик.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2017 йил 21 августдаги ҳукмига асосан Анвар Муродов Жиноят кодекси 167-моддаси 2-қисмининг “г” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан айбланиб, мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан 1 йил муддатга маҳрум қилинган, унга 3 миллион 552 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

Суд ҳукмига кўра, А.Муродов мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, 2013 йил сентябрь ойидан 2015 йилнинг май ойига қадар қонунга зид равишда коллеж ўқитувчи ва ходимларига тўй қилиш, малака ошириш ва қурилиш қилиш учун жами 45 ҳолатда 27 миллион 661 минг 844 сўм моддий ёрдам пули тўлаб, шунингдек, 2014 йил декабрь ойидан 2015 март ойигача С.Холмуродовга 168 минг 860 сўм, М.Бойқобиловага 225 минг 878 сўм ортиқча иш ҳақи тўлаб, жами 28 миллион 56 минг 582 сўм маблағларни  растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда айбланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 1 августдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 165-сонли қарори билан “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг директор жамғармаси тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. Унинг 20-бандида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимларига моддий ёрдам уларнинг мурожаатига кўра ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси бўйича  фавқулодда ҳолатларда (яқин қариндоши вафот этганда, оғир жароҳат олганда, оғир касалликка чалинганда, табиий офатдан зарар кўрилганда ва ҳоказо) кўрсатилиши қайд этилган.

Дастлабки тергов органи тўй қилиш, малака ошириш ва қурилиш қилиш учун моддий ёрдам пули ажратилиши ҳолатларини мазкур Низом талабларига зид деб ҳисоблаган.

А.Муродов эса тергов органининг бу хулосасини инкор қилган. Ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш масаласини якка ўзи ҳал қилмаганлиги, ходимнинг аризаси касаба уюшмаси йиғилишида кўриб чиқилиб, қарор қабул қилингандан сўнг Низом талаблари асосида моддий ёрдам берилганини, Солиқ кодекси 178-моддаси 1-қисмининг 16-кичик бандига асосан моддий ёрдам пули мақсадли хусусиятга эга бўлган ва ходимлар билан юз берган шахсий тусдаги воқеалар, ҳодисалар ва тадбирлар билан боғлиқ бўлган ҳамда бажариладиган иш натижаларига боғлиқ бўлмаган тўловлар сифатида тўланганини, жамоа шартномасида ҳам бу ҳолатлар назарда тутилганини важ қилиб кўрсатган.

А.Муродов томонидан келтирилган бу важларга ойдинлик киритиш мақсадида, мазкур ишни апелляция инстанция суди мажлисида кўрган жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигидан Қумқўрғон нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежида ўтказилган текшириш далолатномасида кўрсатилган 27 миллион 661 минг 884 сўм моддий ёрдам пули Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси, Солиқ кодекси, жамоа шартномаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 1 августдаги 165-сонли қарори ва бошқа норматив ҳужжатлар асосида қонуний ёки ноқонуний берилганлиги юзасидан мутахассис хулосасини бериш сўралган. Бунга жавобан Қашқадарё вилояти молия бошқармаси томонидан берилган хатда масала вилоят давлат молиявий назорат бошқармаси ваколатига боғлиқ бўлмаганлиги сабабли тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилиб, хулоса олиш мумкинлиги тўғрисида жавоб берилган.

Фавқулодда ҳолатларда (яқин қариндоши вафот этганда, оғир жароҳат олганда, оғир касалликка чалинганда, табиий офатдан зарар кўрилганда ва ҳоказо) деб кўрсатилиб, ундаги     “... ва ҳоказо” деганда яна қандай ҳолатлар тушунилиши аниқ норма асосида қонуний асослаб берилмаган.

Апелляция инстанция суди мажлисига мутахассис сифатида жалб қилинган Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қашқадарё вилояти бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси вакили жамоа шартномаси локал ҳужжат бўлиб, унга ходимларни моддий рағбатлантириш ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича Меҳнат кодексига зид бўлмаган қоидалар киритилиши мумкинлигини, Низомда “ва ҳоказо” деб кўрсатилган ҳолатлар бўйича норматив ҳужжатларда қатъий рўйхат йўқлигини, бу масала ҳар бир жамоада махсус комиссия томонидан ўрганиб чиқилиб, коллегиал ҳал қилинишини, лекин ажратиладиган пул маблағи сметадан чиқиб кетмаслиги кераклигини билдирди.

А.Муродов апелляция суд мажлисида айнан шу ҳолатлар бўйича фуқароларнинг саволларига “Norma.uz” сайтида ва “Солиқ ва божхона хабарлари” газетасининг 2014 йил 47-сонида берилган “ва ҳоказо” деган ҳолатга шу соҳа мутахассислари томонидан берилган расмий жавобларини тақдим қилди.  

“Norma.uz” сайтида “фавқулодда ҳолатлар - тарафларнинг хоҳиш-иродаси ва ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган, табиат ҳодисалари (зилзила, кўчкилар, бўрон, қурғоқчилик ва бошқалар), бошқа табиий офатлар ёки ижтимоий-иқтисодий вазиятлар (уруш ҳолати, қамал ҳолати, давлат манфаатларини кўзлаб импортни ҳамда экспортни тақиқлаш ва бошқалар) келтириб чиқарган муайян шароитлардаги фавқулодда, олдини олиб бўлмайдиган ва кутилмаган ҳолатлар бўлиб, қабул қилинган мажбуриятлар шулар туфайли бажарила олмайди”, деб жавоб берилган бўлса, “Солиқ ва божхона хабарлари” газетасининг 2014 йил 47-сонида мутахассислар  Лидия Степанова ҳамда Дилшод Султоновлар “ва ҳоказо”га тўйлар ҳам кириши ҳақида тушунтириш беришган.

Бундан ташқари, иш бўйича А.Муродовнинг мансаб сохтакорлиги жинояти исботланмаган, унинг ғаразгўйлик ёки бошқа манфаатларни кўзлаб айнан қайси расмий ҳужжатга сохта маълумот ёки ёзувлар киритганлиги кўрсатилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасига мувофиқ, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судининг апелляция инстанцияси А.Муродовга нисбатан жиноят ишини синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқди. Судланган А.Муродовнинг важларини текшириш мақсадида кўплаб гувоҳ ва мутахассисларнинг фикри сўралди. Суд тергови натижаси бўйича коллеж директори А.Муродовнинг ўзганинг мулкини на ўзлаштириш, на растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш мақсади бўлмаган, унинг ҳаракатларида эса жиноят таркиби мавжуд эмас, деган тўхтамга келди.

Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман судининг 2015 йил 16 октябрдаги Анвар Муродовни эгаллаб турган лавозимидан четлаштириш ҳақидаги ажрими бекор қилинди. Унга етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқлари борлиги тушунтирилди.

Бир сўз билан айтганда, одил суд ҳақиқатни юзага чиқарди. Ноҳақ айбланган, ҳатто маълум муддат қамоққа олинган ва ишдан бўшатилган инсонни суд реабилитация қилиш йўли билан оқлади. Бу каби адолатли суд қарорларининг қабул қилиниши жамиятимизда мутлақо янги суд тизими шаклланаётганидан, соҳада олиб борилаётган туб ислоҳотлар амалий самара бераётганидан, Президентимиз илгари сурган ғоялар амалда рўёбга чиқаётганидан дарак беради.

Абдуқаюм МАҲКАМОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси

 

 

 

 

 

 

 

Report typo