Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

29.09.2022


Компартия съездига делегатлар сайланди

Хитой Коммунистик партиясининг октябрь ойида бўлиб ўтадиган XX Бутунхитой съездида иштирок этувчи барча делегатлар сайланди, дея хабар беради мамлакат Марказий телевидениеси.

Съезд 16 октябрда Пекинда очилади, унинг якуни бўйича Сиёсий бюро Доимий қўмитаси таркибига кирадиган ва Хитойнинг яқин беш йилдаги сиёсий келажагини белгилаб берадиган шахслар номлари эълон қилинади.

 Хабарда айтилишича, бўлажак съездда иштирок этиш учун бутун мамлакат бўйлаб 2296 нафар делегат сайланган. Улар "юксак ғоявий-сиёсий сифатлар"га эга ва "Коммунистик партиянинг кўзга кўринган аъзолари" эканлиги таъкидланади. 

Аввалроқ партия Марказий қўмитасининг Сиёсий бюроси XX Бутунхитой съезди ҳаракатлар режаси ва асосий сиёсий йўриқномани ишлаб чиқиш, аҳолининг умумий фаровонлигига кўмаклашиш, партия қурилишини янги буюк дастур сифатида илгари суриш, инсоният тақдири умумий бўлган ҳамжамиятни шакллантиришга ёрдам бериш, ҳар томонлама модернизация қилинган социалистик давлат қуришга интилиш ва мамлакат халқининг буюк тикланиш жараёнларини рағбатлантиришга эътиборни жалб қилиши билан фавқулодда муҳим бўлишини қайд этганди.

Хитой Коммунистик партияси аниқ иерархия (қуйи мансабдорларнинг юқори амалдорларга босқичма-босқич бўйсуниши)га асосланган кўп босқичли тузилмага эга. Ҳар беш йилда бир марта чақириладиган Бутунхитой съезди ва унда сайланган Марказий қўмита партиянинг олий бошқарув органи ҳисобланади.

Report typo